Жаҳон | 13:06 / 04.07.2018
6147
2 дақиқада ўқилади

Малайзиянинг собиқ бош вазири гаров эвазига озодликка чиқарилди

Фото: Lai Seng Sin/Reuters

Кеча, 3 июль куни ҳибсга олинган ва Куала-Лумпур суди томонидан ишончни суиистеъмол қилишда айбланган Малайзиянинг собиқ бош вазири Нажиб Раззоқ 1 миллион Малайзия ринггити (247 минг доллар) миқдоридаги гаров пули эвазига қамоқдан вақтинчалик озодликка чиқарилди. У суднинг барча мажлисларига шахсан келиш мажбуриятини олган, деб хабар қилди The Star газетаси.

Аввалроқ суд томонидан айблов эълон қилингач, собиқ бош вазир Нажиб Раззоқ ўзининг айбсиз эканлигини ва буни суд жараёнида исботлашини айтганди.

Малайзияда расмий давлат амалдорининг ишончни суиистеъмол қилиши мансабини суиистеъмол қилиш билан бир хил баҳоланади ва бунинг учун жиноий жавобгарлик белгиланган.

Нажиб Раззоққа нисбатан айбловлар унинг ўзи тузган ва раҳбарлик қилган 1MDB давлат инвестиция фонди атрофидаги коррупцион можаро билан боғлиқ. 1MDB фондидаги миллиардлик ўғирликлар билан боғлиқ иш юзасидан Нажиб Раззоқнинг ҳибсга олиниши бир неча ҳафтадан буён кутилаётган эди.

1MDB фондидаги камомадларни собиқ бош вазир раҳбарлигидаги Малайзиянинг май ойида истеъфога чиққан аввалги ҳукумати билан боғлашмоқда. 2011 йилда ОАВдаги мақолалардан сўнг 1MDBга нисбатан очилган суриштирув ишлари Нажиб Раззоқ ҳукумати даврида тўхтатиб қўйилган бўлиб, 2018 йилги сайловларда ғалаба қозониб бош вазир лавозимини эгаллаган Маҳатхир Муҳаммад бошчилигидаги оппозицион коалиция ҳукумат тепасига келгач, қайтадан очилганди.

Май ойи охирида Нажиб Раззоқ оиласига тегишли уйлар ва хонадонларда тинтув ўтказилган бўлиб, полициянинг айтишича, тинтув давомида турли валюталарда 28,6 миллион доллар нақд пул, умумий қиймати 109 миллион доллардан ортиқ заргарлик буюмлари ва чармдан тайёрланган дизайнерлик маҳсулотлари мусодара қилинганди. Шунингдек, Нажиб Раззоқнинг ҳисоб рақамига давлат ва хусусий корхоналар ҳисоб рақамлари орқали 1MDB фондидан йирик миқдорда пул маблағлари ўтказилганлиги аниқланган.

Мавзуга оид