Каттақўрғонлик таҳқирланган аёлнинг оиласига барча ёрдам бермоқда
Шу йилнинг 3 июнь куни Самарқанд вилоят Каттақўрғон шаҳар ИИБ биносида жиноят-қидирув бўлими терговчиси Санъат Умаров томонидан таҳқирланган Н.Т. Каттақўрғон туманидаги қишлоқлардан бирида вояга етмаган икки фарзанди билан истиқомат қилмоқда.
Воқеа ижтимоий тармоқда қизғин мунозаралар ва муносабатларни келтириб чиқаргач, «Фейсбук»нинг ўзбек сегменти фойдаланувчилари оилага пул йиғиб беришди. Уларнинг пули ҳисобига уйга янги дарвоза ўрнатилган. Ортган пулларга оиланинг фарзандларига кийим-кечак ва ўқув қуроллари харид қилинади.
Республика Хотин-қизлар қўмитаси вакиллари каттақўрғонлик аёлнинг оилавий шароити билан яна бир бор танишиб чиқди. Унинг руҳий ҳолати ўрганилди ва хотин-қизлар қўмитасининг тавсиясига кўра унга лозим пайтда кўмак бериш учун психолог Шаҳноза Мамаюсупова бириктирилди.
Мазкур оилада меҳмон бўлган Бош вазир ўринбосари, республика хотин-қизлар қўмитаси раиси Танзила Норбоева Н.Т.га шундай деди: «Синглим Н.Т. Сиз бир вақтлар адашиб жиноятга қўл урганингиз бир умр жиноятчи бўлиб қолдингиз дегани эмас. Бундан асло ўксинмаслигингиз керак. Маҳалла, хотин қизлар қўмитаси сизга ҳаётингизни изга тушириб олишингизда албатта ёрдам қўлини чўзади. Бунинг учун барчамиз масъулмиз».
Айни пайтда Каттақўрғон туман ҳокимлиги хотин-қизлар қўмитасининг таклифини инобатга олиб, аёлга якка тартибдаги тадбиркор сифатида «Ҳар бир оила – тадбиркор» дастури асосида мактаб ўқув қуроллари ва канцелярия маҳсулотлари билан савдо қилиш учун кичик савдо дўкони ташкил қилиб берадиган бўлди.
Мазкур воқеа кўрсатдики, инсон ҳаёти давомида ўзи истаган ва истамаган ҳолатларда ҳуқуқий ҳимояга муҳтож бўлади. Адвокат Азамат Ашурбоев Н.Т.га лозим пайтда маслаҳат беришга масъул этиб бириктирилди ва у тергов-суриштирув жараёнида ҳуқуқий ёрдам беради.
Патронаж ҳамшира Нилуфар Ҳайитова, Олмазор маҳалла фуқаролар йиғини хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассис Инобат Эргашева унинг ҳолидан мунтазам равишда мураббий сифатида хабар олиб туради.
Н.Т.нинг фарзандлари ҳудудда фаолият кўрсатаётган спортнинг каратэ тўгарагига жалб этилди.
Туман ҳокимлиги, ҳудуддаги тадбиркорлар ва маҳалла фаолларининг ташаббуси билан аёлнинг уй-жойи таъмирланмоқда. Марҳум оила бошлиғи томонидан томорқани ўраш учун деворнинг пойдевори қуйилган. Лекин девор кўтаришга улгурмаган. Каттақўрғон туман ҳокимининг қурилиш масалалари бўйича ўринбосари Норбўта Санақулов девор кўтаришда ҳокимлик албатта ёрдам беришини таъкидлади.
Ш.Шокиржонов,
Kun.uz мухбири