Жаҳон | 19:20 / 08.07.2018
18802
2 дақиқада ўқилади

Таиланддаги ғордан 6 бола олиб чиқилди, қутқарув ишлари давом этмоқда

Фото: epa/vostock-photo

Таиландда Тхам Луанг ғорида икки ҳафта қолиб кетган болаларни қутқариш амалиёти муваффақият билан давом эттирилмоқда. 

Reuters агентлиги хабарига кўра, қутқарувчилар ҳозиргача ғор оғзида тикланган лагерга 6 нафар болани олиб келишган, улар зудлик билан ҳарбий касалхонага олиб кетилган.

Тез фурсатда ғорда қолаётган яна 6 бола ва уларнинг мураббийи ташқарига олиб чиқилиши кутилмоқда.

Қидирув ва қутқарув операцияларида Таиланд армияси ва махсус хизматлари вакиллари, шунингдек АҚШ, Буюк Британия ва Хитой дайвер-қутқарувчилари иштирок этмоқда.

Улар болаларни тор йўлакларни тўлдирган сувлар орқали олиб чиқишмоқда. Болаларнинг кўпчилиги сузишни билмаслиги, қолаверса улар икки ҳафта мобайнида кучсизлангани туфайли қутқарув амалиётини бошлаш кечиктирилаётганди. Аммо бугун ота-оналар розилиги билан амалиёт бошланди.

Аввалига ҳукумат сувга тўлган ғор ичида қудуқлар қазиб, сувни камайтириш, болаларни сув ости қайиқлари орқали ташиш ва сувни ташқарига чиқариб ташлашга ҳаракат қилганди, аммо бу вариантлар ўзини оқламаган. 8 июль куни тонгида қутқарув амалиётининг охирги босқичи бошланди. Бунга янги муссон ёмғирлари бошланиши ортидан ғорда сув сатҳи кўтарилиб, болалар ҳалок бўлиш ёқасида қолгани сабаб бўлди.

Мактаб футбол жамоасининг ўқувчилари бўлган 11 ёшдан 16 ёшгача бўлган 12 бола ҳамда уларнинг 25 ёшли мураббийлари 23 июнь куни йўқолиб қолганди. Икки кундан кейин Таиланд армияси болаларни қидиришни бошлади, 2 июль куни уларга тегишли нарсалар - 11 велосипед ва бир мотоцикл ҳамда бошқа буюмлар Таиланд шимолидаги ғорга кираверишдан топилди. Болалар 9 кунни ғор ичида ичимлик сувисиз ва озиқ-овқатсиз ўтказишди. Шундан кейин ичкаридагиларга озиқ-овқат ҳамда кислородлик баллонлар етказиб берилиши бошланди. Бундай амалиётлар чоғида бир ғаввос ҳалок бўлди, қутқарув амалиётига Таиланд ҳарбий-денгиз кучлари фахрийлари ҳамда кўнгиллилар қўшилишди.

Мавзуга оид