Ўзбекистон | 12:10 / 15.07.2018
8338
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда бугундан электрон кириш визалари бериш тизими ишга тушди

Ўзбекистонда бугун, 15 июль кунидан бошлаб хорижлик фуқароларга республикада туристик мақсадларда  бўлиш учун электрон кириш визаларини расмийлаштириш ва бериш бошланди

Ўзбекистон Республикаси президентининг 4 июль куни имзоланган «Ўзбекистон Республикасига хорижий фуқароларнинг кириши тартибини оптималлаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, эндиликда хорижлик фуқаролар Ўзбекистонга кириш визасини олиш учун дипломатик вакиллик ёки Ўзбекистоннинг чет эллардаги консуллик идорасига расмий мурожаат қилиши шарт бўлмайди.

Электрон виза хориж фуқаросига 30 кун муддатга Ўзбекистон ҳудудида бўлиш ҳуқуқини беради ва бу виза тақдим этилган кундан бошлаб 90 кун муддат ичида амал қилади.

Электрон визани расмийлаштириш ва бериш учун мурожаатни кўриб чиқиш муддати икки иш кунини ташкил этади (мурожаат берилган кундан ташқари).

Берилган электрон виза хориж фуқаросининг «e-visa.gov.uz» порталига қилган мурожаатида кўрсатилган электрон манзилга жўнатилади.

Электрон визани расмийлаштириш учун мурожаат бериш Ўзбекистон Республикасига келиш санасидан уч иш кунидан кам бўлмаган муддатда амалга оширилади.

Электрон кириш визасини олиш мурожаатини кўриб чиқиш учун консуллик йиғими ҳажми 20 АҚШ долларини ташкил этади.

Тўлов электрон кўринишда халқаро тўлов тизимлари орқали амалга оширилади.

Электрон виза беришда рад жавоби берилган тақдирда консуллик йиғими учун олинган маблағ қайтарилмайди.

Электрон виза ўтиш хужжатига (паспорт) ёпиштирилмайди. Чегара орқали ўтиш пунктида чет эл фуқароси электрон визани қоғоз ёки электрон кўринишда тақдим этади.

Мавзуга оид