Жамият | 10:39 / 25.07.2018
9105
2 дақиқада ўқилади

Алоқа операторларига SMS орқали реклама тарқатишни ман қилиш таклиф этилмоқда

Фото: KUN.UZ

“Менинг фикрим” жамоавий мурожаатлар порталида алоқа операторларига СМС орқали реклама тарқатишни ман қилиш ҳақида петиция пайдо бўлди.

Деярли барчамиз қўл телефонларидан фойдаланамиз. Бунда ҳар ким ўз заруриятига қараб алоқа учун маблағ сарфлайди. Бу хизматлар биз учун бепул эмас. Лекин кейинги пайтларда уяли алоқа операторлари қўшимча даромад учун реклама маълумотларини СМС орқали ҳеч қандай қоидаларсиз тарқатиш билан шуғулланмоқдалар, дейилади мурожаатда. 

“Шундоқ ҳам маълумотлар оқимида яшаётганимизда бу кераксиз рекламалар энди ортиқча. Гап ижтимоий аҳамиятга эга бўлган СМСлар ҳақида кетмаяпти. Гап “фалон рақамга телефон қил. Барча танишувлар шу ерда” каби буйруқ тарзида ёзилган СМСлар тўлиб тошиб ётибди. Ёши катта одамлар бу СМСларнинг 80 фоизини ҳам тушунмайди. Кўпчилик буйруқ тарзида бўлгани учун ёзилган рақамларга териб ҳам кўришади. Оқибати эса маълум - контент провайдери абонентнинг пулини қуритади”, - дейди мурожаат муаллифи.

“Таклифимиз, мобиль алоқа операторларининг СМСларини тартибга солиш керак. Уяли алоқа операторларига пуллик хизмат кўрсатганда рекламани тақиқлаш керак ёки бир кунда тарқатиладиган реклама СМСлар лимитини белгилаб бериш зарур. 

Шунингдек, уяли алоқа компаниялари қуйидагиларга қатьий амал қилишини белгилаб қўйиш зарур: СМС орқали реклама тарқатишни ман қилиш; абонентга келадиган реклама кўринишидаги СМСлар сонини чеклаш; реклама СМСларнинг буйруқ тарзида ёзилишини ман қилиш; реклама СМСларнинг биринчи сўзини унинг мазмунига қараб, “Реклама:...”, ёки “Таклиф:...” ёки “Маълумот:....” деган сўзлар билан бошланишини мажбурий қилиш; реклама СМСларини абонентларнинг ёшини ҳисобга олган ҳолда юбориш. 

Бу орқали абонентларга ҳар хил фойдасиз ва мазмунсиз рекламалар ва ахборотлар етказилишининг олди олинади”, - дея якунланади мурожаат.

Мавзуга оид