Жамият | 11:45 / 26.07.2018
13123
2 дақиқада ўқилади

Никоҳ шартномаси тузишнинг мажбурийлигини қонунга киритиш таклиф қилинди

Фото: KUN.UZ

“Менинг фикрим” жамоавий мурожаатлар порталида никоҳ шартномаси тузишнинг мажбурийлигини белгилаш ҳақида петиция пайдо бўлди.

Оила – муқаддас. Эр-хотиннинг бир-бирлари олдидаги мажбуриятларини бажаришида юридик кучга эга никоҳ шартномасининг имзоланиши муҳим аҳамият касб этади. Оилалар мустаҳкамлигини таъминлаш, ажрашишларнинг олдини олиш, мулкий низоларнинг келиб чиқишини бартараф этиш ҳамда эр-хотин ҳуқуқ ва мажбуриятларини ҳис қилган ҳолда яшашлари, келажагимиз бўлмиш болаларимиз тирик етим бўлиб қолмасликларини таъминлаш мақсадида никоҳ шартномасини нотариал тартибда тузиш лозим, дейилади мурожаатда.

Қайд этилишича, никоҳ шартномаси бандларида эр-хотиннинг барча ҳуқуқий, иқтисодий, ижтимоий ва мулкий манфаатлари, форс-мажор ҳолатлари, жавобгарлик банди билан бирга эр-хотиннинг изоҳ қолдириш банди ҳам киритилиши керак деб ўйлаймиз. Бу ҳолат ўз навбатида, эрнинг хотин олдидаги, хотиннинг эр олдидаги вазифалари масъулияти таъминланади ва уларнинг оила ва жамият олдидаги жавобгарлиги ошишига хизмат қилади.

“Никоҳ шартномасининг шартлари ишлаб чиқилиб, никоҳ шартномаси тузишнинг мажбурийлигини қонунга киритишни таклиф қиламиз”, - дея якунланади мурожаат.

Мавзуга оид