Спорт | 14:00 / 26.07.2018
16899
7 дақиқада ўқилади

Трансфер сабоғи: Қандай қилиб оддий футболчини 50 миллион фунтга пуллаш мумкин?

Фото: evertonfc.com

25 июль куни «Эвертон» «Уотфорд»дан бразилиялик ярим ҳимоячи Ришарлисонни 50 миллион фунт эвазига трансфер қилди. Қайд этиш керакки, ушбу футболчи ўтган мавсумда Англия чемпионатидаги  38 ўйинда ҳам майдонга тушган ва 5 гол уриб, 7 голга узатма берган. У охирги марта ўтган йилнинг 19 ноябрида гол урган, АПЛда 20 учрашувдан иборат голсиз серия қайд этган.

Қандай қилиб оддий футболчини 50 миллион фунтга пуллаш мумкин?

1. Бу иш Англияда бўлиши керак

Бу шарт. Трансфернинг Англияда амалга оширилиши ҳар қандай суммани икки баробар ошириши турган гап. Тинчгина АПЛнинг 10-12 ўринларида юриш ва трансляцияларнинг ўзидан йилига 140 миллион евро ишлаб олиш имконияти ҳамма жойдаям йўқ. Қандайдир «Борнмут» «Наполи»дан кўпроқ пул топганидан кейин, албатта, трансфер учун одатдагидан кўпроқ пул тўлашига тўғри келади. Биринчидан, пул кўпроқ, иккинчидан, ҳар ҳолда «Наполи» Чемпионлар Лигасида қатнашади.

2. Имкон қадар, футболчи ҳам сал иқтидорли бўлиши керак

Бу жа муҳим талаб эмас-ку, лекин ишни осонлаштиради. Аслида, футболчи юришни, югуришни, тезлик олишни ва тўп тепишни билса кифоя. Аммо ростанам яхшигина сумма ҳақида гап борганида, футболчида жалб қилувчи иқтидорнинг бўлиши ортиқчалик қилмайди. Ишни осонлаштиради. 

3. Футболчи барқарор бўлсин

Аслида буям муҳим эмас. Аниқроғи, барқарорлик деганда айнан нима назарда тутилаётганини билиш лозим. Икки мавсум юқори савияда ўйнашми? Ёки икки ой етадими? Баъзилар учун футболчининг финтлар ва фойдали ҳаракатларидан иборат лавҳасининг YouTube порталида мавжуд бўлишиям етиб қолади.

4. Футболчини собиқ мураббийига сотинг

Илиқ муносабатлар доим наф келтиради. Масалан, жамоадан яширин равишда бошқа клуб билан музокара ўтказгани учун жанжал юзага келиб, ҳайдалган мураббий... У билан алоқани узманг, ҳали у яна жамоага фойда келтириши мумкин. У янги жамоасида эски шогирдларидан бирини кўрмоқчи бўлиши ва фақат у билан ишлаши мумкинлигини янги клуб раҳбарларига айтиб, уларни ишонтириши мумкин. Футболчи супериқтидорли бўлмаса ҳам, мураббийнинг фалсафасига мос бўлиши мумкин. Шу даражадаки, трансфер бюджетининг қарийб ярмини сарфлайди.  

5. Футболчи учун жуда кўп талабгорлар борлигини айтинг

Аслида, унақа талаб бўлмаслиги мумкин. Бу ҳақида спорт нашрларидаги бир икки миш-миш ҳам етарли. Шу тариқа, трансферни кимошди савдосига айлантириб юбориш ҳеч гап эмас.

Бонус. Харидор «Эвертон» бўлса, яна яхши

Бу клубнинг сўнгги йиллардаги трансферлари рўйхатига боқинг. Қараб туриб, клуб раҳбарларида курашувчан, кучли жамоа тузиш мақсадида бўлганликларига ҳам ишониш қийин. Худдики, асосий мақсад имкон қадар каттароқ суммани сарфлаш бўлгандек тасаввур уйғотади. Сигурдссон ва Классен учун 80 миллион фунт сарфлаш ҳар ҳолда, ақлга сиғиши қийин.

Амалиёт дарси

Энди амалиётга ўтамиз. «Эвертон» «Уотфорд»дан ёш бразилиялик ҳужумчи Ришарлисонни 50 миллион еврога сотиб олди. Бонуслар билан бирга бу сумма яна кўпайиши мумкин. Ришарлисон ким ўзи? Унинг учун нега бунча кўп берилди? Юқоридаги пунктлар бўйича юрамиз:

Ришарлисон Англияда ўйнайди. Ўз-ўзидан бозор нархи сезиларли равишда ошади.

Албатта, Худо уни истеъдоддан қисмаган: вингер, тезкор, техникаси жойида. Жисмонан ёмон эмас, боши билан яхши ўйнайди. Камчилигиям бор, кўпинча шерикларини «кўрмай қолади». Пас билан ўйнашда таркибдаги энг ёмон кўрсаткич қайд этган. Вазиятлардан фойдаланиш бўйича у худди Стерлингнинг энг ёмон даврларини эслатиб юборади.

Статистика буни тасдиқлайди. Ришарлисон 11та ўта қулай вазиятдан 5 гол урган ва бунинг учун 95 маротаба рақиб дарвозасига зарба берган. Зарбалар сони бўйича, Ришарлисон Лигада 4-ўринни банд этган, ишонаверинг. Кейн ва Салоҳ даражасида, Лукакудан кўпроқ, аммо голлар сони 5та холос.

Энди барқарорлик ҳақида. Биратўла, кейинги пунктга ҳам ўтилади, чунки боғлиқлик бор. Ришарлисоннинг АПЛдаги энг яхши даври «Уотфорд»ни Маркус Силва бошқарган пайтга тўғри келади. Умуман, Ришарлисон жамоадаги барча самарали ҳаракатларини айнан дастлабки уч ярим ойда, августдан ноябргача амалга оширжи – уч ярим ойга етган барқарорлик.

Силва «Уотфорд»ни тарк этгач, футболчи ҳам кетишни хоҳлади. Аммо клуб уни қўйиб юбормади. Ришарлисон кейин ҳам барча ўйинларда майдонга тушди, бу сафар ҳам барқарорлик намойиш қилди. Фақат энди салбий томондан. 2018 йилда у бирорта гол ҳам уролмади, бирор марта ассист ҳам амалга оширилмади. Аммо Маркус Силвани бу факт қўрқитмади, собиқ шогирд ҳар ҳолда.

Талабгорлар? Аслида бормиди ёки йўқ, айтиш қийин. Sky Sports баҳорда футболчи билан «Манчестер Юнайтед» ва «Челси» қизиқаётганини ёзди. Бошқа бундай хабар чиқмади, аммо «МЮ» ўтган ёзда ҳам Ришарлисонни кузатганини эсласак, ҳақиқатга яқиндек туюлади. Кейин эса, ўша нашрнинг ўша журналистлари «Уотфорд» ҳужумчини 45 миллион еврога қўйиб юборишга тайёрлигини ёзишди.

Натижада, клуб Ришарлисонни нафақат айтилган нархга, балки қимматроққа сотишга ҳам муваффақ бўлди.

  • Дастлабки нарх – 45 миллион. Талабгор борми?
  • 50 миллион берамиз! Ие, аукционда ўзимиз холосми?

Кулгили, лекин «Уотфорд» буни уддалади. Албатта, Ришарлисон дастлабки ойларда шундай ўйнадики, 50 миллион евро адекват баҳодек туюлади. Ва табиийки, у ижросидаги финтлар ва ҳаракатлардан тузилган клип ҳам анча қизиқарли кўринади.

Аммо кейинчалик, у кайфиятга боғлиқ бўлган, жуда кўп вазиятларни кўкка совурадиган, дарвозага керак-нокерак тепаверадиган ҳужумчига айланиб қолди. Ҳатто «Уотфорд»да ҳам у энг зўр эмасди – агар у 50 миллион бўлса, аниқ, Абдулайе Дукуре 70 миллион евро туради. Камида.

Агар янги мавсумда Ришарлисон ҳақиқий Стерлингга айланиб, гол+пас системасида 20дан ортиқ балл тўплаган тақдирда ҳам, «Уотфорд»га алам қилмайди. Ахир белгиланган нарх айнан ўша Ришарлисонга мос келади, тўғрими? Шунчаки, бу трансфер сал тушунарли бўлади, «Эвертон» оқланиб олади холос.

Ҳозирча эса, бу трансфер тушунарсиз бозорни ва «Эвертон»нинг ақлсиз трансфер сиёсатини намойиш қилиб турибди холос.

Футболга оид шу ва бошқа энг сўнгги янгиликларни ҳамкоримиз ""Tribuna.uz" сайтида кузатиб боринг.

Мавзуга оид