Жаҳон | 18:06 / 30.07.2018
13392
2 дақиқада ўқилади

Таиландда бир нечта пляжнинг ёпилишига сабабчи бўлган тимсоҳ ушланди

Фото: РИА Новости / Наталья Селиверстова

Пхукет оролида сайёҳлар орасида ваҳимага сабаб бўлган ва 11 кун қидирилган тимсоҳ ушланди, деб хабар берди АТОР.

"Тутқич бермас" деб номланишга улгурган тимсоҳни илк бор Най Харн пляжи яқинида балиқчилар сезиб қолишган. Кейин эса бу гап ижтимоий тармоқлар ва ОАВда тарқалиб кетди ва ваҳимага сабаб бўлди. Тимсоҳнинг Най Харн пляжи яқинидаги меҳмонхоналардан бири олдида пайдо бўлиши ҳақиқий тўполонни келтириб чиқарди. Най Харн ва Януи ҳудудларида чўмилиш вақтинча тақиқланди.

Балиқчилар, қутқарувчилар ва кўнгиллилар уни тутиш учун чиқишди: соҳил атрофига қафаслар жойлаштирилди ҳамда дронлар ва эхолотлар ёрдамида қидирув олиб борилди.

Ниҳоят, Ко Ката ороли яқинидаги Лаян пляжида уни қўлга олишди. Узунлиги уч метрга яқин бўлган судралиб юрувчи Пхукетдаги тадқиқот марказига жўнатилди.

Ҳокимиятнинг фикрича, у ноқонуний тимсоҳ фермаларидан биридан ёки шахсий ҳайвонот боғидан қочиб кетган.

Бундай ҳодисаларнинг олдини олиш мақсадида Пхукет маъмурияти барча тимсоҳ эгаларини ўз жониворларини 10 августгача балиқчилик хўжалиги бошқармасида рўйхатдан ўтказишга чақирди. Акс ҳолда улар бир йилга озодликдан маҳрум этилади ёки 10 минг бат жаримага тортилади. Оролда ноқонуний равишда тимсоҳ боқаётганлар ҳақида хабар берган фуқаролар эса мукофотланади.

Мавзуга оид