Light | 10:49 / 17.08.2018
20917
2 дақиқада ўқилади

Нима учун кўпинча будильник қўнғироғидан аввал уйғонамиз?

Орамизда ким эрта тонгда уйғониб, уйғотгичга балки ухлаш учун яна бироз вақт бордир, деган умид билан назар солган? Бироқ аксига олиб, бир неча дақиқалардан кейин туриш керак бўлади. Бундан чиқди, организмимиз уйғотгич каби ишлар экан-да!

Фото: Fotolia

Биз барча жараёнлар мия ёрдамида бошқариладиган мураккаб биологик тизим эгасимиз. Унинг бир соҳаси – гипоталамусда супрахиазмотик ядро бўлиб, бизнинг биологик соатларимиз – циркад суръатини назорат қилади.

Циркад суръати сайёрамиздаги барча тирик организмларда мавжуд. Улар турли биологик жараёнлар, масалан гормонлар ишлаб чиқариш фаоллигини назорат қилади. Кўпинча циркад суръати кун ва туннинг алмашинувига боғлиқ. Бироқ организмимиз уйқудан уйғонадиган ва ухлайдиган биологик вақт онларини эслаб қолиб, кундалик вазифаларга мослаша олади.

“Ухлаш-уйғониш” циклининг алмашинувида PER1 оқсили катта роль ўйнайди. Организмда унинг даражаси пасайса, юрак уриши секинлашади, қон босими ва ҳарорат тушади. Уйқу вақтида айнан шу ҳол юз беради. Уйғонгач, даража кўтарилади, организм биологик жараёнларига “туртки беради” ва ўзимизни тетик ҳис этамиз.

Уйғотгич овозидан кутилмаганда уйғониш – организм учун доим зўриқиш ҳисобланади. Уни бироз камайтириш мақсадида, организм PER1 оқсилини ишлаб чиқариш циркад суръатини уйғотгич жиринглаш вақтига мослаштиради. Шу йўл орқали танамиз эрта уйғониш билан боғлиқ зўриқишни у қадар кучли бўлмаслигига эришади: уйқу вақтидаёқ юрак уриши, қон босими аста-секин ошиб боради, гормонал фон ҳам ортади. Вақт ўтиши билан мия уйғониш вақтига шу қадар мослашадики, уйғотгич қўнғироғидан бир неча дақиқа олдин кўзимизни очамиз. Ўзингизга қулоқ солиб кўринг: бу вақтда биз ўзимизни уйғотгич ёрдамида тургандан анча тетик ҳис қиламиз.

Мавзуга оид