Light | 22:08 / 21.08.2018
115597
10 дақиқада ўқилади

Юқорида ва пастда ўтирганларнинг фарқи (ҳаётий масаллар)

Бир куни қурбақачалар мусобақа уюштиришди. Уларнинг мақсади минора тепасига чиқиш эди. Бу мусобақани томоша қилиш ва уларнинг устидан кулиш учун жуда кўп томошабин йиғилди. Мусобақа бошланди...

Ҳеч ким қурбақачаларнинг минора тепасига чиқишига ишонмасди. Йиғилганлар шундай деб хитоб қилишди: «Бу жудаям қийин!», «Улар юқорига ҳеч қачон чиқа олишмайди», «Бунинг имкони йўқ! Минора ўта баланд!».

Қурбақачалар бирин-кетин йиқила бошлади.

Мақсади сари интилмаётган айрим қурбақачалардан ташқари, бошқалари янада юқорилай бошлашди. Йиғилганлар барибир «Жуда қийин!!! Ҳеч бири юқорига ета олмайди!», дея хитоб қилишда давом этди.

Қолган қурбақачалар ҳам чарчаб, йиқила бошлади... Фақат битта қурбақача юқорига интилишда давом этарди. У асло таслим бўлмасди!

Ниҳоят ҳамма таслим бўлди. Фақатгина тинмасдан юқорилаётган ўша қурбақачадан ташқари! У минора тепасига етиб борди. Барча йиғилганлар унинг қандай қилиб бунга эришганини билишни истарди. Тўпланганлардан бири ундан юқорига чиқиш учун қандай куч топганини сўради. 

Маълум бўлишича, ғолибнинг қулоғи оғир бўлиб, атрофдагиларнинг бақир-чақирларини эшитмаган экан!

Хулоса: Ҳеч қачон атрофингдагиларнинг салбий фикрларига қулоқ солма. Улар сенинг энг буюк орзу ва истакларингни бўғишади. Ўзингга ва ўз кучингга ишон! Мақсад сари олға юр! Сен бунга қодирсан!

Фото: Pixabay

“Менга алоқаси йўқ” дема

Бир куни сичқон ферма эгаси қопқон қўйганини кўриб қолди. У бу ҳақда товуқ, қўй ва сигирга айтди ҳамда қопқонни синдириб ташлашни сўради. Уларнинг барчаси бир овоздан “Қопқон – сенинг муаммоинг, унинг бизга ҳеч қандай алоқаси йўқ!” дейишди.

Бир неча кундан кейин илон қопқонга тушиб қолди ва аламидан фермернинг хотинини чақиб олди. Хотинини даволашга уринган фермер товуқни сўйиб хотинига шўрва пишириб берди. Сўнгра беморни кўргани келганларга таом тайёрлаш учун қўйни сўйишди. Ниҳоят азага келган барча меҳмонларга таом тайёрлаш учун сигирни ҳам сўйишга тўғри келди. Сичқон буларнинг барини инида кузатиб ўтираркан, ҳеч кимга ҳеч қандай алоқаси йўқ нарсалар ҳақида ўйларди.

Хулоса: Агар бирор нарсанинг сизга бевосита алоқаси йўқ бўлса, бу сиз ҳеч қачон ўша нарсага дуч келмаслигингизни билдирмайди.

Ўзганинг ишига аралашма

Фермада от касал бўлиб қолди.

Уни кўрган фермер ўзига-ўзи деди:

— Агар эрталаб ўрнидан турмаса сўйиб юбораман.

Эрталаб от ўрнидан турмади. Унинг ёнида ётган қўчқор отни туришга ундайверди:

— Бўл, тур ўрнингдан, бўлмаса ўласан!

От ўрнидан турди.

Отнинг тузалганини кўрган фермер хурсанд бўлиб кетди:

— Бу мўъжиза! Буни нишонлаш керак! Қўйни сўйиб зиёфат уюштираман!

Хулоса: Ўзгаларнинг ишига аралашма, аммо қопқон ҳақидаги масални ҳам унутма.

Фото: Pixabay

Юқорида ва пастда ўтирганларнинг фарқи

Бургут баланд дарахт шохида виқор билан ўтирганди.

Уни кўриб қолган кичкина қуёнча бургутдан сўради:

— Мен ҳам сизга ўхшаб ҳеч нарса қилмасдан дам олиб ўтирсам бўладими?

— Албатта бўлади, — деди бургут.

Қуёнча дарахт тагига ёнбошлади. Бирдан унинг ёнидан тулки ўтиб қолди ва қуёнчани тутиб еб қўйди.

Хулоса: Ҳеч нарса қилмасдан ўтириш учун жудаям баландда бўлиш керак.

Ўзингни ўзгартир

Бир каптар тинмай уйини алмаштирарди. У ҳар бир яшаган уйидан келаётган бадбўйга чидай олмасди. Бир куни у донишманд каптарга мана шу муаммони айтиб маслаҳат сўради. Кекса каптар унинг сўзларини сабр билан тинглади ва деди:

— Гапимга қулоқ сол. Сен уйингни минг марта алмаштирганинг билан ҳеч нарса ўзгармайди. Сен чидай олмаётган ўша ҳид уйлардан эмас, сенинг ўзингдан келяпти.

Фото: Pixabay

Бир челак олма

Бир киши янги ҳовли сотиб олди. Ҳовли катта, чиройли ва олма боғи ҳам бор эди. Унинг ёнида эса ҳасадгўй қўшни яшарди: у ҳар куни ҳовлига ахлат ташлаб кетарди.

Бир куни янги қўшни эрталаб туриб ташқарига чиқди. Дарвозаси тагида бир челак ахлат турарди. У челакни олиб, ахлатни тўкиб ташлади, челакни ялтиратиб-тозалаб ювди, унинг ичини катта-катта, ширин олмалар билан тўлдирди ва қўшнисининг дарвозасини тақиллатди. Жанжал чиқишини кутиб ўтирган қўшни эшикни очди, киши эса қўлидаги олма тўла челакни узатди ва деди:

– Ҳар ким ўзида борини улашади!

Сайёҳ

Бир сайёҳ донишманд ҳузурига келди. Сайёҳ донишманднинг уйи китоблар тўла биттагина хонадан иборатлигини кўриб ҳайрон қолди. Хонада ҳеч қандай мебель йўқ эди.

— Устоз, мебелларингиз қани? — деб сўради сайёҳ.

— Ўзингнинг мебелларинг қани?— деди донишманд.

— Меникими? Мен вақтинчаликка келган сайёҳман-ку.

— Мен ҳам.

Фото: Pixabay

Идиш эмас, унинг ичидаги муҳим

Университетни битириб, ишда муваффақиятларга эришган бир гуруҳ битирувчилар қари профессорларининг уйига меҳмонга келишди. Бир оздан сўнг суҳбат мавзуси оғир меҳнат ва ҳаётдаги муаммоларга бурилди. Профессор ошхонага кириб қаҳва тайёрлади ва меҳмонлар олдига олиб чиқди. Қаҳва турли финжонларга қуйилганди – финжонлар чинни, шиша, пластик, металл, биллурдан тайёрланган, бежирими ҳам, оддийси ҳам, арзони ҳам, қиммати ҳам бор эди.

Меҳмонлар финжонларни қўлларига олишганидан сўнг профессор деди: Эътибор берган бўлсангиз, ҳаммангиз қимматбаҳо ва чиройли финжонларни танладингиз. Оддий ва арзон финжонлардаги қаҳвани ҳеч ким олмади. Сизларнинг муаммоларингиз сабаби фақат энг яхши нарсага эга бўлиш истагидир. Шуни билингки, финжон қаҳвани ширин қилмайди. У баъзан қиммат бўлиши, лекин ичидаги эса ҳеч нарсага арзимайдиган нарса бўлиши мумкин. Аслида сизларнинг мақсадингиз финжон эмас, қаҳва эди. Аммо сизлар энг яхши финжонларни танладингиз. Сўнгра кимга қанақа финжон текканлигига эътибор қаратдингиз. Энди эса гапимга қулоқ солинг: ҳаёт бу қаҳва, иш, пул, мансаб, жамият эса финжонлар. Улар ҳаётимизни давом эттириш учун шунчаки воситалар холос. Биз қандай финжонга эга бўлишимиз ҳаётимизни белгилаб бермайди ва унинг сифатини ўзгартирмайди. Баъзида финжонга тикилиб қаҳванинг таъмидан лаззат олишни унутамиз. „Қаҳва“нгиздан завқ олинг!

Ҳаёт завқи нимада

Ходим девонхонадан чиқар экан, қирол саройига ўкинч билан қаради ва ўйлади: «Афсус, қирол оиласида туғилмаганман-да. Жудаям жўн кун кечиряпман».

У турли асбоб-ускуналар ва одамлар шовқини эшитилаётган шаҳар марказига яқинлашди. Бу ерда қурувчилар янги бино қуришаётганди. Қурувчилардан бири қўлида қоғоз тўла жилд кўтариб кетаётган ходимни кўриб қолди ва ўйлади: «Афсус, отам ўқи деганида ўқимаган эканман, ҳозир мен ҳам анави кишига ўхшаб қоғоз-қалам билан саройда ўтириб ишлаётган бўлардим. Кунларим жудаям оддий ўтяпти».

Бу пайтда қирол сарой деразасидан майдонни кузатиб ўтирарди. У шаҳар марказида у ёқдан-бу ёққа ўтаётган ишчилар, хизматчилар, қурувчилар, сотувчилар, болаларга тикилганча кўчада сайр қилиш, жисмоний меҳнат билан шуғулланиш, кимнингдир қўлида ишлаш қанчалар ёқимли ва умуман сиёсат, мамлакатни бошқариш ҳақида бош қотирмаслик қанчалар оромбахш эканлиги тўғрисида хаёл сурарди.

— Эҳ, мана шу оддий одамларнинг ҳаёти қанчалар оддий. Шулардек кун кечирсам қанийди, — деди у хўрсинганча.

Фото: Pixabay

Қуриган дарахт

Бир қуш чўл ўртасидаги қуриган дарахт шохига ин қурганди. Бир куни қаттиқ бўрон туриб дарахтни илдизи билан қўпориб ташлади. Бечора қуш ин қургани дарахт излаб юзлаб чақирим йўл босди ва ниҳоят остида сув шилдираб оқадиган, сархил мевалар пишиб ётган боғга етиб келди.

Агар ўша қуриган дарахт ағдарилмаганида, ҳеч қандай куч қушни чўлни тарк этишга мажбур қила олмасди.

Қадриятга айланган одат

Ҳар сафар устоз ва унинг шогирдлари эндигина ибодат қилмоқчи бўлиб турганида ибодатхонага мушук кириб келар ва уларга халақит берарди. Шунда устоз шогирдларига ибодат вақтида мушукни боғлаб қўйишни буюрди. Устоз ўлганидан кейин ҳам шогирдлар одатга кўра мушукни боғлаб қўйиб ибодат қилишда давом этишди. Мушук ўлганидан сўнг шогирдлар устознинг буйруғига амал қилиш учун бошқа мушук боқиб олишди ва ибодат қилаётганларида уни боғлаб қўядиган бўлишди. Орадан асрлар ўтди. Устознинг давомчилари катта олимларга айланиб китоблар ёзишди. Улар китобларида ибодат вақтида мушукни боғлаб қўйиш жуда муҳим аҳамиятга эга эканлигини таъкидлашганди.

Мавзуга оид