Ўзбекистон | 22:28 / 22.08.2018
4306
2 дақиқада ўқилади

ЮНЕСКО Ўзбекистондаги истиқболли лойиҳаларни қўллаб-қувватлайди

Олий Мажлис Сенат раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев, Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов, Қонунчилик палатасининг Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси раиси А.Саидов ва маданият вазири ўринбосари К.Оқиловалардан иборат Ўзбекистон делегацияси айни дамда Франция хизмат сафарида. 

Ташриф давомида Ўзбекистон делегацияси ЮНЕСКО бош директори ўринбосари Син Цюй ва Ташкилот раҳбари ўринбосари Эрнесто Рамирес билан музокаралар ўтказди. Музокаралар давомида улар Ўзбекистоннинг барча соҳаларида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар билан таништирилди. 

Шунингдек томонлар ўртасида ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш истиқболлари муҳокама қилинди. Тадбирда Ўзбекистон қатор йўналишлар бўйича ЮНЕСКО билан ҳамкорликка катта эътибор қаратаётгани қайд этилди. Айниқса, соғлиқни сақлаш ва республика маданий-тарихий меросини сақлаш ҳамда ривожлантириш йўлидаги ҳамкорлик алоҳида таъкидланди. 2018 йилнинг сентябрь ойи бошида ЮНЕСКО шафелиги остида Шаҳрисабзда ўтказиладиган I Халқаро Мақом форуми бунга яққол мисол бўла олади. 

Франция томон Ўзбекистонда таълим, илм-фан ва маданият соҳасида амалга оширилаётган ишларни юқори баҳолади ҳамда истиқболли лойиҳаларни амалга оширишда Ўзбекистонни қўллаб-қувватлашга тайёр эканликларини билдирди, зеро бу ишлар ЮНЕСКО глобал миссияси асосини ташкил қилади. 

Учрашув якунларига кўра, амалий натижаларга йўналтирилган қатор аниқ чора-тадбирлар билан бирга "Мамлакат дастури" қўшма имплементациясини қабул қилишга доир келишувга эришилди. 

Мавзуга оид