Ўзбекистон | 11:27 / 27.08.2018
24237
4 дақиқада ўқилади

Тўйларни тартибга солиш бўйича комиссиянинг асосий вазифалари нималардан иборат?

Фото: UzNews

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 7 октябрдаги «Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 274-сон қарорига қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қарори лойиҳаси жойлаштирилди.

Ҳужжат билан фуқаролар йиғинининг тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирлар ўтказилишини тартибга солиш масалалари бўйича комиссияси тўғрисидаги Намунавий низом тасдиқланиши мумкин.

Низомга кўра, комиссиянинг мақсади тегишли ҳудудда тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирлар ўтказилишини тартибга солишдан иборат.

Қуйидагилар комиссиянинг асосий вазифалари ҳисобланади:

тегишли ҳудуднинг маҳаллий урф-одатлари ва анъаналаридан келиб чиқиб, оилавий тадбирлар ўтказилишини тартибга солишга қаратилган қоидаларни белгилаш бўйича фуқаролар йиғини кенгашига таклифлар киритиш;

оилавий тадбирлар ўтказилишига масъул давлат ва жамоат ташкилотларига кўмаклашиш;

оилавий тадбирларни ўтказиш билан боғлиқ миллий ва диний қадриятларга, ахлоқ қоидаларига зид бўлган маросимлар, номақбул одатлар ва уларнинг салбий оқибатлари тўғрисида тарғибот ишларини олиб бориш;

тўй эгалари томонидан миллий урф-одат ва анъаналарни менсимаслик, шуҳратпарастлик, исрофгарчилик ҳолатларига йўл қўйилаётган хатти-ҳаракатларни жамоатчилик муҳокамасига қўйиш;

оилавий тадбирларни ўтказишда халқимиз маънавияти ва турмуш тарзига, ёшларимиз тарбиясига салбий таъсир кўрсатадиган, ортиқча сарф-харажатларга сабаб бўлаётган, тўйдан олдин ва кейин ўтказиладиган турли хил тадбирларнинг олдини олиш чораларини кўриш;

оилавий тадбирларнинг ортиқча сарф-харажатга сабаб бўлувчи янги турларининг ўйлаб топилишини олдини олиш;

жамиятда ижтимоий адолатни таъминлаш, оилалар ўртасида кескин табақаланишнинг олдини олиш, соғлом оилавий муносабатларни шакллантириш, аҳоли орасида шукроналик туйғуларини кучайтириш;

оилавий тадбирлар ўтказилиши устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш.

Комиссия фуқаролар йиғини томонидан фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари сайловидан сўнг бир ой ичида
8 – 12 нафар аъзодан иборат таркибда тузилади.

Комиссия аъзолари сони фуқаролар йиғини ҳудудидаги аҳоли сони ҳамда иш ҳажмига қараб белгиланади.

Комиссия таркибига фуқаролар йиғини раисининг (оқсоқолининг) ўринбосарлари (фуқаролар йиғини раисининг кексалар ва фахрийлар ишлари ҳамда ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчилари), туман (шаҳар) хотин-қизлар қўмиталарининг хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассиси, “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази туман (шаҳар) бўлими, Ёшлар иттифоқи туман (шаҳар) бўлими, фуқаролар йиғини ҳудудидаги ички ишлар органлари профилактика инспекторлари, имом-хатиб, таълим муассасалари раҳбарлари ёки уларнинг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосарлари, қишлоқ врачлик пункти (оилавий поликлиника) вакили, ҳаётий тажрибага эга бўлган, намунали оила бошлиқлари, аҳоли ўртасида обрў-эътиборга эга бўлган ҳамда ўзининг тарбиявий таъсирини ўтказа оладиган маҳалла фаоллари, шу жумладан ташаббускор ёшлар киритилиши мумкин.

Комиссия аъзолари ва раиси фуқаролар йиғини (фуқаролар вакилларининг йиғилиши) томонидан икки ярим йил муддатга сайланади.

Комиссияга раҳбарлик, қоида тариқасида, фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) томонидан амалга оширилади.

Комиссия таркибига номзод сифатида кўрсатилган шахс, агар фуқаролар йиғинида (фуқаролар вакилларининг йиғилишида) ҳозир бўлганларнинг ярмидан кўпи уни ёқлаб овоз берган бўлса, сайланган ҳисобланади.

Комиссия аъзоси муддатидан аввал комиссия таркибидан чиқса, комиссиянинг янги аъзоси бир ой муддат ичида фуқаролар йиғини (фуқаролар вакилларининг йиғилиши) томонидан сайланади.

Мавзуга оид