Ўзбекистон | 14:25 / 05.09.2018
293966
2 дақиқада ўқилади

Пахта терими учун тўлов миқдори маълум қилинди​

Фото: KUN.UZ

Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов 5 сентябрь куни Вазирлар Маҳкамасида бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида пахта терим кампаниясида 1 кг «оқ олтин» учун тўланадиган ҳақ миқдорини маълум қилди. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар бермоқда. 

Маълум қилинишича, пахта хом ашёси машинада терилганда, бир тонна учун 400 минг сўм, қўлда терилган бир килограмм пахта учун 650 сўмдан 1000 сўмгача ҳақ тўланиши белгиланди. 

Бунда, теримчилар биринчи босқичда контрактация шартномаси 60 фоизгача бажарилгунга қадар 1 кг пахта хом ашёсини терганида 650 сўм, иккинчи босқичда – 60 фоиздан 80 фоизгача 850 сўм, учинчи босқичда – 80 фоиздан ортганда 1000 сўмдан иш ҳақи тўлаш белгиланди.

Шунингдек, , аҳоли кам бўлган ҳудудлар учун алоҳида тартиб белгиланиб, Жиззах, Сирдарё, Тошкент вилоятларининг барча туманларида, шунингдек Қашқадарё вилоятининг Косон, Муборак, Нишон ва Касби, Сурхондарё вилоятининг Қизириқ ва Музработ туманларида қўлда терилган бир килограмм пахта учун қўшимча 150 сўм, озиқ-овқат харажатларига 150 сўм, жами 300 сўм устама ҳақи тўланиши айтилди. Масалан, пахта терим мавсумининг биринчи босқичиданоқ теримчилар юқорида қайд этилган ҳудудларда 1 кг пахта учун 950 сўмдан ҳақ олиши назарда тутилган. 

Ушбу маблағлар Молия вазирлиги ҳузуридаги қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармаси томонидан таъминланади. Шу мақсадда жамғармадан 246 млрд. 404 млн. сўм ажратилиши режалаштирилмоқда.

Мавзуга оид