Жаҳон | 15:40 / 06.09.2018
15924
2 дақиқада ўқилади

ОАВ: Британия Россия разведкасининг «бемалол» ҳаракат қилаётганидан ташвишда

Фото: Daily Telegraph

Буюк Британияда асаб-фалажловчи модда билан юз берган заҳарлаш ҳолатидан сўнг Россия разведкаси бутун дунё бўйлаб тартибсизликлар келтириб чиқариш мақсадида «бемалол» ҳаракат қилмоқда, дея огоҳлантиради Уайтхоллдаги (Бирлашган қироллик ҳукумати) манбалар. Лондоннинг фикрича, рўй берган заҳарлаш ҳодисасида Москванинг қўли бор. Бу ҳақда Британиянинг Daily Telegraph газетаси ёзмоқда.  

Буюк Британия бош вазири Тереза Мэйнинг маълум қилишича, Солсберида ГРУ собиқ зобити Сергей Скрипални заҳарлашга алоқадорликда айбланаётган шахслар ГРУ ходимлари саналади. Газетанинг ёзишича, Мэйнинг фикрича, ГРУ Скрипалга ҳужумни россиялик бошқа разведкачиларга «хабар йўллаш» мақсадида режалаштирган.

Даунинг-стритдан ваъда қилишларича, ГРУ тармоғини «бузиб ташлаш» учун барчаси қилинади, дея таъкидланади материалда. Шунингдек, Лондондан Россияга қарши кейинги санкциялар ва жавоб чоралари ҳақида огоҳлантиришган, деб ёзмоқда газета.

Уайтхоллдаги манбаларнинг фикрича, ГРУ «жазосиз қолиш ҳисси билан» ҳаракат қилмоқда. Шунингдек, билдиришларича, ҳарбий разведкада шунга ўхшаш операцияларга «иштаҳа пайдо бўлди».

«Кремл бундай бемалол ҳаракат қила олмаслигини тушуниши керак. Россия ўзлари нима қилаётган бўлса, бунга нарх тўлаши кераклигини англаб етиши лозим», - дея айтиб ўтди Британия ҳукуматидаги манба.

2006 йилда зобит Сергей Скрипаль жосусликда айбланиб Россияда судланган эди, кейин у 2010 йилда АҚШ билан маҳбуслар алмашинуви давомида озод қилинди. Шундан кейин у Буюк Британияга доимий яшаш учун кўчиб ўтди, Англиянинг Солсбери шаҳрида яшади. 2018 йил март ойида Сергей Скрипаль ва унинг қизи Юлияни ҳушсиз ҳолатда топишди. Британия полицияси маълумотларига кўра, уларга «Новичок» асаб-фалажловчи модда ёрдамида ҳужум қилинган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Виктория Скрипаль Россиядаги ҳар учинчи одам Скотланд-Ярд қидираётган шахсларга ўхшашини маълум қилганди.

Мавзуга оид