Ўзбекистон | 10:04 / 14.09.2018
7138
3 дақиқада ўқилади

Меҳнатни муҳофаза қилиш хизмати кўп сонли ташкилотларга мажбурий бўлиши мумкин

Фото: 123RF

Қонун ҳужжатлари таъсирини баҳолаш тизими порталида Ташкилотларда меҳнатни муҳофаза қилиш хизматини барпо этиш ва фаолиятини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низом лойиҳаси муҳокама қилинмоқда.

Norma’нинг ёзишича, бугунги кунда ишлаб чиқариш фаолиятини амалга оширувчи, ходимларининг сони 50 киши ва ундан ортиқ бўлган ташкилотларда меҳнатни муҳофаза қилиш хизмати ёки меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича мутахассис лавозимининг мавжуд бўлиши мажбурий саналади. Ходимларининг сони 50 нафардан кам бўлган ташкилотларда хизматни ташкил этиш ёки меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича мутахассисни қабул қилиш тўғрисидаги қарор иш берувчи томонидан қабул қилинади («Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги Қонуннинг 12-моддаси).

Лойиҳада ишлаб чиқариш фаолиятини амалга оширувчи, ходимларининг сони 50 нафардан кам бўлган ва биринчидан тўртинчигача касбий хавфлилик классига кирувчи ташкилотларда меҳнатни муҳофаза қилиш хизматини ташкил этиш ёки меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича тегишли тайёргарликка эга бўлган мутахассис лавозимини жорий этиш таклиф этилмоқда. 

Штатдаги ходимлар сони ва касбий хавфлилик классига қараб ташкилотларда меҳнатни муҳофаза қилиш хизматининг тавсия этилган тузилмаси келтирилган.

Лойиҳа мазмунидан келиб чиқишича, меҳнатни муҳофаза қилиш хизмати ёки меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича мутахассисга эга бўлиши шарт бўлган ташкилотлар рўйхати кенгайтирилмоқда. Бироқ матнда (Низом лойиҳасининг 3, 5, 7-бандлари жами ва юқорида тақдим этилган жадвал) мазкур мажбурият, мулкчилик шакли ва фаолиятнинг ўзига хос хусусиятларидан (ишлаб чиқариш ёки ноишлаб чиқариш) қатъи назар, барча ташкилотларга татбиқ этилиш-этилмаслиги унча тушунарли баён этилмаган.

Лойиҳага кўра меҳнатни муҳофаза қилиш хизмати ташкилотда ишловчилар сонидан келиб чиқиб турли шаклларда фаолият юритиши мумкин. Хусусан, давлат ва хўжалик бошқаруви, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари учун қуйидаги классификация белгиланган.

Бунда меҳнатни муҳофаза қилиш хизматида мавжуд штат бирликларини қисқартириш ёхуд бошқа таркибий бўлинмаларга қайта тақсимлашни тақиқламоқчилар.

Иш берувчиларнинг қуйидаги тоифалари меҳнатни муҳофаза қилиш функцияларини амалга ошириш учун профессионал иштирокчиларни жалб этишлари мумкин:

• ишлаб чиқариш фаолиятини амалга оширувчи, ходимларининг сони 50 нафардан кам бўлган ва биринчидан тўртинчигача касбий хавфлилик классига кирувчи ташкилотлар;

• ходимларни қонун ҳужжатларига мувофиқ ёлловчи якка тартибдаги тадбиркорлар;

• фермер хўжаликлари, башарти қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш бўйича ишлаб чиқариш мавжуд бўлмаса.

Меҳнатни муҳофаза қилиш хизматининг функциялари, вазифалари, ҳуқуқ ва мажбуриятлари, хизмат раҳбари ва мутахассисларига қўйиладиган малака талаблари белгиланган.

Лойиҳа ўзгартирилиши, унга қўшимча киритилиши ёки рад этилиши мумкин.   

Мавзуга оид