Спорт | 14:08 / 26.09.2018
13285
2 дақиқада ўқилади

«Уэмбли» сотилмоқда. Келишув тафсилотлари маълум

Англия футбол ассоциацияси Лондондаги «Уэмбли» стадионини «Фулҳэм» клуби соҳиби Шаҳид Хонга сотишга рози бўлди. Financial Times тарқатган хабарга кўра, томонларнинг апрель ойидан буён давом этаётган музокаралари ижобий келишув билан якун топган.

Манбада айтилишича, арена сотуви бўйича ҳал қилувчи қарор эртага, 27 сентябрь куни қабул қилиниши кутилмоқда. Шу куни ассоциациянинг 10 кишидан иборат директорлар кенгаши йиғилиш ўтказиб, ушбу таклифни овозга қўяди.

Келиб чиқиши Покистондан бўлган америкалик миллиардер «Уэмбли» учун 600 млн фунт (667 млн евро ёки 788 млн доллар атрофида) таклиф қилган. У «Уэмбли»ни ўзига қарашли «Жексонвиль Ягуарс» америкача футбол жамоаси ўйинларини ўтказиш мақсадида харид қилмоқчи.

Қайд этилишича, битим шартларига кўра, миллиардер муайян талабларни бажармаган тақдирда ёки қандайдир жиноят содир этган ҳолатда АФА стадионни қайтариб сотиб олиш ҳуқуқига эга бўлади. Шу билан бирга, харидор томони стадион номини ўзгартиришга ҳам ҳақли бўлмайди.

Англиянинг бош аренасида мамлакат терма жамоалари ва «Тоттенҳэм» клуби (15 декабргача) уй ўйинларини ўтказади. Шунингдек, унда ички кубок мусобақаларининг финал учрашувлари ҳам бўлиб ўтади.

«Уэмбли» стадиони 2002-2003 йилларда бузиб ташланган, унинг ўрнига қад кўтарган янги ўйингоҳ 2007 йилда очилган. 90 минг томошабинга мўлжалланган арена сиғими бўйича Бирлашган Қиролликда биринчи, Европада «Камп Ноу»дан кейин иккинчи ўринда туради. Стадион биносида АФА маъмурияти ҳам жойлашган.

Мавзуга оид