Жаҳон | 20:59 / 28.09.2018
53390
3 дақиқада ўқилади

Хитойнинг энг катта ҳақ олувчи актрисаси изсиз ғойиб бўлди

Хитойда мамлакатнинг энг катта ҳақ олувчи актрисаси – 37 ёшли Фань Бинбин йўқолиб қолди. “Икс одамлар” ва “Темир одам” фильмларининг юлдузи яқинлари билан охирги марта мулоқот қилгани ва онлайн пайдо бўлганига 3 ой бўлган.

Актриса телефон қўнғироқларига жавоб бермаяпти, ижтимоий тармоқларга кирмаяпти. Унинг қаердалиги ва умуман тирикми-йўқлиги номаълум.

Фото: instagram/fanbingbing_official

“Кўп мухлисларга, юқори даромад ва катта таъсирга эга бундай одам 2018 йилда замонавий, очиқ Хитойда бирдан изсиз йўқолиб қолди. Бу катта муаммодир”, деб ёзган колумнист Ши Шуси.

Журналистлар актриса ғойиб бўлишининг турли версияларини билдиришмоқда. Улардан бирига кўра, Бинбин солиқ идораларидан яширинмоқда. Киноюлдузда солиқларни тўламаслик билан муаммо жорий ёзда бошланган. Ижтимоий тармоқларда унинг хуфиёна шартномалари эълон қилинган: Бинбин фильмлардан биридаги иштироки учун деярли 8 млн доллар олган, аммо қоғозда 1,6 млн доллар олганини кўрсатган. Шу сабабли Хитой ҳукумати актрисага ижтимоий масъулиятлилик рейтинги бўйича нол балл берган. 

Яна бир тахминга кўра, Хитой компартияси аъзоси бўлган актриса интизомни текшириш марказий комиссияси тергови остига тушган бўлиши мумкин. Бу хизмат яширинча ишлайди, унинг ўз тергов изоляторлари ва терговчилари бор бўлиб, адвокатларнинг тергов жараёнида иштирок этиши кўзда тутилмайди. Бироқ актриса билан боғлиқ ҳолда унинг карьерасига путур етказмаслик мақсадида махфийлик зарурдир.

“Бундай одамнинг йўқолиши эҳтимол биринчи бор юз бермоқда. Чунки одатда мансабдор шахслар йўқолиб қолишади”, деб айтган хитойшунос Вита Спивак.

Фото: instagram/fanbingbing_official

Актрисанинг йўқолиши Хитойдан қочиб кетган, ҳозирда АҚШда яшовчи миллиардер Го Венгюй билан ҳам боғланмоқда. Business Insider нашрининг таъкидлашича, Бинбин миллиардерга қарши суд жараёни бошлаган. Венгюй актриса Хитой вице-президенти Ван Цишан билан алоқага эга бўлгани ҳамда кўчмас мулк билан ноқонуний битимлар ва порахўрликка аралашган бўлганини таъкидлаган. Актриса эса бу айбловларни ёлғон деб атаб, 2017 йил июлда Венгюй устидан судга шикоят қилган. 

Миллиардернинг ўзи эса актрисанинг йўқолишини Хитой ҳукумати вице-президентни “четлатиш” учун қўллаётгани билан боғлаган. 

Бироқ актриса ғойиб бўлиши тахминларининг бирортаси тасдиқланмаган.

Мавзуга оид