Туран яна можаро гирдобида. У узр сўраш билан қутулмайди
Дам олиш кунлари туркиялик қўшиқчи Беркай Шаҳин ва унинг рафиқаси Ўзлем Аде Шаҳин Истанбулнинг нуфузли тумани бўлмиш Эмирганда жойлашган тунги клублардан бирига ҳордиқ чиқариш учун боришганди. Бу клубга «Истанбул» жамоасида тўп сураётган таниқли футболчи Арда Туран ҳам дўстлари билан ташриф буюрганди.
Улар бир-бирлари билан таниш бўлишмаган. Ҳордиқ давомида Туран Беркайнинг рафиқасига қизиқиб қолган. «Агар мен уйланмаган бўлганимда, сенинг ёнингдан жим ўтмасдим», деган Туран.
Футболчининг бу шилқимлиги Беркайнинг ғазабини қўзитган. У футболчи билан баҳслаша бошлаган, футболчи эса унга мушт тушириб, бурнини синдирган. Шаҳинни зудлик билан шифохонага олиб кетишган ва операция қилишган.
Туран шу куни шифохонага тўппонча билан бориб, Беркайдан узр сўраган. У жабрдийдасига тўппончани тутқазиб, истаса ўзини отиб ташлаши мумкинлигини билдирган. «Мен у сенинг хотининг эканини билмагандим. Кечир. Истасанг, мени ўлдиришинг мумкин», – деган у. Шаҳин эса бу таклифдан фойдаланмаган.
Маълумот учун, Арда Туран шу йилнинг 11 мартида Аслихон Дўғанга уйланганди. Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған ва рафиқаси никоҳ маросимида гувоҳ сифатида иштирок этишган. Айни вақтда унинг рафиқаси ҳомиладорликнинг саккизинчи ойида.
Беркай – таниқли поп-қўшиқчи, рафиқаси эса – модель
2010 йилда Шаҳиннинг илк релизи Ele Inat чиққанди, ўшанда уни Туркияда йил қўшиқчиси дея эътироф этишган. Шундан кейин у яна иккита альбом чиқарган.
Ўзлем – машҳур модель, инстаграмда унинг 182 минг обуначиси бор. У айни вақтда университетда таҳсил олмоқда.
2016 йилда ушбу жуфтлик турмуш қурган, уларнинг бир фарзанди бор – кичик Арья айни вақтда 10 ойлик.
Туркияда Туранни муҳокама қилишмоқда
10 октябрь куни Туран инстаграмда воқеа ҳақида ёзди. У қўшиқчининг хотинига шилқимлик қилганини тан олмаган.
«Ҳа, мен ўша ерда баҳслашиб қолдим. У ерга дўстларим билан боргандим. Аммо баҳснинг сабаби ор ва номус эмасди. ОАВда воқеани бўрттириб юборишди», деган у.
Узр сўраганига қарамасдан, твиттерда Туранга кескин танқид қилишмоқда. Унга қаратилган постлар #arda #turan ҳештеги билан ёзилмоқда.
11: «Арда Туран ким ўзи? Аввалига у ёш истеъдод ва миллат фахри эди. Кейин пуллар уни ўзгартирди, у ўз характери билан бизни шарманда қилмоқда»
Yasemin: «Кимдир рафиқаси борлигини унутган кўринади…»
Pelin KILIÇ: «Мамлакат инқирозга юз тутмоқда, учинчи жаҳон уруши бошланиши арафасидамиз, бизнинг кун тартибимизда эса – истеъдодсиз футболчи Арда Туранми?»
Тураннинг узр сўраши Беркайни қаноатлантирмаган. Айни вақтда шифохонадан чиққан қўшиқчи футболчини судга беришга ҳозирлик кўрмоқда.
«Туран менинг хотинимни танимаслиги мумкин эмас. Биз ҳамиша бирга юрамиз, буни ҳамма билади. Биз ўз ҳуқуқларимизни ҳимоя қилиш учун барча воситалардан фойдаланамиз».
Шаҳиннинг рафиқаси ҳам шундай позицияда. «Агар жароҳат туфайли унинг овозига нимадир бўлган бўлса-чи? Беркай овози билан пул ишлайди», – дея норозилик билдирган у. Ўзлем Туран ўзига шилқимлик қилганини, доктор Беркайнинг бурнига 25та чок тикканини тасдиқлаган.
Туран Туркияда доимий равишда можаролар гирдобида
2017 йилнинг ёзида Туркия терма жамоаси устози Фотиҳ Терим Арда Туранни ўзи билан бир самолётда учган журналистни бўғганидан кейин терма жамоадан четлатганди. Терма жамоанинг янги бош мураббийи Мирча Луческу уни терма жамоага қайтармаслигини маълум қилган. Шундан сўнг футболчи терма жамоадаги фаолиятини якунлаганини эълон қилган.
2018 йилнинг мартида у рафиқаси ҳақида сўраган бошқа бир туркиялик журналистга унинг бошини олиб ташлаш билан таҳдид қилганди.
Шу йилнинг майида эса футболчи чемпионатнинг ўтган мавсуми 32-тури доирасида «Сивасспор»га қарши ўйинда ҳакамга фолни қайд этмагани учун ташланганди. Кейинроқ у 16 ўйинга дисквалификация қилинди.
«Истанбул» Туранни шу йилнинг январида «Барселона»дан ижарага олган, Арда истанбулликлар сафида 11 ўйинда майдонга тушган, унинг Туркиядаги статистика камтаргина: у бу ўйинларда 2 гол уриб, бир голга узатма берган. Унинг ижара муддати 2020 йилгача тузилган, турклар жамоаси футболчини муддатидан олдин ортга қайтариб юбора олмайди. Назарий жиҳатдан, каталонияликлар жамоаси футболчисини исталган маҳалда қайтариб олиши мумкин, аммо клубда ҳозирча унга зарурат йўқ.
Мавзуга оид
16:33 / 25.11.2024
Ўзбек аёлларини ҳақоратлаган туркиялик стендапчи: унга қарши Истанбул прокуратурасига ариза топширилган
00:48 / 23.11.2024
Turkish Airlines 23 ноябрга режалаштирилган қатор парвозларини бекор қилди
20:03 / 18.11.2024
Европанинг энг гавжум аэропорти номи эълон қилинди
20:33 / 31.10.2024