Спорт | 23:26 / 17.10.2018
5795
2 дақиқада ўқилади

Артуро Видаль қамоқ жазосидан қутулиб қолди

«Барселона» яримҳимоячиси Артуро Видаль тунги клубда муштлашгани учун 800 минг евро жаримага тортилди.

«Бавария»нинг собиқ футболчиси Мюнхен шаҳридаги Crown Club тунги клубида юз берган можаро юзасидан суд маҳкамасига чақирилди. Аммо у касбий сабабларга кўра судга келмади: футболчи Чили терма жамоаси билан Мексикада маҳаллий терма жамоага қарши ўртоқлик ўйинида иштирок этган эди.

Натижада, футболчига сиртдан ҳукм чиқарилиб, 800 минг евро миқдорида жаримага тортилди. Унинг маоши ойига 300 минг еврони ташкил қилади.

Эслатиб ўтамиз, Видаль ўз укаси Сандрино билан 2017 йилнинг 17 сентябрь куни шаҳардаги тунги клублардан бирида дам олаётганида, бир гуруҳ шахслар билан можарога бориб, муштлашув уюштирган, оқибатда бир киши жароҳат олган эди. Таъкидланишича, жароҳат олган шахснинг бошига бутилка билан зарба берилган, шундан сўнг у полицияга Видалнинг устидан ариза билан мурожаат қилди. Футболчига олти ойдан тўққиз ойгача бўлган муддатга қамоқ жазоси таҳдид қилаётган эди.

Мавзуга оид