Ўзбекистон | 10:23 / 17.10.2018
5136
3 дақиқада ўқилади

Автомактаблар фаолиятини содир этилган ЙТҲ сонига қараб баҳолаш таклиф этилди

Фото: Deskgram

“Менинг фикрим” жамоавий мурожаатлар порталида автомактаблар фаолиятини содир этилган йўл-транспорт ҳодисаси сонига қараб баҳолаш ҳақида петиция пайдо бўлди.

“Автомактаблар фаолиятини ЙТҲга қараб баҳолашни ва бу орқали уларни молиявий жазолаш ёки рағбатлантиришни таклиф қиламан. Маълумки, бизда ҳайдовчилик рухсатномасини олиш катта муаммо эмас. Хорижий илғор мамлакатларда ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш жуда мураккаб жараён ҳисобланади. Ҳайдовчилик гувоҳномасига даъвогар ҳар бир шахс автомактабнинг ўзидаги бир қатор мураккаб имтиҳонлардан ўтиши ва ўта олмаган шароитда қўшимча тўловларни амалга ошириб қайта топшириши кўзда тутилган. Бизда эса, “қайта топшириш учун қўшимча тўлов қилдим” ёки “имтиҳондан ўта олмадим” деган гапни деярли эшитмаймиз. Чунки деярли барча авто ишқибозлари уч ярим ойдан кейин “права” оламан деган гапни ишонч билан таъкидлайди ва шундай ҳам бўлади. Шу боис, автомактаблар фаолиятини тубдан қайта кўриб чиқиш ва уларнинг фаолиятини баҳолашда янгича ёндашувларга асосланиш лозим”, - деб ёзади петиция муаллифи.

Қайд этилишича, бунда нохуш ҳолатлар миқдорини камайтиришнинг йўлларидан бири, ЙТҲ содир этган шахсларнинг қайси автомактабда таҳсил олгани ва шу мактаб битирувчилари муайян муддат давомида қанча ЙТҲ содир этганлиги миқдорига қараб баҳолаш мезонини жорий қилишдир. Бунинг учун эса ҳайдовчилик гувоҳномасига қайси автомактабни тугатган бўлса, ўшанинг махсус код-рақами киритилиши лозим. 

ЙТҲнинг катта қисми қайси автомактабга тегишли бўлса, ана шу мактабни молиявий жазолашдан тортиб, фаолиятини тўхтатишгача бўлган чораларни кўриш мумкин. Ёки бутун мамлакатимиз бўйлаб қайси автомактаб ҳиссасига ЙТҲ нисбатан камроқ тўғри келса, ўша мактабга турли солиқ имтиёзларини тақдим этиш ва рағбатлантирувчи бошқа чораларни қўллаш мақсадга мувофиқ бўларди. Шундагина, ҳар бир автомактаб ҳайдовчиларни якуний имтиҳонгача жуда қаттиқ текшириб, чиғириқдан ўтказган ҳолда тайёрлашига тўғри келади. Шу тариқа, ҳайдовчилар айби билан бўладиган ЙТҲлар сезиларли даражада камайиши мумкин, дея ёзади мурожаат муаллифи.

Мавзуга оид