Истеъфолар ҳафтаси. Жиззах вилоятида ҳам бир ҳоким ишдан кетди
2018 йилнинг 18 октябрь куни халқ депутатлари Ғаллаорол тумани Кенгашининг навбатдан ташқари ўттиз еттинчи сессияси бўлиб ўтди. Сессия ишида ташкилий масала кўрилди. Бу ҳақда Жиззах вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.
Сессияда қатнашган Жиззах вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Ғанишер Маматқулов туманни ижтимоий иқтисодий ривожлантириш бўйича амалга оширилган ишлар ҳамда туман раҳбарияти томонидан йўл қўйилган камчиликлар тўғрисида сўз юритди.
Шундан сўнг Жиззах вилояти ҳокимининг Абдурашид Юлдашевни Ғаллаорол тумани ҳокими лавозимидан озод этиш тўғрисидаги қарори ўқиб эшиттирилган. Ушбу масала овозга қўйилиб, депутатлар томонидан бир овоздан маъқулланган.
Сессияда Жалолитдин Жамолович Оқбоев Ғаллаорол тумани ҳокими вазифасини бажарувчиси этиб тайинланган.
Сессия иши якунида туманни 2018—2021 йилларда комплекс ривожлантириш дастурини изчил амалга ошириш бўйича бажарилиши лозим бўлган вазифалар ҳамда ишлар тўғрисида батафсил сўз юритилган.
Қайд этиш керакки, бу жорий ҳафта ичида ишдан кетган еттинчи ҳоким бўлди.
14 октябрь куни бош вазир Абдулла Арипов раислигида пахта йиғим-терими масаласида бўлиб ўтган селекторда вилоятлар ҳокимларига республика бўйлаб 10 ҳокимни ишдан бўшатиш бўйича тақдимномалар киритиш ҳақида топшириқ берганди.
Ўша селектордан сўнг Фарғона вилоятида Фарғона шаҳри ва Фарғона тумани ҳокими, Хоразм вилоятида Урганч тумани ҳокими, Андижон вилоятида Олтинкўл тумани ҳокими, Сирдарё вилоятида Гулистон тумани, Тошкент вилоятида эса Ангрен шаҳри ҳокимлари ишдан олинди.
Мавзуга оид
07:24 / 17.12.2024
Жиззах ва Самарқанд вилояти ҳокимларига ўринбосарлар тайинланди
15:25 / 15.12.2024
Тошкент-Термиз йўлининг Жиззахдаги довондан ўтган қисмида юк автомобиллари ҳаракати вақтинча чекланди
18:54 / 10.12.2024
Жиззахда 1 млрд сўмлик қалбаки пул сотмоқчи бўлганлар ушланди
11:45 / 01.12.2024