Ўзбекистон | 16:42 / 30.10.2018
23116
2 дақиқада ўқилади

Наманганда халқ таълими ходимларининг пахта теримига жалб этиш ҳолати олди олинди 

Фото: KUN.UZ

Наманган вилоятининг Уйчи туманида халқ таълими ходимларининг пахта теримига жалб этиш ҳолати олди олинди, деб хабар қилмоқда Халқ таълими вазирлиги ахборот хизмати.

Қайд этилишича, Уйчи тумани ҳокими халқ таълими бўлими мудиридан Тошкент вилоятига бир нафардан мактабларнинг мавсумий ишчиларини пахта теримига юборишни талаб қилган.

Шунда ҳоким туманнинг барча мактаб директорларини тўплаб беришни ва улар билан суҳбатлашишини айтган. Мактаб директорлари билан учрашув давомида туман ҳокими пахта теримига бир нафардан ходим таъминлаб бериш юзасидан топшириқ берган.

Уйчи тумани халқ таълими бўлими мудири Ш.Муродов мактаб раҳбарларига ҳоким топшириғини бажармаслик юзасидан топшириқ бериб, халқ таълими ходимларини пахта терими жараёнига жалб этиш ҳолатини олдини олган.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 17 июль куни ўтказилган умумий ўрта таълим тизимини ислоҳ қилиш ва ривожлантириш масалаларига бағишланган йиғилишда ўқитувчиларнинг турли назорат органлари томонидан текширувини чеклаш, ободонлаштириш ишларига ўқитувчиларни жалб қилиш, турли йиғилишларда иштирок этиш, обуна кампанияси ва ўзларининг ваколатлари доирасида бўлмаган бошқа ишларга жалб қилишни тақиқлаш зарурлиги таъкидланган.

Мавзуга оид