Спорт | 09:49 / 07.11.2018
13095
2 дақиқада ўқилади

Сербиялик футболчи британиялик аскарлар хотирасини ёд этишдан бош тортди

Фото: Getty Images

“Манчестер Юнайтед” ярим ҳимоячиси Неманья Матич Англия чемпионатининг 11-туридан ўрин олган ўйинга футболкасига лолақизғалдоқ ёпиштириб чиқишдан бош тортди. 30 ёшли сербиялик ўйинчи лолақизғалдоқ қуролли тўқнашувларда, жумладан НАТО миссиялари таркибида иштирок этиб ҳалок бўлган британиялик аскарлар хотирасини ёд этиш белгиси эканлигини билгандан кейин шундай қарорга келган.

Футболчининг айтишича, у бу белгини тақиб юрувчи одамларни тушунади ва уларнинг бунга ҳуқуқларини ҳурмат қилади. “Бироқ мен ихтилофларда ўз яқинларини йўқотганларни ҳам тушунаман. Аммо бу мен учун болаликда бошдан кечиришимга тўғри келган ҳужумни эслатади. 1999 йилда менинг еримда бомбалар портлаганда қўрқувга тушган 12 ёшли бола эдим”, деб ёзган Матич инстаграмда

Унинг айтишича, майдонга лолақизғалдоқ билан тушишдан бош тортишига асосий сабаб Буюк Британиянинг Сербиянинг бомбардимон қилинишида иштирок этгани ҳисобланади.  

1999 йил мартида НАТО бирлашган кучлари Югославия ҳудудини бомбардимон қилишни бошлаган. Турли маълумотларга кўра, бу бомбардимонлар оқибатида 78 кун ичида 1200 дан 2500 гача киши ҳалок бўлган. 6 минг киши, жумладан 2700 бола жароҳат олган. Ўша вақтда Сербия ва Черногориядангина иборат бўлган Югославияга еказилган зарар бир неча миллиард доллардан ошиб кетган.

Мавзуга оид