Жаҳон | 09:30 / 25.11.2018
66208
12 дақиқада ўқилади

Курил ороллари кимники?

Фото: ТАСС, Сергей Красноухов

Дунё давлатлари ўртасида ўз ечимини кутаётган ҳудудий зиддиятлар талайгина. Тоғли Қорабоғ, Кашмир, Тибет, Голан тепаликлари...

Уларнинг айримлари бўйича қонли жанглар бўлиб ўтгани ҳолда ҳам якдил фикрга келинмаган. Икки давлат ўртасида расман тинчлик шартномаси имзоланмай, ҳамон уруш мақоми сақланиб турилишига сабаб бўлган ана шундай ҳудудий баҳслардан бири бу Россия ва Япония ўртасидаги Курил ороллари муаммосидир.

Кўпчиликни бир савол қизиқтиради: нега Россия одам деярли яшамайдиган, фойдали қазилмалари ҳам ҳаминқадар, ҳамиша давлат субсидиялари билан кун кечирувчи, ўз ҳудудининг мингдан бирича келмайдиган кичик ороллардан воз кеча қолмайди? Ахир бу давлатнинг сарҳадлари чексиз, амалда ҳеч нарса йўқотмайди. Қолаверса, қўшниси ва юксак тараққий этган давлат – Япония билан ва ниҳоят тинчлик шартномаси имзоланади. Япония дўстона ёрдам қўлини чўзса, Россиянинг ҳамиша иқтисодий ижтимоий муаммоларга кўмилиб юрадиган Узоқ Шарқ ҳудудлари ривожланиб кетиши мумкин. Энг муҳими, дунё етмиш йиллик яна бир зиддиятдан қутуларди.

Аммо ҳаммаси бу қадар оддий эмас.

Фото: Wikipedia

Россия Курил оролларидан воз кечмаслигининг сабаблари талайгина:

1. Энг муҳими, Россия Япония билан Курил ороллари муаммоси борлигининг ўзини тан олмайди. Яъни, бу ҳудудларга бўлган ҳуқуқи ҳатто муҳокама қилинмаслигини таъкидлайди. Баҳсли ҳудудлар бўйича БМТ низомига кўра бундай ҳудудларга ҳар икки томон даъво қилиши лозим. Россия бу ҳудудда ким биландир баҳслашадиган масаланинг ўзи йўқ деб ҳисоблайди.

2. Курил оролларини парча-парча қуруқликлардан иборат, деганлар қаттиқ адашади. Ҳоккайдодан Камчаткага қадар чўзилган бу архипелаг 1200 километрдан кўпроқ ҳудудга тарқалиб кетган. Яъни, ким бу оролларга эгалик қилса, ўз сарҳадларини камида шунча масофага кенгайтириб олади. Аммо бу ҳаммаси эмас. Курил ороллари ортида тўрт тарафи Россия ҳудудлари билан ўралган Охота денгиз бор. Курил ороллари балиққа бой бу денгизнинг ўзига хос дарвозаси бўлиш билан бирга, Россиянинг Сахалин ороли, Камчатка, Узоқ Шарқ ҳудудининг йирик шаҳарлари учун кемалар қатновида бу денгизга эмин-эркин кириб чиқишнинг аҳамияти ниҳоятда катта.

3. Муҳим жиҳатлардан яна бири бу оролларнинг ҳарбий аҳамиятидир. Маълумки, атом бомбаси ташлаган бўлса-да, АҚШ Япониянинг ҳудуддаги энг яқин ҳамкори ҳисобланади. Бир пайтлар Курил ороллари каби баҳсли ҳудуд бўлган Окинавада АҚШнинг улкан ҳарбий базаси узоқ йиллардан буён фаолият юритиши Россияни сергаклантирмай қўймайди.

4. Курил ороллари муаммоси ўзига хос «Домино эффекти»ни юзага келтириши мумкин. Гап шундаки, қачон Россия ва Япония ўртасида муаммога ечим изланса, бир томондан Финляндия бир вақтлар ўзиники ҳисобланган ҳамда иккинчи жаҳон уруши якунларига кўра бой берган Карелияга даъво қила бошлайди, иккинчи томондан ҳамон дунёнинг аксарият давлатларида ноқонуний эгаллаб олинган деб ҳисобланувчи Қрим муаммоси бош кўтаради, ҳудуди иккинчи жаҳон уруши натижаларига кўра белгиланган Калининград муаммоси эсланади. Бу ҳаммаси эмас. Россияга даъво қилишлари мумкин бўлган кичик ҳудудий масалалар яна анчагина.

5. Россияда ҳам Япониячалик бўлмасада, миллатпараст кучлар бор. Улар ҳудудий жиҳатдан бир қарич ерни бой беришни ҳам бутун тизимнинг таназзули сифатида қабул қилишади. Бир вақтлар Россия президенти Борис Ельцин Япониянинг иқтисодий кўмаги эвазига Жанубий Курил оролларидан воз кечишни истаган. Аммо ўша миллатпараст кучларнинг қаттиқ қаршилиги бу режани барбод қилган. Яъни, ҳар икки давлатда бу масалада ён берган сиёсатчи мамлакат тарихига «хоин» сифатида киришини яхши билишади.

Шу ўринда Япония нега бу ҳудудларни бунчалик талашиши ҳам қизиқ.

1. Япония Курил ороллари муаммосини нафақат қайта-қайта ёдга олаверади, балки бундай ороллар номини тилга олмаган ҳолда бу ҳудудларни «Япониянинг шимолий ҳудудлари, ажралмас қисми» сифатида кўради.

2. Япония иқтисодий гигант бўлгани ҳолда сиёсий қудрати нисбатан чекланган давлат ҳисобланади. Айниқса, иккинчи жаҳон уруши якунларига кўра бу давлат кўп ҳудудлари ва мавқеини бой берган. Айрим ҳужжатларга кўра Японияники эканлиги келтирилган бу ороллар масаласидаги баҳсда ҳам таслим бўлиш миллий ғурурга катта зарба бўлиши мумкин. Ҳатто қудратли қўшниси билан қуролли зиддиятга боришга тайёр эканлигини таъкидлаш билан ҳам ўз принципидан воз кечмайди.

3. Курил ороллари муаммоси (Япония наздида «шимолий ҳудудлар масаласи») Япония сиёсатининг «ўлмас мавзу»ларидан бирига айланган. Ҳар қандай йирик сиёсатчи айнан мана шу масаладаги қатъий позицияси билан сиёсий очко тўплайди. Сайловлар олдидан бу мавзу айниқса кучлироқ жаранглайди. Ҳар йили 7 февраль куни Японияда «Шимолий ҳудудлар куни» нишонланади ва жуда кўпчилик оролларни қайтаришга оид чақириқлар ҳамда шиорлар билан кўчаларга чиқишади.

Тарих нималардан сўзлайди?

Бу оролларнинг бунчалар узоқ давом этувчи баҳс объектига айланиши ўзига хос тарихга эга албатта. Руслардан ҳам, японлардан ҳам олдин бу оролларда айнлар қабилалари яшаб ўтишган. Айнан уларнинг тилида «куру» сўзи одам деган маънони англатади. Курил ороллари атамаси ҳам шу сўздан келиб чиққан. 1635-1637 йилларда япон экспедицияси аъзолари бу ороллар ҳақида қисман маълумот ёзиб қолдирган. Нисбатан тўлиқ маълумот 1643 йилда Мартин де Фриз бошлиқ голланд экспедицияси томонидан келтирилган ва Мартин де Фриз ҳудудни голланд ерлари деб эълон қилган, аммо амалда ҳудудни назорат қилиш бўйича бирор ҳаракат қилмаган.

Рус экспедицияси дастлаб 1646 йилда ташриф буюрган ва кейинги йилларда Россия оролларга қатор кемалар жўнатган. 1786 йилда рус императори Екатерина II ҳудудни узил-кесил Россия тасарруфига ўтказади ва хариталарга киритади. Шундан кейин бу ороллар билан боғлиқ масала анча вақтгача кўтарилмайди.

1855 йилнинг 7 февраль куни Россия ва Япония ўртасида келишув имзоланади ҳамда унга кўра Итуруп ва Уруп ороллари ўртасидан икки давлат чегараси ўтказилади. Шу тарзда Япония ҳозирда баҳсларга сабаб бўлаётган Итуруп, Кунашир, Шикотан ва Хабомаи ороллари гуруҳига эга бўлади. Қолган ороллар Россия тасарруфига ўтади. Айнан шунинг учун ҳам 1981 йилдан буён ҳар йили 7 февралда Японияда «Шимолий ҳудудлар куни» нишонланади.

Майда оролларга оид келишувга қарамай йирик орол – Сахалин масаласи очиқ қолади ва бу икки давлат савдогарлари ҳамда денгизчилари ўртасидаги зиддиятларга сабаб бўлаверади. 1875 йилнинг 7 майида имзоланган «Петербург шартномаси»га кўра Россия ўртада қолиб кетган 18 оролнинг барчасидан Япония фойдасига воз кечади ва эвазига Сахалиннинг тўлиқ ҳудудини ўзиники қилиб олади. Бу келишув ҳудудий зиддиятларга узил-кесил барҳам беради.

Аммо йигирманчи аср бошига келиб Японияда милитаристик руҳият ҳукмрон бўла бошлади. Бу давлат ўз қўшниларига қарши қатор юришлар қилди. 1905 йилдаги рус-япон уруши якунига кўра, Россия империяси Жанубий Сахалиндан воз кечишга мажбур бўлди.

Тарихдан маълумки, қудрат давлатлар ўртасида айланиб юради. Россиянинг вориси ҳисобланган СССР иккинчи жаҳон уруши якунларига кўра Японияга уруш очди ва барча эски аламларини тўлалигича чиқариб олди. Энди кунчиқар давлат нафақат Сахалиндан, балки Курил оролларидан ҳам мосуво бўлди. Барча ҳужжатлар имзоланди, бирор эътироз қилишга ҳоли бўлмаган Япония ороллардан воз кечди. Камига душмани ўзининг асосий ороллари чегарасига келиб қолди.

Кейинчалик, Япония талқинига кўра, бу келишувлар Россия ва Япония ўртасидаги қадимий чегараларга асослангани, бу чегараларга кўра Итуруп, Кунашир, Шикотан ва Хабомаи ороллари Япония тасарруфида қолиши кераклиги, Япония бу ороллардан воз кечмаганлигини таъкидлай бошлади. Айнан мана шу масала кейинчалик баҳслар юзага келишига сабаб бўлди ва бу баҳслар ҳануз ўз ечимини топмай келмоқда. Чунки, Россия бутун Курил ороллари назарда тутилганини таъкидласа, Япония бу ороллар бирор ҳужжатда кўрсатилмаганини далил сифатида дастак қилади.

Баҳсларга қарамай бу ороллар Россия тасарруфида ва бу давлат ўз ҳарбий қисмларини жойлаштириш орқали ҳудудга бўлган ҳуқуқини тасдиқлашга ҳаракат қилади.

1956 йилга келиб уруш ҳолатига чек қўйилмагани ҳолда икки давлат ўртасида дипломатик алоқалар тиклана бошланди. Айнан мана шу илиқлик даврида ороллар муаммосини ҳам ҳал этиб олишга уринилди. СССР ҳатто Япониянинг Кунашир ва Итуруп оролларига бўлган даъвосидан воз кечиши эвазига Хабомаи ҳамда Шикотан оролларини қайтариш истагини билдирди. Фақат бунинг учун бир шарт қўйди – аввал икки давлат ўртасида тинчлик шартномаси имзоланиши лозим.

Аммо бу пайт дунё қутблари ўртасида совуқ уруш бошланиб улгурган, ишга АҚШ аралашганди. АҚШ Япония ўз даъвосидан воз кечса, ҳозирда назорат қилиб турган ва келажакда Японияга қайтарилиши режалаштирилаётган Окинава оролини қайтармаслигини билдирди.

Шу тарзда музокаралар яна боши берк кўчага кириб қолди, ороллар муаммоси ечилмагани сингари тинчлик шартномаси ҳам имзоланмади. Кейинги йилларда ҳам деярли ҳар йили шу масала кўтарилсада, томонлар юзлаб марта бу мавзу юзасидан учрашишган бўлсада, музокараларда айтарли силжиш кузатилмади.

Вақти-вақти билан бу масала юзасидан зиддият кескинлашиб кетади. Масалан, 2010, 2012 ва 2015 йилларда Россия президенти ва кейинчалик бош вазири Дмитрий Медведев баҳсли оролларга шахсан ташриф буюрган.

Медведев Курилда
Фото: ИТАР-ТАСС

Бу ҳаракатлар Япония томонидан жуда оғриқли қабул қилинган ва Япония ТИВ ўз норозилигини билдирган. Аммо Россия ТИВ бу масалада Москва Токио қарашларини ҳисобга олмаслигини эълон қилган. Бунинг устига 2012 йилнинг 14 февралида Россия қуролли кучлари бош штаби раҳбари, армия генерали Николай Макаров Кунашир ва Итуруп оролларида янги ҳарбий база қурилиши тўғрисида баёнот берди.

Япония ҳам жим турмади албатта. Синдзо Абэ бу мамлакат бош вазирлигига тайинлаганидан бери Курил ороллари масаласи бўйича 30 раунддан ортиқ музокаралар олиб борди.

Амалда ҳеч қандай силжиш бўлмаётгани учун «Шимолий ҳудудлар куни» муносабати билан жорий йилнинг 8 февралида уюштирилган умуммиллий съездда сўзга чиққан Синдзо Абэ ҳатто масала тинч йўл билан ҳал этилмаса, ҳудудларни қайтариш учун куч ишлатишга ҳам тайёр эканлигини эълон қилиб юборди.

Расмий Москва эса бу сўзларга жавобан Япония ўзига ортиқча баҳо бераётгани, босиқлик қилмаслик яхши оқибатларга олиб келмаслигини билдирди.

Путин ва Абэ Владивостокдаги дзюдо бўйича турнирда
Фото: Reuters

Таҳдидларга қарамай ҳар икки томон урушдан асло манфаатдор эмаслиги жуда яхши маълум. Шунинг учун Синдзо Абэ яқинда берган интервьюсида бу муаммони келгуси авлодга қолдириш ниятида эмаслигини, ҳамкасби Владимир Путин билан бу борадаги музокаралар самарали бўлаётгани ҳамда охир-оқибат келишувга келиш мумкинлигини билдирган.

Аброр Зоҳидов

Мавзуга оид