Жаҳон | 15:04 / 28.11.2018
22236
2 дақиқада ўқилади

Мигрант аёл АҚШдан 60 млн доллар талаб қилди

Америка Қўшма Штатларига қўлида бир ёшли чақалоқ билан кирган гватемалалик мигрант аёл фарзандининг вафоти туфайли давлатдан 60 миллион доллар талаб қилди. Бу ҳақда NBC News хабар бермоқда.

Язмин Хуарез қизи Мария вафот этганида давлат тузилмаларини айбламоқда. Унинг вакиллари билдиришича, бола онаси билан Техас штати Дилли шаҳридаги мигрантларни сақлаш марказида бўлган пайтида касалга чалинган. Нафас йўлларининг жиддий хасталигига қарамай, қиз ва онаси етарли тиббий ёрдам кўрсатилмай туриб марказдан чиқариб юборилган. Бир ярим ойдан кейин у ҳаётдан кўз юмди.

Arnold & Porter юридик фирмаси иш билан шуғулланмоқда. Унинг вакили Р. Стэнтон Жонс маълум қилишича, давлатда Хуарезга товон пули тўлаб бериш учун ярим йил бор, акс ҳолда иш судга юборилади. «Болаларни қамоққа олиб, АҚШ ҳукумати уларнинг хавфсизлиги, қулайлиги ва санитария шароитлари учун жавобгарликни ҳам ўз зиммасига олади», - деди у.

Дилли шаҳридаги ноқонуний мигрантларни сақлаш марказида Америка миграция хизматлари оналарни болалари билан жойлаштиради.

Мавзуга оид