Ўзбекистон | 11:25 / 03.12.2018
12803
3 дақиқада ўқилади

3 йиллик виза ҳамда вақтинча прописка учун инвесторлар 650 доллар тўлайдилар

Фото: Depositphotos

Вазирликлар, идоралар ва хўжалик бошқаруви органлари томонидан ундириладиган хорижий валютадаги бож ставкалари, йиғимлар ва солиқ бўлмаган бошқа тўловларнинг тарифларига қўшимчалар киритилди, деб ёзмоқда Norma.

Эслатиб ўтамиз, инвестиция муҳитини яхшилаш мақсадида камида 8 500 ЭКИҲ (1 млрд 723 млн 205 минг сўм) миқдорида хўжалик жамиятларининг акциялари ва улушларини сотиб олиш, шунингдек хорижий корхона ташкил этиш шаклида Ўзбекистонга инвестиция киритган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга кўп марталик 3 йиллик виза олиш ҳуқуқи берилган. Унинг амал қилиш муддатини чекланмаган миқдорда узайтириш мумкин. Бундан ташқари, инвестор визанинг янги муддатини расмийлаштириш учун Ўзбекистондан чиқиши талаб этилмайди.
 
Қабул қилинган ҳужжат билан 28.11.2018 йилдан бошлаб қуйидаги бож миқдорлари белгиланди:

•  чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга 3 йилгача муддатга кўп марталик кириш-чиқиш визасини расмийлаштирганлик учун – 350 АҚШ доллари (визанинг карралилигини расмийлаштиришда ставка 10 АҚШ долларига ошади);
•  чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни кириш визаси амал қиладиган муддатга вақтинча прописка қилганлик ҳамда визанинг амал қилиш муддатини узайтириш даврида вақтинча пропискани узайтирганлик учун – 300 АҚШ доллари.
 
Шуни ҳам эслатиб ўтамизки, 1.12.2018 йилдан бошлаб мазкур фуқаролар ҳеч қандай рухсат берувчи тартиб-таомилларни ўтмаган ҳолда ўзлари муассиси бўлган ташкилотнинг исталган лавозимида меҳнат фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқига эга.
 
Маълумот учун: кириш визасини расмийлаштириш тартиби Хорижий фуқароларнинг ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг Ўзбекистон Республикасига келишлари ва Ўзбекистон Республикасидан кетишлари тартибининг II бўлимида белгиланган. Чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни вақтинча прописка қилиш тартиби эса қуйидаги ҳужжатлар билан белгиланган:
 
•  Чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни доимий ва вақтинча прописка қилиш тартиби тўғрисидаги низом (ВМнинг22.10.2018 йилдаги 845-сон қарорига 2-илова);
•  Чет эл фуқаролари ҳамда фуқаролиги бўлмаган шахсларни Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий ва вақтинча прописка қилиш тартиби тўғрисидаги низом (ВМнинг 16.02.2012 йилдаги 41-сон қарорига 2-илова).
 
Ҳужжат 28.11.2018 йилдан кучга кирди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ходимлари Тошкентда доимий прописка олиши мумкин бўлган ташкилотлар сони яна биттага кўпайиши хабар берилганди.

Мавзуга оид