Жаҳон | 23:09 / 03.12.2018
17863
7 дақиқада ўқилади

«Катта» Буш – ҳарбий учувчи, миллионер, МРБ бошлиғи ва президентнинг отаси

Шу йилнинг 30 ноябрь куни АҚШнинг собиқ президенти «Катта» Жорж Буш 94 ёшида вафот этди. Унинг президентлик даври дунё кўплаб ўзгаришларни бошидан кечираётган – СССР парчаланиши, Берлин деворининг қулаши даврига тўғри келганди. «Катта» Буш АҚШ ва жаҳон сиёсатида қандай ишлари билан ёдда қолди?

Сенаторнинг ўғли, юқори синфлар президенти

Жорж Буш 1924 йилда Массачусетс штатидаги Милтон шаҳарчасида сенатор ва банкир Прескотт Буш ва Дороти Уокер Буш оиласида дунёга келган. Кейинроқ уларнинг оиласи Коннектикут штатидаги Гринвич шаҳрига кўчиб кетади. Буш Гринвичдаги мактабда таҳсил олади, 1936 йилдан эса Эндовердаги Филлипс академиясида ўқийди. У бу ерда юқори синфлар президенти, талабалар кенгаши котиби, мактаб газетаси таҳририяти аъзоси, бейсбол ва футбол бўйича терма жамоалар сардори бўлади.

Ҳарбий учувчи

1941 йил декабрда японларнинг Пёрл-Харборга ҳужумидан сўнг Буш АҚШ ҳарбий-денгиз кучларига киришга қарор қилади. У 1942 йил бошида Филлипс академиясини битирганидан сўнг 18 ёшида денгиз учувчиси бўлади. Ўн ойлик машғулотлардан кейин Буш Корпус Кристи ҳарбий-денгиз авиабазаси захирасининг кичик офицерига айланади. 1943 йил 9 июнда у ўша даврнинг энг ёш денгиз учувчиси бўлади.

Иккинчи жаҳон уруши давомида кўплаб ҳарбий операцияларда иштирок этган Буш қатор медаллар билан тақдирланади ва 1945 йил сентябрда ҳарбий хизматдан бўшайди.

Бизнесмен ва миллионер

Буш ҳарбий хизматга киргунига қадар Йель университетига қабул қилинганди. Хизматдан сўнг у ўқишни давом эттиради. Жорж тезлаштирилган дастур асосида таълим олади ва 4 йил ўрнига икки ярим йилда ўқишни битиради. Ўқишни битиргач, у оиласи билан ғарбий Техасга кўчиб ўтади. Отасининг алоқалари унга нефть бизнесига - Brown Brothers Harriman & Co компаниясининг шўъба корхонаси бўлган Dresser Industries компаниясига савдо бўйича мутахассис сифатида ишга жойлашишига ёрдам беради. Унинг отаси бу ерда 22 йил давомида директорлар кенгашида ишлаганди.

Буш 1951 йилда нефть қазиб олиш билан шуғулланадиган Буш-Оверби компаниясига асос солади ва икки йилдан сўнг Zapata Corporation нефть компаниясининг ҳаммуассисига айланади. 1954 йилда Zapata Offshore Company шўъба компаниясининг директори бўлади. Компания 1958 йилда мустақил бўлади, Буш 1964 йилгача компания президенти, 1964-66 йилларда эса директорлар кенгаши раиси сифатида фаолият кўрсатади. Бу пайтга келиб Жорж Буш миллионерга айланганди.

Сиёсатга қадам

Жорж Буш ўз компаниясига асос солган пайтдаёқ сиёсатга киради ва Вакиллар палатаси аъзоси бўлади. У 1964 йилда Ҳаррис округи бўйича республикачилар партиясининг раиси бўлади, аммо сиёсатга янада чуқурроқ кириш мақсадида Техас сенатига ўз номзодини илгари суради, аммо сайловда етарли овоз ололмайди.

Буш сиёсатдан воз кечмайди ва 1966 йилда Вакиллар палатасига сайланади, икки йилдан сўнг эса иккинчи муддатга сайланади.

1970 йилда президент Никсон Бушни Вакиллар палатасидан кетишга ва Сенатдан ўрин олиш учун курашишга кўндиради. Буш сайловларда мағлубиятга учраганидан сўнг Никсон уни АҚШнинг БМТдаги мунтазам вакили этиб тайинлайди. Жорж Буш 1971 йилдан бошлаб икки йил давомида БМТда фаолият кўрсатади.

Никсондан кейин келган президент Жеральд Форд Бушни ХХР билан алоқалар бўйича бюро бошлиғи этиб тайинлайди. Буш 14 ойни Хитойда ўтказади.

1976 йилда Буш Вашингтонга қайтади ҳамда Марказий разведка бошқармаси директори этиб тайинланади. У бу лавозимда 357 кун фаолият олиб боради.

МРБдан кетганидан сўнг Буш Хьюстондаги Биринчи халқаро банк ижроия қўмитасининг раиси бўлади. 1977—1979 йилларда Халқаро муносабатлар бўйича кенгаш директори лавозимида фаолият олиб боради.

Рейганнинг танлови

Ўтган асрнинг 70-йиллари охирида Буш ўзини 1980 йилги президент сайловларига ўз номзодини қўйишга тайёр деб ҳисоблайди. 1979 йилдаги сайлов кампанияси давомида у 850та сиёсий тадбирда қатнашади ва 400 000 километрдан ортиқ йўл босади.

Буш Нью-Ҳемпширдаги праймеризда Рональд Рейганга мағлуб бўлади. У қолган праймеризларда ҳам мағлубиятга учрайди ва май ойида президентлик пойгасидан чиқади.

Аммо Рейган уни вице-президентликка номзод сифатида танлайди ва 1981 йилдан Буш вице-президент сифатида иш бошлайди.

1984 йилда Рейган ва Буш қайтадан сайланиш учун ўз номзодларини қўйишади ва ғалаба қозонишади.

Саккиз соатлик президентлик

Вице-президентлигининг иккинчи муддати бошида Буш ёрдамчилари билан 1988 йилги президент сайловларига ўз номзодини қўйишни режалаштиради. 1985 йилда бу борада қўмита тузилади ва Буш учун икки миллион доллардан ортиқ маблағ тўпланади. 1985 йил 13 июлда Жорж Буш расман президент вазифасини бажарган илк вице-президентга айланади. Рейган шифохонада операция қилинаётган пайтда Буш 8 соат давомида президент вазифасини бажарганди.

Ўзгаришлар даври президенти

Жорж Буш 1988 йилда АҚШ президенти этиб сайланди. У 1836 йилдан буён сайловларда ғалаба қозониб президент бўлган илк вице-президент бўлди. У шунингдек, 1929 йилдан буён ўзидан олдинги президентнинг партиясидан сайланган биринчи президентга айланди.

Бушнинг инаугурация маросими 1989 йил 20 январда бўлиб ўтди. Жорж Буш дунёда улкан ўзгаришлар содир бўлаётган – Берлин девори қулаган, СССР парчаланаётган даврда ҳукумат тепасига келди.

Президентлик муддати бошида Буш бюджет дефицити муаммоси билан тўқнаш келди. 1980 йилдан буён дефицит миқдори уч баравар ўсиб, 220 миллиард долларга етганди. Буш дефицитни тўхтатишга қарор қилди, у бунингсиз Америка жаҳон етакчисига айлана олмаслигига ишонарди. У Конгрессни бюджетга мувофиқ иш кўриш ва давлат харажатларини камайтиришга кўндирди.

Аммо иқтисодий рецессия ва сайловолди кампанияси давомида берилган ваъдаларга зид тарзда солиқларнинг оширилиши, ишсизликнинг кучайиши Бушнинг рейтингига салбий таъсир кўрсатди ва у 1992 йилги сайловларда мағлубиятга учради.

Нима учун «Катта» Буш ва бошқа маълумотлар

  • «Катта» Жорж Буш даврида АҚШ Панамага (1989 йил) ва Ироққа (1991 йил) бостириб кирган.
  • 2001 йилда ўғли Жорж Буш АҚШ президенти этиб сайланганидан сўнг, «АҚШ президенти Жорж Буш» дейилганида уни тушунмасликлари учун унга норасмий «Катта» лақаби берилган.
  • У 75 ёшидан бошлаб ҳар 5 йилда туғилган кунини парашютда сакраб нишонлаган – сўнгги марта у 90 ёшида парашютда сакраган.
  • Буш 2017 йил 24 ноябрда АҚШ тарихидаги энг узоқ умр кўрган президент сифатида рекорд қўйган бўлса, 2018 йил 12 июнда АҚШ тарихидаги 94 ёшга етган биринчи президентга айланган.
  • Буш 1945 йилда Барбара Пирс билан турмуш қурган. Улар олти фарзанд – тўрт ўғил ва икки қизни дунёга келтиришган. Фарзандлари орасида Жорж Уокер Буш АҚШнинг 43-президенти, Жэб Буш эса Флориданинг 43-губернатори бўлган.

Мавзуга оид