Ўзбекистон | 14:00 / 05.12.2018
75034
2 дақиқада ўқилади

Ucell давлатга сотилди

Coscom мобил алоқа операторига (Ucell) эгалик қилган Telia Company швед-фин компанияси ўзининг барча улушини (акцияларнинг 94 фоизи) Ўзбекистон Республикаси Давлат рақобат қўмитасига сотди. Компания пресс-релизида Ucell'ни 215 млн долларга сотиш ҳисобига шу кунгача шаклланган эски мажбуриятлар сақланиб қолаётгани маълум қилинган.

Манбаларга кўра, мобил операторига эндиликда UzMobile миллий мобил алоқа операторининг собиқ бош директори Владимир Кравченко бош директор бўлган.

Маълумот учун, 2007 йилнинг июлида Telia (ўша вақтда Telia Sonera) Coscom'нинг асосий акционерига айланганди. 2008 йили эса оператор Ucell бренди остида фаолият юрита бошлаганди. Компанияда 1250 нафарга яқин ходим ишлаб келмоқда. Абонентлар сони 7 миллион атрофида. 

Telia МДҲ ва Марказий Осиё бозоридан кетиши аввалроқ маълум бўлганди. 2017 йилнинг октябрида Telia Company телекоммуникация ҳолдинги россиялик миллиардер Алишер Усмоновнинг USM Holdings компанияси назорат қиладиган алоқа оператори «Мегафон»даги акцияларини сотганди. 2018 йилнинг февралида эса Қозоғистонда фаолият олиб борган KCell «Казахтелеком»га сотиб юборилди.

Қайд этиш керакки, 2017 йили Telia АҚШ Адлия вазирлигига Ўзбекистондаги коррупция иши бўйича қарийб 1 млрд. доллар (965 миллион доллар) тўлаганди. Бунга Telia Sonera 2007-2010 йилларда Ўзбекистон бозорига чиқиш учун тахминан 300 млн. доллар пора бергани сабаб бўлганди (журналистлар 2012 йилда ушбу маълумотни аниқлашган ва охир-оқибат компания ўз айбини тан олганди).

Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг ноябрида UMS мобиль операторининг 100 фоизлик давлат улуши «Рақамли ишонч» жамғармасига берилганди.

Эндиликда Ўзбекистон мобил алоқа бозорида атиги битта нодавлат оператор - Beeline қолмоқда. Uzmobile'га қўшилиб UMS ва Ucell мобил операторлари ҳам давлат компанияларига айланишди.

Мавзуга оид