Light | 14:56 / 06.12.2018
25264
3 дақиқада ўқилади

Нима учун қутб ёғдуси ранг-баранг? 

Қутб ёғдуси – бизга маълум бўлган энг ёрқин табиат ҳодисаларидан бири. Бу минг йиллар давомида одамларни ҳайратга солган. У илк марта 30 минг ёшдаги кроманьон ғор тасвирларида акс эттирилган. Бу ҳодиса ҳақидаги илк ёзувлар эса милоддан аввалги 2600 йил қадимги Хитой манбаларида учрайди. 

Фото: Wikipedia

Фақат 1619 йилга келибгина ҳодисага лотинча «aurora borealis» номи берилди. Бу атама Галилей томонидан ўйлаб топилган. Ўша пайтларда қутб ёғдусидаги ёруғлик тонгги қуёшдан чиқиши ва Ер атмосферасида акс этади деб ҳисобланган. Шунинг учун олим бу табиат ҳодисасига Римнинг тонг маъбудаси ва грекларнинг шимолий шамол худоси номларини берган.

1749 йилда одамлар қуёш циклларини кузатишни бошлашди. Натижада улар Қуёшда доғлар бўлганида ёғду янада ёрқин нур сочишини аниқлашган. Ўша вақтдан бери, яъни вақт ҳисоби юритила бошланганидан бери жами 22 қуёш цикли ўтди. 

Фото: Wikipedia

Бугун ёғду тонгги ёруғликдан келиб чиқмаслигини биламиз, бироқ унинг номи ўзгармади. Aurora borealis – бу шимол ёғдуси: жанубча шакли эса aurora australis. Ҳар иккала ҳодиса ҳам Қуёш томонидан ажратиладиган қувват олган зарралар сабаб юзага келади. Шунинг учун у қуёш тўфонлари вақтида янада кучли ва ёрқин тус олади. Бу зарралар атмосферамиз молекулалари билан тўқнашганида биз кўрадиган ёруғлик пайдо бўлади. Турли молекулалар турли ранглар ҳосил қилади.

Улар орасида энг кўп тарқалгани – ўзига хос яшил-сариқ рангдагиси. У кислород билан ўзаро ҳаракатда бўлган Қуёш зарраларидан ҳосил бўлади. Бу яшил рангдаги нурлар сайёранинг тепасидаги 240 километр оралиғида юзага келади. 

Фото: Wikipedia

Қуёш зарралари азот билан қўшилганида ёруғлик қизил, кўк ёки сиёҳрангда бўлади. Бу баландликка боғлиқ – қизиқ нурлар 240 км баландликда ҳосил бўлса, кўк – 95 км, сиёҳранг – улар орасида юзага келади.

Яна шундай ранглар борки, уларни фақат махсус спутник камералари орқали кўриш мумкин. Ана ўшанда ультрабинафша рангидаги қутб ёғдусини кузатиш имкони пайдо бўлади.

Бироқ биз билмайдиган яна бир жиҳат бор – шимол ёғдусининг турли шаклларда бўлишининг сабаби нимада? У булут, тўлқин, спираль ва горизонт бўйлаб тўғри чизиқ шаклида кузатилади.

Фото: Wikipedia

Айрим маданият вакиллари уларни эзгу деб эмас, ёвуз – бўлажак уруш ва фожиа белгиси санайдилар. Финляндияда шимол ёғдуси – «оловли тулкилар», Шотландияда – фаришта, Скандинавияда эса – яхши балиқ овидан дарак берувчи ҳодиса ҳисобланади. Инуитлар учун улар тунги осмонда рақсга тушувчи ҳайвонлар руҳлари эди.

Мавзуга оид