Ўзбекистон | 16:43 / 07.12.2018
18665
2 дақиқада ўқилади

Аҳолига табиий газ етказиб бериш тизимини модернизация қилиш таклиф этилди 

Фото: РИА Новости / Стрингер

“Менинг фикрим” жамоавий мурожаатлар порталида аҳолига табиий газ етказиб бериш тизимини модернизация қилиш ҳақида петиция пайдо бўлди.

Қайд этилишича, аҳоли хонадонларини газлаштириш ишларининг пала-партиш амалга оширилгани натижасида истеъмол учун табиий газнинг етарли эканлигига қарамасдан, чекка ҳудудларнинг аксарият жойларига газ қувурлари етиб борган бўлса ҳам, куз-қиш мавсумида ушбу ҳудудларга газ етиб бормайди.

Шу сабабдан, ушбу тизимда модернизация ишларини амалга ошириш бўйича дастур ишлаб чиқиш ҳамда тизимни босқичма-босқич хусусий секторга топшириш ва тижорий муносабатлар асосида нархнинг шакллантирилишига имкон берувчи қонунчилик базасини яратиш лозим. Шу билан бирга, аҳолига газ етказиб бериш тизимини автоматик бошқаришни жорий қилиш тизимдаги йўқотишларнинг камайишига ҳамда хизмат сифатининг кескин ошишига сабаб бўлади. Бундан ташқари, автоматик бошқарув тизимининг қўлланилиши натижасида, газ етказиб бериш тизимини ҳар йили қишки ёки ёзги мавсумга мослаштириш ишларини бажаришга зарурат қолмайди, дейилади мурожаатда. 

“Жорий қилинган автоматик тизим бирор-бир аҳоли пунктида газ истеъмоли кўпайган вақтда автоматик тарзда ушбу ҳудудга етказиб берилаётган газ миқдорини оширади, аксинча истеъмол қисқарганида эса камайтиради. Тўғри, ушбу тизим қиммат туради. Аммо унинг қийматини етказиб берилаётган газ нархига қўшиш орқали ушбу тизимни жорий қилиш, унга хизмат кўрсатиш харажатларини қоплаш мумкин”, - деб ёзади петиция муаллифи.

Мавзуга оид