Жаҳон | 21:16 / 08.12.2018
13733
2 дақиқада ўқилади

“Ахмоқ ва дангаса”: Трамп собиқ давлат котибининг танқидига жавоб берди 

Фото: twitter.comPDChina

АҚШ президенти Дональд Трамп собиқ давлат котиби Рекс Тиллерсонни “пўкак каби ахмоқ ва ўта дангаса” деб атади. У бу ҳақда твиттерда маълум қилди.  

Аввалроқ Тиллерсон CBS телеканалига интервьюда Трампни интизомсиз ва жуда қизиққон деб атаган ҳамда турли идоралар томонидан у учун махсус тайёрланган ҳужжатларни ўқимаганликда айблаган. Собиқ давлат котибининг таъкидлашича, у бир неча маротаба Трампни қонунни бузишдан тўхтатиб қолган.

“Майк Помпео яхши ишламоқда, мен у билан фахрланаман. Ундан аввалги Рекс Тиллерсон керакли ақлий қобилиятларга эга бўлмаган. У пўкак каби ахмоқ бўлган ва мен ундан иложи борича тезроқ халос бўлишим керак эди. У ўта дангаса бўлган. Энди эса ўйин умуман ўзгача бормоқда, давлат департаментида умуман бошқача кайфият”, деб жавоб берган Трамп Тиллерсоннинг танқидига.

Тиллерсон АҚШ давлат котиби лавозимини 2017 йил февралидан 2018 йил мартигача эгаллаган. У истеъфога кетказилгач, давлат котиби лавозимига Марказий разведка бошқармасининг собиқ директори Майк Помпео тайинланганди.

Мавзуга оид