Фан-техника | 09:35 / 13.12.2018
24056
3 дақиқада ўқилади

2018 йилнинг энг хавфсиз автомобиллари маълум қилинди  

Фото: Hyundai

Европанинг Euro NCAP ташкилоти краш-тестлар натижаларига кўра 2018 йилнинг энг хавфсиз автомобилларини аниқлаб олди. Энг яхши моделлар 4 та асосий йўналиш бўйича танлаб олинди.  

“Катта ўлчамли оилавий автомобиль” йўналишида янги авлоддаги Lexus ES седани энг хавфсиз машина деб топилди. Мутахассислар бу автомобилни октябрда краш-тестдан ўтказишган. Седаннинг ҳайдовчи ва йўловчилар ҳимоялангани даражаси 91 фоизга, болаларнинг ҳимоялангани 81 фоизга, йўловчилар ва велосипедчилар ҳимоялангани 90 фоизга баҳоланган, ёрдамчи тизимлари 77 фоизга ишлаган. Краш-тестлар ушбу машинанинг орқа ўриндиғида ўтирган йўловчилар олд урилишда бел соҳасида жиддий жароҳатлар олиши мумкинлигини кўрсатган. Автомобилнинг электрон тизимлари, жумладан фавқулодда тормозлаш ўзини яхши кўрсатган. Автомобиль, шунингдек, “Гибрид ва электрокарлар” йўналишида ҳам энг яхши деб топилган.

Mercedes-Benz A-Class хэтчбеги “Кичик ўлчамли оилавий автомобиль” йўналишида ғолиб бўлди. Янги модел краш-тестларнинг барча турларидан деярли танқидсизлар ўтган. Бироқ шунга қарамай, мутахассислар кўринмайдиган ҳудудлар функцияси ишидаги камчиликлар сабабли автомобилнинг полосада ушлаш тизими паст самарадорликка эгалигини қайд қилишган. Автомобилнинг ҳайдовчилар ва катта йўловчилар ҳимояси 96 фоизга, болаларники 91 фоизга, пиёда ва велосипедчиларники 92 фоизга, электрон тизимлар ишлаши 75 фоизга ишлаши қайд қилинган.  

Euro NCAP мутахассислари энг хавфсиз катта ўлчамли кроссовер сифатида Hyundai Nexo моделини эътироф этишди. Краш-тестлар натижаларига кўра мутахассислар ҳайдовчи оёқлари олд урилишда кам ҳимоялангани ҳамда орқадан урилишда жиддий кесик жароҳатлари олиш мумкинлигини қайд қилишган. Автомобилнинг ҳайдовчилар ва катта йўловчилар ҳимояси 94 фоизга, болаларники 87 фоизга, пиёда ва велосипедчиларники 67 фоизга, электрон тизимлар самарадорлиги 80 фоизга баҳоланган.  

“2018 йилда Euro NCAP автоном бошқарув функциясини илк бор синовдан ўтказди. Синовларимиз айни вақтда ҳайдовчилар тўқнаш келаётган бир қатор муаммоларни аниқлашга ёрдам берди. Ҳа, бу тизимлар хавфсиз ва қулай, бироқ уларнинг тўлиқ автоматлашувига ҳали анча бор. Биз ушбу технологиянинг келгусида ривожланиши ортидан кузатиб борамиз”, деб айтган Euro NCAP’нинг бош котиби Михиль ван Ратинген.

Ташкилотда таъкидланишича, турли тоифадаги машиналарни ўзаро таққослаб бўлмайди, шу сабабли “Ўз синфидаги энг яхшиси” номи муайян тоифадаги автомобиллар ичидан энг яхшисини танлаб олишга имкон беради. Рейтинг баллари олиш талаблар тобора кучайтирилаётгани сабабли йил сайин қийинлашиб бораётгани туфайли рейтинг бир йилда бир марта тузилмоқда.

Таъкидлаш жоизки, электр ва гибрид автомобиллар тоифасидаги унвон жорий йилда илк бор берилди.

Мавзуга оид