Жамият | 10:30 / 13.12.2018
25245
4 дақиқада ўқилади

«Ёш китобхон» танлови ғолиби «Спарк» автомобили билан тақдирланди

12 декабрь куни ёшлар ўртасида китобхонлик маданиятини оммалаштириш, уларнинг бадиий саводхонлигини янада ошириш ва мутолаа муҳитини шакллантириш мақсадида ўтказилаётган «Ёш китобхон» танловининг республика босқичи ғолиблари аниқланди. Мазкур босқичда иштирокчилар «Ўзбек адабиёти билимдони», «Жаҳон адабиёти билимдони», «Буюк мутафаккир ва адиб» ҳамда «Шеърият» каби 4та шарт бўйича беллашишди. 

Шоирлар, ёзувчилар, ўқитувчилар, журналистлар ва бошқа мутахассислардан иборат ҳакамлар ҳайъати иштирокчиларни баҳолашда уларнинг белгиланган китобларни ўқигани, асарнинг мазмун-моҳиятини тушунгани ва уни таҳлил қилиб бера олиш қобилиятига қараб баҳолаб боришди. 

«Ёш китобхон» танловининг республика босқичида 15-19 ёш тоифаси бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Кегейли туманидаги 9-ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаби 10-синф ўқувчиси Коканова Нурсулу 282.9 балл билан мутлақ ғолибликни қўлга киритди ва Президент совғаси «Спарк» автомобили билан тақдирланди.

2-ўринга эса Андижон вилояти Пахтаобод тумани 34-умумтаълим мактаби 10-синф ўқувчиси Дилнавоз Неъматуллаева 249 балл билан сазовор бўлди. 

Бухоро юридик коллежининг 3-босқич талабаси Бахриддин Рафиқов 240 балл тўплаб, 3-ўринни эгаллади.

«Танловнинг республика босқичи ҳаяжонларга бой тарзда қизиқарли ўтди. Шартларда мустаҳкам хотира, кенг дунёқараш ва асарларни тўғри таҳлил қила олиш қобилияти бугунги муваффақиятимнинг асоси бўлди. Танловга тайёргарлик давомида кўплаб бадиий асарларни ўқиб тугатдим. Китоб – энг яхши дўст, энг кучли тарбиячи эканини англадим. Ўзимда маънавий улғайишни, дунёқарашимдаги ўзгаришларни ҳис қилдим. Бу каби танловлар ташкил этилиши ёшларни билим олишга, китоб билан дўстлашишга ўргатади», – дейди Нурсулу Коканова.

2018 йилги «Ёш китобхон» танловининг саралаш босқичларида 15-19 ёш тоифасидаги 1839 нафар иштирокчи ўз билимини синаб кўрди. Ушбу ёш тоифаси бўйича биргина маҳаллий босқичларда 187 нафар қатнашчи ўзаро беллашди. Туман (шаҳарлар) миқёсида саралаш босқичларида 86 ва ундан юқори балл олган ғолиблар тўғридан-тўғри ҳудудий босқичда иштирок этиш имкониятига эга бўлди. Танловнинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри босқичларида ҳар бир ёш тоифаси бўйича 14 нафардан иштирокчи республика босқичига йўлланмани қўлга киритиб, қизғин беллашув олиб борди.

Танлов якунида 3 нафар ғолиб аниқланиб, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи томонидан 1-ўрин соҳиби «Спарк» автомобили, «Kitob olami» дўконига 3 ойлик харид учун 20 фоиз чегирма билан тақдирланди.

2-ўрин ғолибига компьютер жамланмаси ва «Kitob olami» дўконига 3 ойлик харид учун 15 фоизлик тақдим қилинди.

3-ўрин соҳиби эса 200та китоблар жамланмаси билан «Kitob olami» дўконига 3 ойлик харид учун 10 фоизлик чегирмага эга бўлди.

Танловнинг барча иштирокчилари «Dugonalar» ва «Yosh kuch» журнали ҳамда «Yoshlar ovozi» газетасига 1 йиллик бепул обуна бўлди.

Мавзуга оид