Спорт | 11:10 / 17.12.2018
10477
2 дақиқада ўқилади

19 ёшли сардор Европанинг энг яхши ёш футболчиси бўлди

Фото: EPA

«Аякс» ҳимоячиси Маттейс де Лигт «Golden Boy» соврини соҳиби бўлди.

Нидерландиялик истеъдод эгаси сўровномада «Ливерпуль» ҳимоячиси Трент Александр-Арнольд, «Милан» ҳужумчиси Патрик Кутроне, «Рома» яримҳимоячиси Жастин Клюйверт ва «Реал» яримҳимоячиси Винисиус Жуниордан кўпроқ овоз тўплашга муваффақ бўлган.

19 ёшли де Лигт 2016 йилда «Аякс»да дебют қилган. Жамоа сардори ҳисобланувчи футболчи Эредивизиянинг ушбу мавсумида 15та ўйинда қатнашиб, 2+1 маҳсулдорлик натижасига эришди. Маттейсга «Барселона» клуби жиддий қизиқаётгани ҳақида хабарлар бор.

Де Лигт совринни бугун Туринда қабул қилиб олади.

Маълумот учун, «Golden Boy» Европа чемпионатларида тўп сурувчи 21 ёшгача бўлган футболчиларга топширилади. Соврин Италиянинг Tuttosport газетаси томонидан 2003 йилда таъсис этилган бўлиб, ғолиб The Times (Англия), France Football (Франция), Mundo Deportivo (Испания), Bild (Германия), A Bola (Португалия) каби нашрларда фаолият юритувчи журналистлар берган овозларга кўра аниқланади.

Бу сафарги овоз бериш жараёнида турли мамлакатлардан бўлган 30дан зиёд журналистлар иштирок этган. 

Мукофот 2017 йилда «ПСЖ» ҳужумчиси Килиан Мбаппега топширилган эди.

Мавзуга оид