Ўзбекистон | 15:18 / 22.12.2018
13424
3 дақиқада ўқилади

ЎзА раҳбари ахборот монополияси ва танқидларга муносабат билдирди

Kun.uz мухбири Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги раҳбари Абдусаид Кўчимов билан ташкилот фаолияти, миш-мишлар ва танқидларга муносабат, ошна-оғайничилик муносабатлари, коррупция тўғрисида суҳбатлашди.

ЎзА раҳбари Абдусаид Кўчимов танқидга нисбатан муносабати ҳақидаги саволга жавоб берди.

«Биз бир нарсани яхши билишимиз ва юракдан иқрор бўлишимиз зарурки, танқидни яхши кўриш керак. Танқиддан эмас, мақтовдан қочиш керак. Мақтов - хавфли нарса. Кўпинча нафақат бир одамнинг, балки ташкилотнинг ҳам оёғига болта урадиган масала - танқидни менсимаслик ва мақтовга маҳлиё бўлиш. Шахсан ўзим танқидни катта эътибор билан кутиб оламан. У хоҳ менга, хоҳ ташкилотга тегишли бўлсин. Ташкилотни дарахтга қиёсласак, унинг ҳар бир новдасига тегадиган шамолларга иложи борича эътибор беришга ҳаракат қиламан. Танқид бўлмаган жойда турғунлик пайдо бўлади. Кўтар-кўтар, ура-ура ва ҳоказолар бўладиган пайтда ясамалик, ёлғон пайдо бўлади. Бу фақат ташкилотнинг эмас, жамият ривожланишига ҳам тўсиқ ҳисобланади.

Азалдан, тўғри, илгари монополия бўлган. Лекин монополияни ЎзА сотиб олган эмас ёки ўзи яратган эмас. Ёки кимдандир талаб қилиб олган эмас. Бу қонун билан, ҳукуматнинг қарорлари билан расман эътироф этилган ва ташкилотга вазифа қилиб юкланган (ахборот тарқатиш - таҳририят). Ҳозир ҳам шу нарса бор. Бу монополия эмас. Ахборот тарқатишда монопол бўлиш қийин. Айниқса, бугун. Ҳозир, мисол учун, давлат раҳбари бир жойга сафарга борадиган бўлса, ЎзАдан олдин бошқа веб-сайтлар хабар бера бошлайди. Баъзан улар орасида ноаниқлик ёки бироз шошма-шошарлик ҳолатлари ҳам учраб туради. Бугун бир ташкилотнинг ахборотни монополия қилиши учун эҳтиёж йўқ. ЎзАни шу йўналишда танқид қилаётганлар ҳақида фикримни билмоқчи бўлсангиз, бу баъзи ахборотларни ўз вақтида тополмасликдан, баъзи маълумотларни олишда уларда тажриба етишмаслигидан бўлиши мумкин.

Мана ЎзА ҳам маълумотларни газеталарга тарқатишдан ташқари, ўзи ҳам бошқа сайтлардан маълумот олиб туради, бугун журналистман деган журналист изланиши керак», дейди Кўчимов.

Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги раҳбари Абдусаид Кўчимов билан суҳбатнинг тўлиқ шаклини тез кунда Kun.uz'нинг YouTube ва Mover'даги саҳифаларида томоша қилишингиз мумкин.

Мавзуга оид