Жаҳон | 10:52 / 24.12.2018
27239
2 дақиқада ўқилади

ОАВ: Қаззофийнинг ўғли Москвага илтимос билан чиққан

Фото: Ben Curtis / AP

Муаммар Қаззофийнинг ўғли Ливиядаги президентлик амбицияларини қўллаб-қувватлаш бўйича Россия ҳукуматига илтимос билан чиқди. Бироқ Москва, Bloomberg’нинг аниқлашича, бу кампанияда кимни қўллаб-қувватлашини ҳали аниқламади.

Россия вакиллари, агентликнинг Москвадаги вазиятдан хабардор манбалари сўзига кўра, Қаззофийнинг меросхўри билан алоқа ўрнатиб бўлган. «Номаълум жойда бўлиб турган» Саиф ал-Ислом улар билан қамоқхонадан озод этилгач, видеоалоқа орқали гаплашган, дея таъкидлаб ўтди Bloomberg манбаси. Кейинчалик, декабрь ойи бошида, унинг маълумотларига кўра, Ливия собиқ раҳбари ўғлининг вакили Россия ташқи ишлар вазири ўринбосари Михаил Богданов билан учрашган. У орқали Саиф ал-Ислом номидан Россия президенти Владимир Путин ҳамда Россия ҳукуматига собиқ диктатор қариндошидан махсус мактуб йўлланган, дея айтиб ўтди манба. Унинг сўзларига кўра, Саиф ал-Ислом мактубда Ливия келажаги ҳақида ўз фикрини баён этган ҳамда сиёсий қўллаб-қувватлов сўраган.

Шу билан бирга, Қаззофий ўғлининг вакили Россияга бундан аввал ҳам келган, дея кўрсатади Bloomberg. Ундан ташқари, 2016 йилдан бери Москвага, номи ошкор этилмаган дипломатлар сўзига кўра, Ливия миллий армияси қўмондони фельдмаршал Халиф Хафтар ҳам кўп бориб туради. Кремль айнан уни қўллаб-қувватлайди, дея таъкидлаб ўтган Bloomberg манбалари. Қайд этилишича, унда, ливиялик бошқа сиёсатчиларда бўлгани каби, президентлик амбициялари бор. Бироқ, Москва энди кимни қўллаб-қувватлаши ҳозирча номаълум, бу борада ҳали қарор қабул қилинмади, дейди агентлик суҳбатдошларидан бири.

Мавзуга оид