Ўзбекистон | 17:00 / 30.12.2018
26371
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда ғўзанинг янги нави яратилди

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Генетика ва ўсимликлар экспериментал биологияси илмий ходими Тилов Муҳиддинов ғўзада ноанъанавий усулларга асосланган клейстогам (ёпиқ) гулли Клейстогам-1 навини яратди. Бу янги нав жаҳон пахтачилиги амалиётида биринчи бор қўлланилаётган ёпиқ-клейстогам гуллигомозигот (95-98%) ҳолатига эга бўлган нав ҳисобланади. Тезпишарлиги, серҳосил ва турли касалликларга чидамлилиги ҳамда баргининг табиий тўкилиши билан алоҳида аҳамиятга эга, шунингдек, табиий чилпишланиши уни дефоляцияга бўлган эҳтиёжини бартараф қилиши билан ажралиб туради, дея хабар беради Фанлар Академияси матбуот хизмати.

Фото: Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси

Бу нав хазмогам гулга нисбатан ўзининг мўътадил ёпиқ гулдаги намликни ўзида сақлаш хусусияти туфайли чангчиларда чангланиш, оталаниш ҳамда уларнинг ҳаётчанлик хусусияти рационал фойдаланиш йўли билан ижобий содир бўлади. Бу эса фанда янги элементларнинг шаклланишига олиб келади ва селекцион-генетик омиллар туфайли эмбриогенетик ҳолат ижобий тарзда ўзгаради. Демак, табиий ҳолатда ирсият ва ўзгарувчанлик туфайли уруғчилик ва уруғшуносликда суперелита, элита, Р1, Р2 ва бошқаларни тайёрлаш ишлари мутлоқ барқарорлашади ва осонлашади.

Фото: Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси

Ушбу навнинг тола чиқими 31-33 фоиз, тола узунлиги 41,5-42,5 мм, толаси оқ, толаси 1 «А» саноат типига эга бўлиб, микронейри 4,0-4,1, жаҳон пахтачилигида биринчи бор қўлланилаётган Республикамиз ва жаҳонда ўхшаши йўқ. Бу нав экиб кўрилганда Сурхондарё шароитида 98-105 кун, Қашқадарё шароитида 105-110 кун, Тошкент шароитида 113-115 кунда тўлиқ пишиб етилди. Унинг ҳосилдорлиги гектаридан 36-38 с/га’ни ташкил этди.

Фото: Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси

Мазкур навнинг суперелита уруғини тоза тизим ва нав сифатида тўғридан-тўғри кўпайтиришга қўллаш имконияти мавжуд. Элита хўжаликларда эса кўпайтириш билан бир қаторда белгиланган селекцион қонун-қоидалар асосида ушбу ҳолат билан боғлиқ бўлган оғир меҳнатни бартараф қилиш мумкин. Бу эса селекция ва уруғчилик ишларида мутлоқ янги йўналишни олиб киришга сабаб бўлади. Натижада суперелита уруғини кўпайтиришнинг янги ва тезкор усули ҳисобида элита уруғчилигида ишлар қисқариб унинг иқтисодий самарадорлиги ва рентабеллик даражаси бир неча бор кескин даражада ортади.

Фото: Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси

Шу билан бирликда унинг технологик сифат кўрсаткичлари жаҳон стандартлари талабига мос бўлиб, стандарт нав ҳисобланган 9871-I’дан кескин фарқланади. Пахтачилигимиз амалиёти тарихида биринчи бор яратилган, янги истиқболли деб топилган.

Мавзуга оид