Жамият | 14:37 / 31.12.2018
29824
6 дақиқада ўқилади

Зомин туманида шифокор таъмирдан чиққан ҚВПни қабул қилишдан нега бош тортяпти?

Kun.uz таҳририятига Жиззах вилоятининг Зомин туманидаги «Обиҳаёт» ҚФЙдаги Э.Холматов қишлоқ врачлик пунктидаги ҳолат юзасидан мурожаат келиб тушди. Мурожаатда ҚВП янги таъмирдан чиққанлиги, фойдаланишга топширилгани, бино ва хоналар замонавий кўриниш касб этгани билан айни пайтда муассаса аҳолига тўлиқ ва  сифатли хизмат кўрсатиш учун юз фоиз тайёр эмаслиги, шу боис даволаш маскани бош шифокори бинони қабул қила олмаслиги  билдирилган.

Биз мурожаатда келтирилган камчиликларни ўрганиш, вазиятни таҳлил қилиш мақсадида Зомин туман «Обиҳаёт» қишлоқ фуқаролар йиғинига йўл олдик.

— Э.Холматов номидаги ҚВП 6 мингдан зиёд аҳолига тиббий хизмат кўрсатади. Шу масканга бош шифокор бўлиб келганимдан сўнг энг катта коррупция қурилишда бўлишига юз фоиз ишондим. Ҳайрон бўлманг, мен асоссиз гапирмайман. Бу ердаги «ўйин»ларни билсангиз, сиз ҳам фикрингизни ўзгартирасиз. Мен ишлаётган ҚВП аслида жорий йилнинг 20 августида тўлиқ таъмирдан чиқарилиб топширилиши шарт эди. Таъмир учун давлат томонидан 621 млн 624 минг сўм маблағ ажратилган. Кўрсатилган муддатдан роппа-роса уч ой ўтиб кетди, аммо бу шифо масканида ишлар ҳамон чала. Таъмирлаш жараёнида сметада кўрсатилган ишлар тўлиқ бажарилмаган. Қисқаси, кўзбўямачиликка йўл қўйилган. Полга ётқизилган кафель тагига аввал қора сақич қоғоз ташланиб, «стяжка» қилинмасдан кафель ёпиштириб кетилган. Ҳар бир эшикка қўйилиши керак бўлган «анкер» болтлари йўқ. Сув тармоқлари учун мўлжалланган 1 метр диаметрлик қудуқ қилинмаган. Хуллас, айтаман десам гап кўп. Шифокор бўлсам ҳам, қурилишдаги бундай ўйинларни кўриб салкам қурувчи бўлиб кетдим. Мен бу бинони қабул қила олмайман! Мана, ўзингиз қаранг, ҳали қабул қилинмасдан нурай бошлаётган бино қишлоқ аҳлига қанча хизмат қилиши мумкин?! — дейди ҚВП бош шифокори Одил Абдураззоқов.

Бинонинг ташқи ва ички томонларини кўздан кечириб сездикки, бош шифокорнинг сўзларида жон бор. Хоналар ва ташқи фасаддаги камчиликлардан қурилиш ишлари шошилинч равишда қилинганини билиш мумкин.

— Айни пайтда муассаса аҳолига тўлиқ ва ва сифатли хизмат кўрсатиш учун юз фоиз тайёр, деб бўлмайди. Асли қурувчиман. Агар ҳисоблашни бошласак, бу ерга сарфланиши керак бўлган пулнинг тенг ярми кетган, холос. Жумладан, ҳовлига қилиниши керак бўлган 0,5 см қалинликдаги 43 смли шағал ташланмаган, бордюрлар қилинмаган. ҚВПни атрофни ўраш учун сметада кўрсатилган 2,520 тонна арматурадан атиги 900 килодан ортиқроғи ишлатилган. Дарвоза ўрнига эскиси қўйиб кетилган. ҚВПнинг олд томони тўсиқлар билан ўралган, аммо ён ва орқа томон очиқлигича қолиб кетган. Нима эмиш, «бу сметада кўрсатилмаган» эмиш. Ногиронлар чиқиши учун мўлжалланган 3,6 метрли пандус йўлакча 1,5 метр қилиб ясаб кетилган. Кириш зиналари ёнига ўрнатилиши керак бўлган суянчиқ, таянч тутқичлар ўрнатилмаган. Деворлар ёриляпти,баъзи жойларда ўпирилиб ҳам тушди. Ҳожатхона, қўйилиши керак бўлган вентиляциялар ҳақида гапирмасам ҳам бўлади», — дейди исми очиқланишини истамаган суҳбатдошимиз.

«Мен шу бинони индамай қабул қилишим ҳам мумкин эди. Афсуски, бундай қила олмайман. Бу ерга давлат томонидан ажратилган маблағлар ўз ўрнига қайтарилиши шарт. Уни-буни қўйинг, бу қурувчи шоввозларимиз техник анжомлар учун сметада ажратилган 2 миллионлик ускуналар ўрнига арзон ва сифатсиз 200 минг сўмлик ускуналарни алмаштириб кетишган. Кўриб турганингиздек, бинода жиҳозлар етарли эмас. Хоналар деярли бўм-бўш, беморларни ўтқизиш учун курсиларимиз ҳам йўқ...»

Қишлоқ врачлик пунктига бориб вазиятни ўргангандан сўнг Зомин туман ҳокимининг қурилиш ишлари бўйича ўринбосари Турсунқул Усмонқулов билан мурожаатда кўрсатилган камчиликлар юзасидан суҳбатлашдик.

Ҳоким ўринбосари шу йил реконструкция қилиниб, фойдаланишга топширилган, бино ва хоналар замонавий кўриниш касб этгани билан бир қаторда муассаса аҳолига тўлиқ ва сифатли хизмат кўрсатиш учун юз фоиз тайёр эканлигини, қурилишга тегишли ташкилотлар баҳо бераётган оддий шифокор  қурилишда ҳеч нимани тушунмаслигини алоҳида таъкидлаб ўтди.

«Сиз айтаётган камчиликлар бўйича тегишли ташкилотлар ўз хулосаларини беради. Биз бир шифокорнинг гапи билан ҚВПда қурилиш таъмирлаш ишлари бажарилмаган, деб айта олмаймиз, хуллас сиз билан тегишли ташкилотларининг хулосалари олингандан сўнг гаплашамиз», —дея суҳбатга якун ясади ҳоким ўринбосари.

Одатда, бирор мурожаатни ўрганар эканмиз, мақсадимиз фақатгина танқид қилиш эмас, балки муаммога ижобий ечим излашдир. Аслида туман ҳокимлигига ҳам шу ниятда борган эдик. Танқид қилиш қочмайди. Туман ҳокими ўринбосари Турсунқул Усмонқулов эса вилоят ДАҚН инспекцияси хулосалари олинганидан сўнг барча саволларимизга жавоб беришини айтди.

«Ишонасизми, айнан шу бинонинг қурилиши, унинг сифати тўғрисида бир неча масъул идораларга ёзма мурожаат қилдим. Афсуски, бирорта шикоятим ўз ечимини топмади. Қилган мурожаатларим изсиз, ижросиз йўқ бўлиб кетмоқда. Муаммога ечим топиш ўрнига, эшитганим «Нега ёзасан?», «Нега қўл қўймайсан?», «Ёзувчимисан?», деган таъна-ю дашном. Менга алам қилгани — камчиликлардан тумандаги деярли барча тегишли идора вакиллари хабардор, лекин ижобий натижа йўқ», — дейди куйиниб шифокор Одил Абдураззоқов.

Хуллас, аҳвол шундай. Бундан ёмони ҳам бўлиши мумкин. Kun.uz таҳририяти ушбу масалага тегишли ташкилотлар эътибор қаратиб, муаммога ижобий ечим топилишига умид боғлайди.

Гулчеҳра Шарипова.

Мавзуга оид