Жаҳон | 18:40 / 07.01.2019
16061
2 дақиқада ўқилади

Габонда ҳокимиятни ағдармоқчи бўлган исёнчи ҳарбийлар қўлга олинди

Габон армияси давлат радиостанциясини эгаллаб олиб, «Миллий тикланиш кенгаши» тузилиши ҳақида эълон қилган ҳарбийларни қўллаб-қувватламади.

Маҳаллий ОАВ хабарига кўра, лейтенант Ондо Обианг Келли бошчилигидаги исёнчи ҳарбийлар қўлга олинган. Айни вақтда уларнинг шериклари қидирилмоқда.

Душанба куни тонгида Габон армияси ҳарбий хизматчилари бўлган бир неча киши давлат телеканали эфирида чиқиб, ҳарбий давлат тўнтариши ҳақида эълон қилишганди. Баёнотда ҳукумат ҳарбийлар қўлига ўтгани айтилганди.

Ўзини «Габон ҳарбийлари ва махсус хизматларининг ватанпарварлик ҳаракати» етакчиси деб таништирган лейтенант Келли Ондо Обианг тўнтаришдан кўзланган мақсад «Габонда демократияни қайта тиклаш» эканини маълум қилганди.

Габон пойтахти Либревилда комендантлик соати эълон қилинди ва интернет блокланди. Шаҳарда танклар ва ҳарбий машиналардаги ҳарбийлар ҳаракатлана бошлади. Армиянинг асосий қисми амалдаги президент Али Бонго Ондимба тарафдори бўлиб чиқди ва улар мамлакатдаги асосий объектларни назорат остига олишди.

Давлат радиостанцияси олдида исёнчиларнинг 300 нафарга яқин тарафдорлари тўпланганди, бироқ президентга содиқ ҳарбийлар уларни кўздан ёш оқизувчи газ билан тарқатиб юборишди. Шунингдек, радиостанция олдида отишма овозлари эшитилган.

Айни вақтда 59 ёшда бўлган президент Али Бонго ҳокимиятни 2009 йилда отаси вафотидан кейин қўлга олганди (бунгача унинг отаси Омар Бонго 42 йил давомида мамлакатни бошқарганди). 

2018 йилнинг 24 октябрь куни Бонго Ондимба инсультни бошидан ўтказди ва Саудия Арабистонида реабилитациядан ўтказилди, у ҳозирги вақтда Марокашда бўлиб турибди.

Мавзуга оид