Ўзбекистон | 08:40 / 13.01.2019
63376
3 дақиқада ўқилади

Самарқанд вилояти ҳокими ўринбосарлари ўзгарди

Президентнинг Самарқанд вилоятига ташрифи давомида вилоят ҳокимининг икки ўринбосари ўзгарди.

Вилоят ҳокими матбуот хизмати хабар қилишича, Жамшид Ражабович Ўроқов вилоят ҳокимининг иқтисодиёт ва тадбиркорлик масалалари бўйича биринчи ўринбосари лавозимига тайинланган. У Паст Дарғом тумани ҳокимлигига ўтказилган Шунқор Фармонович Худойбердиев ўрнида иш бошлаган. Шунқор Худойбердиев 2016 йилнинг ноябридан буён вилоят ҳокими ўринбосари эди.

Жамшид Ўроқов Ражабович

Жамшид Ўроқов 1972 йили Самарқанд шаҳрида туғилган, иқтисод фанлари номзоди. 2009-2014 йилларда ҳам Самарқанд вилояти ҳокими ўринбосари сифатида ишлаган. 2015-2017 йилларда Савдо-саноат палатасининг Самарқанд вилояти ҳудудий бошқармаси бошлиғи бўлган, 2017 йилдан ҳозиргача палата раисининг ўринбосари сифатида ишлаб келаётганди.

Шунингдек, Ойбек Эркинович Ходжаев вилоят ҳокимининг инвестициялар, инновациялар, хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш, эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналарини ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари лавозимига тайинланган. У бу лавозимда 2018 йил февралидан буён ишлаб келган Отабек Бурхонович Бобоев ўрнини эгаллаган.

Ойбек Эркинович Ходжаев

2018 йилнинг августида ҳам Самарқанд вилояти ҳокимининг уч ўринбосари ўзгарганди. Вилоят ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари вазифасида ишлаб келган Камолиддин Қурбонов ўрнига Абдумажид Алибекович Нурқулов ҳоким ўринбосари вазифасини бажарувчи этиб тайинланганди.

1 август кунидан Акмал Ғайратович Шукуров вилоят ҳокимининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари вазифасини бажарувчиси сифатида иш бошлаган, Самарқанд вилояти ҳокимининг туризмни ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари лавозимида ишлаб келган Мунис Восеев ўрнида Ботиржон Ўткирович Нуруллаев иш бошлаганди.

Ўтган йилнинг декабрида эса ҳокимнинг яна бир ўринбосари ўзгарди. Самарқанд вилояти хотин-қизлар қўмитаси раиси Ҳамротош Норбоевна Шодиева ўрнига Гавҳар Зайировна Алимова янги раис этиб сайланди.

Шу тариқа, вилоят раҳбарлигига Эркинжон Турдимов келганидан буён ҳоким ўринбосарларининг 6 нафари ўзгарди, фақат иккиси ўз жойида қолмоқда. Булар 2011 йилдан ҳозирги вақтгача Самарқанд вилояти ҳокимининг жамоат ва диний ташкилотлар билан алоқалар бўйича ўринбосари вазифасида ишлаб келаётган Шуҳрат Дўстмуратович Кулматов ҳамда 2018 йил 16 апрелдан буён Самарқанд вилояти ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари вазифасида ишлаб келаётган Рустам Ражаббоевич Қобиловдир.

Мавзуга оид