Жамият | 17:33 / 24.01.2019
8341
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ва Хитой ёшларининг лойиҳаси - “Ёш сардор Х” 

22 январь куни “Hi China” дунё ёшларини ривожлантириш форуми бошчилигида Хитой Халқ Республикасидан 38 нафар талаба билан бирга 7 нафар кузатувчи доктор ва профессорлар Ўзбекистонга ташриф буюрди. Мазкур ташриф доирасида “Ёш сардор Х” лойиҳасига старт берилиб,  хитойлик ва ўзбекистонлик талабалар ўртасида дўстлик алоқалари мустаҳкамланмоқда. Лойиҳа икки давлат талабалари ўртасида таълим, туризм ва инновацион технология йўналишларида ўзаро тажриба алмашинуви майдонини яратади. 

23 январь куни Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши “Ёшлар пресс-клуби”да “Ёш сардор Х” лойиҳасининг расмий очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши раисининг биринчи ўринбосари Алишер Саъдуллаев, Хитой Халқ Республикасининг фавқулодда ва мухтор элчисининг ўринбосари Чжан Вэньчуань ҳамда делегация аъзолари қатнашди. 

— 2018 йилнинг 1 сентябрь куни Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши ҳамда “Hi China” дунё ёшларини ривожлантириш форуми ўртасида ўзаро ҳамкорлик меморандуми имзоланган. Бугунги ташриф эса ушбу меморандум ижроси юзасидан олиб борилмоқда, – дейди Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши Халқаро алоқалар бўлими мудири Муниса Нурматова. — Ўзаро ҳамкорликда ўтказилаётган “Ёш сардор Х” лойиҳасида хитойлик талабалар 6 гуруҳга бўлинган ҳолда ўзбекистонлик талабалар билан ёшлар туризмини ривожлантириш, таълим соҳасида инновациялар яратиш ва Ўзбекистонга Хитой инвестициясини киритиш бўйича ўз билим ва кўникмаларини бўлишади.

Тадбирда “Hi China” дунё ёшларини ривожлантириш форуми фаолияти ҳақида презентация намойиш этилиб, Ўзбекистонга Хитой инвестициясини киритиш бўйича фикр-мулоҳазалар юритилди. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси қошидаги Ёшлар муаммоларини ўрганиш ва истиқболли кадрларни тайёрлаш институти директори Актам Жалилов “Ўзбекистоннинг миллий шароити ва ривожланиши” мавзусида маъруза қилди. Хитойдан ташриф буюрган профессор Ванг Чао Ўзбекистонда бизнесни ривожлантиришга оид маъруза билан иштирок этди. 

— Ўзбекистонда бир неча бор бўлганман. Бу ерда юритилаётган ёшлар сиёсати менда катта қизиқиш уйғотган. Лойиҳа орқали Ўзбекистон ва Хитой алоқаларини мустаҳкамлаш, Хитой тажрибасини ҳамкор мамлакатда ҳам татбиқ этишни кўзлаганман, – дейди “Hi China“ дунё ёшларини ривожлантириш форуми ижрочи президенти Си Лью. 

1 февралга қадар давом этувчи лойиҳада делегатлар томонидан “Амалий тадқиқотлар ва сиёсат тузилмалари” ҳамда “Ўзбекистон – Хитой муносабатлари” мавзусида атрофлича маълумот берилади.  

Бундан ташқари хитойлик талабалар Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида бўлиб, ёшлар масалаларига қаратилган ислоҳотлар, янгиликлар ва яратилган имкониятлар билан яқиндан таништирилади. Ўзбекистоннинг энг диққатга сазовор тарихий обидаларига саёҳат ташкиллаштирилиб, миллий ҳунармандчилик намуналари намойиш этилади.

 

Мавзуга оид