Жаҳон | 17:43 / 06.02.2019
84558
4 дақиқада ўқилади

Қайси давлатда атом бомбаси энг кўп?

Атом бомбаси ёки ядро қуроли инсоният яратган энг шафқатсиз, энг қирғинбарот восита бўлиб, ҳозирда Ер шари аҳолисини бутунлай қириб ташлашга қодир бундай қуроллар ўз имкониятини кутиб ётибди. 

2019 йилни дунё ҳамжамияти янги ва ниҳоятда жиддий хавотир билан кутиб олди. Чунки, АҚШ ва Россиянинг бир бирларини айблаган ҳолда ўрта ва кичик масофадаги ракеталарни йўқ қилиш тўғрисидаги битимдан чиқишлари қуролланиш пойгаси янги босқичга кирганини англатади.

Дунёнинг 9 давлатида ядро қуроли мавжудлиги аниқ ёки қисман тасдиғини топган. Булар АҚШ, Россия, Буюк Британия, Франция, Хитой, Ҳиндистон, Покистон, Исроил (расман тан олинмаган, лекин катта эҳтимол билан бу мамлакатда шундай қурол бор) ва КХДР. Шу билан бирга, Япония ва Жанубий Кореяда ҳам АҚШ атом бомбалари жойлаштирилгани тўғрисида маълумотлар мавжуд, аммо бу маълумотлар рад этилади.

Исроил атом бомбасига эга эканлигини тан олмаган. Бироқ собиқ бош вазир Голда Меир бу борада шундай деган: «Биринчидан – бизда атом бомбаси йўқ, иккинчидан – агар зарурат бўлса, биз атом бомбасини қўллаймиз».

Жаҳоннинг 5 давлати – АҚШ, Россия (муқаддам СССР), Буюк Британия, Франция, Хитой расман ядро клубига аъзо деб эътироф этилади. Сабаби, ядро қуроли тарқалишини чеклаш бўйича махсус келишувга кўра 1967 йилнинг 1 январига қадар ядро қуролини синовдан ўтказган давлатларгина бу клубга аъзо бўлганлар ва эндиликда кейинги қўшилганларнинг мақоми ноқонуний ҳисобланади.

Шунга қарамай, КХДР ядро тизимини мунтазам такомиллаштириб бормоқда, шунингдек етакчи давлатлар Эронни ҳам атом ишқидан воз кечмай, яширин равишда бундай қуролга эга бўлишга интилишда айблашади.

Маълумот учун: атом бомбаси ва ядро қуролининг фарқи нимада?

Бу саволга қисқа жавоб бериш қийин, ҳар иккисининг ўхшаш жиҳатлари кўп бўлсада, айрим фарқлари бор. Атом бомбаси портлашида атом ядроси бўлиниши натижасида ниҳоятда катта энергия ажралиб чиқади. Водород бомбасида эса енгил элементларнинг ядро синтези реакцияси натижасидаги оғир элементлар ҳосил бўлиши ва бунинг натижасида ҳам улкан энергия ажралиб чиқиши ётади. Термоядро бомбалари атом бомбасига нисбатан кучлироқ ҳисоблансада, замонавий бомбалар кўп ҳолларда ҳар икки услуб комбинациялашувидан ҳосил қилинади.

Хўш, бугунги кунда қайси давлатларда атом бомбаси (ядро қуроли) кўп?

Бир неча ташкилотлар томонидан тасдиқланган сўнгги маълумотларга қараганда, бугунги кунда ядро қуроли сони бўйича етакчи Россия ҳисобланади. Бу давлат тасарруфида 8500 ядро каллакли ракеталар шай турибди. АҚШда эса 7700та бундай қурол мавжуд. Францияда 300, Хитойда 250, Буюк Британияда 225та ядро каллаклари мавжуд.

Ҳиндистонда 90-110та, Покистонда 120та ядро қуроли борлиги тасдиқланган бўлса, Исроилда 80та, КХДРда 10та ядро қуролли каллаклар тайёрлангани тахмин қилинади.

Маълумот учун: 1954-1961 йиллар давомида собиқ СССРда ниҳоятда қудратли қурол устида тадқиқот олиб борилди. 1961 йилнинг 30 октябрида Новая Земля полигонида тротил эквивалентида 58,6 мегатоннали «Шоҳ бомба» деб аталган термоядро бомбаси синовдан ўтказилди. Портлаш қудрати шу даражада эдики, унинг тўлқини Ер шарини уч марта айланиб чиқди, эпицентрдан 700 км радиусда бирорта тирик жон қолмади.

Бу кейинчалик дунёдаги жами атом қуролларининг 90 фоизига эгалик қилган икки давлат - АҚШ ва СССР (кейинчалик Россия) ўртасидаги қуролланиш пойгаси қай даражада кечганининг ёрқин мисоли бўла олади.

Аброр Зоҳидов тайёрлади

Мавзуга оид