Ўзбекистон | 09:59 / 14.02.2019
8485
2 дақиқада ўқилади

Касаба уюшмаси раислари ваколатини кенгайтириш таклиф этилди

“Менинг фикрим” жамоавий мурожаатлар порталида ташкилотларда фаолият кўрсатувчи касаба уюшмаси раислари ваколатларини кенгайтириш ҳақида петиция пайдо бўлди.

Билдирилишича, бугун фаолият кўрсатаётган ташкилотлардаги касаба уюшмалари раисларининг айримлари аслида қандай вазифани бажаришлари кераклиги тўғрисида тушунчага эга эмас. Ўз вазифасини англамаган ва соҳасига доир меъёрий ҳужжатлардан бехабар шахслар касбий фаолият жараёнида ўзгаларнинг меҳнат жараёнларига доир ҳуқуқларини етарли даражада ҳимоя қила олмаслиги табиий ҳолатдир, дейилади мурожаатда.

“Шундай экан, касаба уюшмалари раислари мавқеини кўтариш ва ҳуқуқий соҳадан хабардор кишиларгина ушбу лавозимда фаолият кўрсатиши мумкинлигини белгилаб қўйиш керак. Касаба уюшмаси раислари учун ҳам ойлик маош белгилаган ҳолда фақат ўзларига бириктирилган вазифа билан шуғулланишларини ташкил қилиш керак. Ана шундагина касаба уюшмаси раиси ходимларнинг ҳуқуқий ҳимоячисига айлана олади. Шундай қилинса, бугунги кунда юртимизда касаба уюшмаларига уюшган олти миллиондан ортиқ киши ўзини ҳуқуқий жиҳатдан ҳимояланганлигини ҳис қила бошлайди”, - деб ёзади петиция муаллифи.

Мавзуга оид