Ўзбекистон | 16:11 / 27.02.2019
9611
3 дақиқада ўқилади

«Ўзбекистонда аутист болаларни реабилитация қилишга шароит мавжуд эмас». Муаммога таклиф бор​

Фото: Fotolia

Аутизм синдромини даволаш бўйича республика маркази ташкил этиш таклиф этилмоқда, деб хабар бермоқда Kun.uz мухбири.

«Менинг фикрим» жамоавий мурожаатлар порталига жойлаштирилган таклифга кўра, аутизм касаллигига чалинган болаларга сифатли тиббий ёрдам кўрсатиш, уларнинг ота-оналарига кўмаклашиш, аутизм касаллигини муваффақиятли даволаш мақсадида Республика болалар аутизми реабилитацияси маркази ташкил этилиши керак.

Таклиф муаллифи Икром Ҳожиевга кўра, аутизм синдромини эрта ёшларда даволаш мумкин.

«Хорижий давлатларда болалар аутизми билан шуғулланадиган кўплаб марказлар фаолият юритади. Бизда эса Республика болалар ижтимоий мослашуви марказидан бошқа жойда ушбу касалликка чалинган болаларни реабилитация қилишга шароит мавжуд эмас», – дея ёзади у.

Kun.uz'да эълон қилинган «Ўзбекистонда аутист болаларга эътибор қай даражада?» сарлавҳали мақолада ҳам айни шу масала кўтарилганди.

Ота-оналар ва мутахассислар билан олиб борилган суҳбатга кўра, аутизмни даволаш билан бўйича қуйидаги муаммолар мавжуд:

– айнан аутизм билан оғриган болаларни реабилитация қилишга мўлжалланган марказ, муассаса мавжуд эмас;

– айни вақтда ота-оналарга ёрдами тегаётган марказ фақат РБИММ, ундаги шароитлар қониқарли, лекин муолажа учун навбатнинг йилда бир марта келиши, муолажалар курсининг жуда қисқа — 21 кун эканлиги даволаниш сифатига таъсир кўрсатади;

– хусусий марказлар бор. Уларда сифат яхши, лекин хизматлар анчагина қиммат (муолажа, дори воситалари, логопед ва психолог билан машғулотлар — барчасига бир ойда ўртача 3-3.5 млн сўм сарфланади);

– ҳозирда мавжуд шароитлар ҳам фақатгина пойтахтда, вилоятлардан Тошкентга келиб даволаниш ноқулайликлар келтириб чиқаради;

– аутизм ҳақида аҳолида тўғри тасаввурнинг мавжуд эмаслиги жамоат жойларида ҳаракатланиш ўзига хос болалар ва уларнинг ота-оналари учун зиддиятли ҳолатга айланган;

– кўпчиликда аутизм ташхиси ўз вақтида қўйилмаган, бу эса даволанишнинг кечикишига олиб келган;

– даволаниш масаласининг муаммоли тус олаётгани оилаларда тушунмовчилик, молиявий қийинчилик, баъзида эса ажримга сабаб бўлмоқда.

Шунингдек, ўз фарзандининг келажагини йўлга қўйиш мақсадида ота-оналар аутист болалар манфаатини ҳимоя қилувчи нодавлат-нотижорат ташкилот тузиш ташаббуси билан чиқишган.

Мавзуга оид