Жаҳон | 16:25 / 28.02.2019
15407
2 дақиқада ўқилади

Покистон асирга олинган ҳинд учувчисини озод қилишга тайёрлигини билдирди

Фото: AP

Покистон ташқи ишлар вазири Шоҳ Маҳмуд Қурайший мамлакат ҳукумати Ҳиндистон билан низони юмшатишга олиб келадиган бўлса, асирга олинган ҳинд учувчисини юртига қайтариш масаласини кўриб чиқишга тайёрлигини билдирди. Бу ҳақда Geo News телеканали хабар бермоқда.

"Агарда бу учувчининг қайтарилиши билан вазият юмшайдиган бўлса, Покистон мазкур масалани кўриб чиқишга тайёр. Биз ижобий ҳаракатга тайёрмиз", - деди вазир телеканалга берган интервьюсида.

Ҳиндистон 27 февралда Покистонга қарашли қирувчи самолётни, Покистон эса иккита ҳинд қирувчи самолётини уриб туширганини маълум қилган. Покистон томонининг таъкидлашича, уриб туширилган самолётлардан бирининг учувчиси асирга олинган. Кейинроқ Покистон ОАВ ҳинд учувчиларидан бири видеосини эълон қилган. Яраланган учувчи журналистларга ўз исми ва ҳарбий унвонини маълум қилган.     

Ҳиндистон талқини бўйича, Кашмир устида Покистон ҳарбий-ҳаво кучларининг қирувчи самолёти уриб туширилган. Ҳиндистон ушбу ҳаво жангида МиГ-21 самолётини йўқотган, унинг учувчисини эса бедарак йўқолган деб ҳисобламоқда.

Ҳиндистон ва Покистон ўртасидаги муносабатлар 14 февралда худкуш Ҳиндистоннинг Жамму ва Кашмир штатида полиция колоннаси олдида ўзини портлатгандан кейин кескинлашди. Ҳужум учун жавобгарликни “Жайиши Муҳаммад” гуруҳи ўз зиммасига олган. 

Теракт оқибатида 45 киши ҳалок бўлган. Шундан кейин Ҳиндистон Покистонни террорчилик тузилмаларини қўллаб-қувватлашда айблаган. Исломобод бу айбловларни “асоссиз” деб рад этган ва Нью-Деҳлига терактни биргаликда тергов қилишни таклиф қилган.  

Мавзуга оид