Сенат раиси «рус мактаблари»да давлат тилига кам эътибор берилишини танқид қилди
Таълим бошқа тилларда олиб бориладиган мактабларнинг 10 ва 11-синф адабиёт дарсликларида ўзбек адабиётини ўзлаштиришга бутун бошли ўқув йили учун бор-йўғи 4-8 соат ажратилган, холос. Мазкур мактабларда давлат тили ҳафтасига бор-йўғи 2 соат ўқитилаётгани таажжубли ҳолдир, деб ҳисоблайди Сенат раиси Ниғматилла Йўлдошев.
28 февраль куни ўз иш фаолиятини бошлаган Сенат XVIII ялпи мажлис йиғилишида Ниғматилла Йўлдошев давлат тилининг мактабларда ўқитилиши масаласига эътибор қаратди.
Ниғматилла Йўлдошев йиғилиш иштирокчиларига қарата бундай аҳволда ёшларда ўз ватанига муҳаббат, эл-юртига ҳурмат ва садоқат туйғуларини шакллантириш мумкинми, дея мурожаат қилган.
«Агар рус тилида таҳсил олаётган 581 минг нафардан ортиқ боланинг аксарияти ўзбек фарзандлари эканлигини инобатга олсак, бу саволларнинг нақадар оғриқлигини, уларга жавобни узоқ йиллар афсусланиб излашга тўғри келишини ҳис қилиш қийин эмас, деб ҳисоблаймиз.
Юқорида тилга олинган ҳамда дарсликлар билан боғлиқ кўплаб муаммолар, табиийки, таълим сифатига жиддий салбий таъсир кўрсатмоқда», - дея раиснинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.
Сенат раисининг айтишича, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси томонидан 2017-18 ўқув йилида умумтаълим мактабларининг 8 ва 9-синф ўқувчилари орасида она тили ва математика фанларидан ўтказилган ёзма иш натижалари ўқувчиларнинг ушбу фанлар бўйича ўзлаштириши талаб даражасида эмаслигини яққол кўрсатган.
Ниғматилла Йўлдошев Сенатнинг аввалги йиғилишида ҳам давлат тилининг аҳамияти ҳақида гапириб, йўл қўйилаётган камчиликларни санаб ўтганди.
Мавзуга оид
15:02 / 25.12.2024
Айрим мактаб ходимларига устамалар тўлаш такомиллаштирилади
14:55 / 22.12.2024
Жисмоний шахсларга ёввойи ҳайвонларни сақлаганлик учун жавобгарлик кучайтирилмоқда
12:08 / 21.12.2024
Загребдаги мактабда пичоқли ҳужум: бир бола ҳалок бўлди, яраланганлар бор
19:39 / 19.12.2024