Жаҳон | 18:06 / 02.03.2019
73278
9 дақиқада ўқилади

Ҳиндистон – Покистон. Зиддият илдизи қаерда? Ўзбекистон қандай муносабатда?

Фото: AP Photo/Mukhtar Khan

Ҳиндистонда 1 млрд 340 млн аҳоли бор, Покистонда эса 210 миллиондан ортиқ. Ҳар икки давлат энг биринчи душман сифатида айнан ўз қўшнисини билади ва улар аллақачон жанг майдонларида куч синашиб кўришган. Энг муҳими, ҳар икки давлат ҳамиша шай турган ядро қуролларига эга. Демак арзимас учқун ҳам ақл бовар қилмас зиддиятларга, бемисл талофатларга сабаб бўлиши мумкин.

Олис ўтмиш

Мамлакатларнинг ҳаммаси ўз тарихида ким биландир ёвлашган, очиқ жангларга киришган. Йигирма биринчи асрга келиб қисман тинчлик ҳукм сурган бўлса-да, мозийдаги аламлар ҳамма жойда ҳам унутилмаган. Ана шундай “музлатилган”, аммо вақти-вақти билан аланга олувчи зиддиятлардан бири, лозим бўлса энг йириги Ҳиндистон ва Покистон ўртасидаги можародир.

Бир вақтлар Ҳиндистон дейилганда Осиёнинг жуда катта қисмини эгаллаган, ниҳоятда бой мамлакат тушунилган. Вақти келиб, Британия мустамлакасига айланган пайтида ҳам унинг ҳудуди жуда улкан бўлган ва замонавий Ҳиндистон, Покистон, Бангладеш, Мьянма каби давлатларнинг майдони ва яна анчагина ҳудудларни эгаллаган.

Аммо жуда улкан ва бой мамлакат бўлишига қарамай, Ҳиндистон ҳудуди доимий урушлар макони ҳам бўлган. Унинг бойлигини эгаллаш истагида келганларга қарши урушлардан ташқари минглаб рожа ва маҳарожалар бир бирлари билан аёвсиз жанг қилганлар, айниқса бу ҳудудда кечган диний ихтилофлар, хусусан ҳинд-мусулмон тўқнашувлари жуда даҳшатли кечган.

Ҳиндистон Британиядан мустақиллик олган 1947 йилга келиб мусулмонлар Ҳиндистони, яъни Покистон масаласи ўртага ташланади. Ҳиндистоннинг ўша пайтдаги раҳбарияти қаршиликларига қарамай Покистон ҳам ажратиб олинади.

Ўшанда улкан кўчиш кузатилади – мусулмонлар замонавий Покистон ҳудудига, ҳиндлар эса Ҳиндистонга. Аммо шунга қарамай айримлар ўзлари туғилган ҳудудни тарк этишмайди, хусусан бугунги кунда ҳам Ҳиндистонда 170 млндан ортиқ мусулмонлар истиқомат қилади ва улар сони мунтазам ошиб бормоқда (бу фактга эътибор беринг).

Фото: AFP/Getty Images

Кашмир муаммоси ва ҳаво уруши

Икки давлат ўртасидаги ҳал этилмаган муаммоларнинг энг йириги Кашмир ҳудуди бўйича талашувдир. 1947 йилда Британия Ҳиндистонига мустақиллик бериш, уни икки давлатга ажратиш ниҳоятда шошма-шошарлик билан олиб борилган. Ўша пайтда Кашмир раҳбари ҳинд, аҳолисининг мутлақ кўпчилиги эса мусулмонлар эди. Кашмир раҳбарияти (рожаси) ва етакчи партияси вакиллари катта имтиёзлар эвазига Ҳиндистон тасарруфида қолиш истагини билдиришди. Бу ҳудуд ўзига тегишли бўлишига келишилганини писанда қилган Покистон дарҳол масалага ҳарбий йўл билан ечим излади ва дастлабки қуролли тўқнашув юз берди.

Икки йилдан ортиқ давом этган тўқнашувлар натижасида, Покистон айрим ҳудудларни қўлга киритган бўлса-да, Кашмир орзусига эриша олмади. Халқаро ҳамжамият аралашуви билан зиддият тўхтатилди, ҳудуд аҳолиси референдум асосида давлатни танлаш масаласи кун тартибига қўйилди. Аммо 1950 йилга келиб Ҳиндистон ҳукумати ҳар қандай референдумларни инкор қилди ва Кашмир мазкур давлатнинг ажралмас бир бўлаги эканлиги, бу масала бошқа муҳокама қилинмаслигини билдирди.

Шу билан кейинги 12 йил муваққат тинчлик ҳукм сурди. Бу орада ўз салоҳиятини ошириб олган, Кашмир аҳолисининг, хусусан мусулмонларнинг қўллаб-қувватлашига ишонган Покистон 1965 йилда яна ҳудудга бостириб кирди. Аммо азалдан маълумки, урушлар сиёсатчилар ўйини, тинч аҳоли ҳар қандай зиддиятга қарши. Покистоннинг ишончи пучга чиқди, асосан ҳаводан шитоб билан қилинган ҳужумлар аста-секин сўна бошлади, аксинча Ҳиндистон Покистон кучларини нафақат ўз ҳудудидан сиқиб чиқарди, балки қўшниси ҳудудига ҳам кириб, ҳарбий қисмларга фаол зарбалар бера бошлади.

Уч ҳафтагина давом этган уруш бирор томоннинг устунлигини кўрсата олмаган бўлса-да, тарихга жуда йирик зиддият сифатида кирди ва кейинчалик ҳар икки давлат ўз мафкурасида бу урушдаги қаҳрамонликлари орқали ватанпарварликни кучайтиришга уринди, жанглар ҳақида фильмлар ишланди, асарлар ёзилди, қўшиқлар куйланди.

“Тошкент декларацияси”

Бир-бирига ён бермаган ҳар икки томон фақат воситачилар кўмагида сулҳга эришишлари мумкинлигини англаб етардилар ва собиқ иттифоқ ана шундай ролни ўйнаб берди. Ҳиндистон ва Покистон зиддиятига барҳам бериш, келгусида тинчлик ўрнатиш бўйича келишувлар учун Ўзбекистон пойтахти Тошкент шаҳри танланди.

1966 йилнинг январида Тошкентга ташриф буюрган Ҳиндистон бош вазири Лаъл Баҳодир Шастри ва Покистон президенти Аюб Хон иттифоқ министрлар совети раиси Косигин билан биргаликда музокараларга киришдилар. Гарчи бу масалада деярли маълумотлар эълон қилинмаган бўлса-да, сулҳ бўйича барча шуҳрат иттифоқ раҳбарияти ютуғи ҳисобланса-да, ҳар икки давлат вакилларининг умумий келишувга келгунларигача бўлган баҳсларида Ўзбекистон раҳбари Шароф Рашидов ҳам фаол иштирок этган, иккита резиденцияда яшаётган Лаъл Баҳодир Шастри ва Аюб Хон ўртасида бир неча марта бориб келган.

Фото: Муҳаммад Аюб Хон, Лаъл Баҳодир Шастри, Алексей Косигин

10 январда икки давлат ўртасида “Тошкент декларацияси” имзоланади ва унга кўра ҳар икки томон ўт очишни тўхтатиш, ўз ҳарбий қисмларини уруш бошлангунга қадар линияларга қайтариш, дипломатик алоқаларни тиклашга келишадилар.

Декларация имзоланганининг эртасига Ҳиндистон бош вазири Лаъл Баҳодир Шастри Тошкентда вафот этади.

Янги тарих саҳифалари ва атом қуроли

Тошкент декларацияси фаол урушни тўхтатган бўлса-да, кичик тўқнашувлар барибир давом этаверди. Бунинг сабаби, икки давлат ўртасида анчагина демаркация қилинмаган ҳудудлар бўлгани, тоғли ҳудудда яшовчилар томонидан қўшни давлатга қилинган босқинлар ҳам ўша давлатнинг агрессияси сифатида баҳолангани, сулҳга қарамай ҳар икки давлат ҳудудида адоватни унутмаган сиёсий кучлар борлиги ва бошқа қатор омилларда эди.

Бундай локал можаролар 1971, 1975, 1980, 1984, 1989 йилларда ҳам кузатилди. 1999 йилдаги йирик тўқнашувда ҳар икки томон мингдан ортиқ аскаридан айрилди.

Бу орада қўшниси билан урушга ҳамиша шайлик, халқаро салоҳиятни ошириш мақсадида аввал Ҳиндистон, кейин Покистон ядро қуролини яратиб олишди. Бугунги кунда Ҳиндистонда 90-110та, Покистонда 120та ядро қуроли борлиги тасдиқланган. Энди бу давлатлар ўртасидаги ҳар қандай тўқнашув ўта йирик урушга айланиш хавфи ниҳоятда ортиб кетди.

Йиллар ўтиб, Покистоннинг тоғли ҳудудлари Афғонистон, Ироқ, Суриядан қочган радикал гуруҳлар учун маконга айланиб қолди. Ҳатто “Биринчи рақамли террорчи” номини олган Усама бин Лодин ҳам Покистоннинг Абботобод шаҳрида бемалол яшаб юргани аниқланиб, йўқ қилинди.

Покистон бундай гуруҳларга расман қарши бўлса-да, уларни тўла-тўкис назорат қилиш имкониятига ҳам эга эмасди.

Шу кунларда кузатилаётган, 2019 йилнинг 14 февралида бошланган қуролли тўқнашувлар дастлаб Ҳиндистон тасарруфидаги Кашмир ҳудудида 40 нафар ҳинд захира полициячиларининг ўлдирилишидан бошланди. Ҳиндистон буни дарҳол қўшнисининг агрессив ҳаракати деб баҳолаб, жавобни ҳаяллатмади ва радикал кучлар лагерлари деб ҳисобланган ҳудудларга ҳаводан туриб зарбалар бера бошлади.

Фото: Reuters

Покистон эса буни ўз ҳудудий яхлитлигининг, халқаро нормаларнинг бутунлай бузилиши деб баҳолади ва ўз самолётларини ҳавога кўтарди. Ҳар икки давлат ўз қўшинларини жанговар ҳолатга келтирди.

Прогноз қандай?

Ҳиндистонда 1 млрд 340 млн аҳоли бор, Покистонда эса 210 миллиондан ортиқ...

Аммо бу инсонларнинг мутлақ кўпчилиги тинчлик тарафдори. Аҳолиси, иқтисодий ва ҳарбий салоҳияти нисбатан кам Покистоннинг Ҳиндистондаги мусулмонларга таяниб тўла-тўкис урушга киришиши ҳам ўзини оқламаган, оқламайди ҳам.

Ҳозирги зиддиятларда кўпчилик атом бомбаси аралашувидан хавотирланмоқда. Ҳиндистон ҳарбий доктринасида бу давлатнинг ҳеч қачон биринчи бўлиб бу қуролдан фойдаланмаслиги, агар бошқа давлат Ҳиндистонга шундай бомба билан ҳужум қилган тақдирдагина ишга тушириши белгиланган. Покистон ҳарбий доктринаси эса бу масалада ўзгачароқ ёндашади ва давлатнинг суверенитетига ҳамда халқига реал тажовуз бўлганда атом қуролидан фойдаланиш мумкинлигини кўзда тутади.

Фото: AAMIR QURESHI/AFP/Getty Images

Ҳар икки томоннинг ҳудудий зиддиятни атом урушига айлантириши эҳтимоли жуда кам. Чунки бу давлатларнинг бошқарувида катта тажрибага эга бўлган инсонлар ўтиришибди ва улар бу қурол орқали ечим излаш нафақат қўшнисини, балки ўзини ҳам хароб қилишини жуда яхши англашади.

Бизнинг позициямиз

Ўзбекистон тинчликсевар мамлакат ва бетарафлик сиёсатини олиб борган ҳолда бу икки давлат ўртасидаги қуролли можаролар якунланиши тарафдори. Бу борада пойтахтимизда имзоланган декларация ҳали-ҳануз тинчлик йўлидаги энг муҳим ҳужжат бўлиб келаётгани, унга амал қилиш ҳар икки томоннинг бурчи эканлигини эътироф этади.

Аброр Зоҳидов.

Мавзуга оид