Ўзбекистон | 10:25 / 05.03.2019
7822
4 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон қатор халқаро ҳужжатларни ратификация қилди 

Фото: iStock

Ўзбекистон Республикаси президенти “Халқаро меҳнат ташкилотининг халқаро меҳнат нормалари қўлланилишига кўмаклашиш учун уч томонлама маслаҳатлашувлар тўғрисидаги 144-сонли Конвенциясини (Женева, 1976 йил 21 июнь) ратификация қилиш ҳақида”ги қонунни имзолади. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.

Қонун Қонунчилик палатаси томонидан 2019 йил 5 февралда қабул қилинган, Сенат томонидан 2019 йил 28 февралда маъқулланган.

Ҳужжат билан Халқаро меҳнат ташкилотининг халқаро меҳнат нормалари қўлланилишига кўмаклашиш учун уч томонлама маслаҳатлашувлар тўғрисидаги 144-сонли Конвенцияси (Женева, 1976 йил 21 июнь) ратификация қилинди.

Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ)нинг 144-сонли конвенцияси тадбиркорлар ва меҳнат қилувчиларнинг эркин, мустақил ташкилотлар ташкил этишга бўлган ҳуқуқларини мустаҳкамловчи ХМТ конвенциялари, хусусан, Ўзбекистон Республикаси ратификация қилган 87-сонли ва 98-сонли конвенциялар қоидаларидан келиб чиқади. Унинг мақсади ХМТ фаолиятига оид масалалар, жумладан, мазкур ташкилотнинг конвенцияларини ратификация қилиш ва уларни қўллаш мақсадида ваколатли давлат органи томонидан кўрилган чора-тадбирлар хусусида мазкур орган тарафидан ХМТга йиллик маълумотларни тақдим этиш юзасидан давлат ҳокимияти органлари, тадбиркорлар ҳамда меҳнат қилувчилар вакиллари ўртасида миллий даражадаги уч томонлама маслаҳатлашувлар самарадорлигини таъминлашдан иборат.

139 та давлат, хусусан, Арманистон, Беларусь, Озарбойжон, Россия, Тожикистон, Қирғизистон, Қозоғистон каби МДҲ мамлакатлари қўшилган мазкур конвенциянинг ратификация қилиниши халқаро меҳнат стандартларини миллий қонун ҳужжатларига жорий этишга, ХМТ ва бошқа халқаро ташкилотлар билан алоқаларда Ўзбекистоннинг ижобий имижини шакллантиришга кўмаклашади.

Шунингдек, президент “Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги иштирокчи давлатларининг Парламентлараро Ассамблеяси тўғрисидаги Конвенцияни (Минск, 1995 йил 26 май) ратификация қилиш ҳақида”ги қонунни имзолади.

Қонун Қонунчилик палатаси томонидан 2019 йил 22 февралда қабул қилинган, Сенат томонидан 2019 йил 28 февралда маъқулланган.

Ҳужжат билан Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги иштирокчи давлатларининг Парламентлараро Ассамблеяси тўғрисидаги Конвенция (Минск, 1995 йил 26 май) қуйидаги қўшимча шарт билан ратификация қилинди:

“Ўзбекистон Республикаси Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги иштирокчи давлатларининг Парламентлараро Ассамблеяси фаолиятини молиялаштириш учун унда ўз вакилларини таъминлаш учун зарур бўлган ҳажмларда маблағ ажратади”.

МДҲ Парламентлараро Ассамблеяси умумий манфаатларга тааллуқли ҳужжатларнинг лойиҳаларини қўриб чиқиш ва масалаларни муҳокама қилиш мақсадида 1992 йил 27 мартдаги МДҲ иштирокчи-давлатларининг Парламентлараро Ассамблеяси тўғрисидаги Келишувига мувофиқ маслаҳат институти сифатида ташкил этилган.

МДҲ Парламентлараро Ассамблеясининг мустақил давлатлараро ташкилот сифатидаги мақоми 1995 йил 26 майдаги Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги иштирокчи-давлатларининг Парламентлараро Ассамблеяси тўғрисидаги Конвенцияга асосан МДҲ давлат раҳбарларининг Минск (Беларусь Республикаси) мажлисида тўлиқ белгиланган. 1996 йил 16 январдан кучга кирган мазкур конвенцияга МДҲ иштирокчи-давлатларининг барчаси аъзо ҳисобланади. МДҲ ПА фаолиятида иштирок этаётган барча давлатлар мазкур ҳужжатни ратификация қилган.

Ўзбекистоннинг мазкур тузилмада иштирок этиши МДҲ иштирокчи-давлатларининг миллий қонунчилигини яқинлаштиришга қаратилган ҳамкорлигини янада ривожлантиради ва уни муваффақиятли амалга ошириш учун тегишли механизмларни яратишга хизмат қилади.

Мавзуга оид