Жаҳон | 23:10 / 07.03.2019
34783
16 дақиқада ўқилади

Максим Орешкин. Путиннинг «арзандаси» ва депутатлар ғазабига йўлиққан вазир

SERGEI SAVOSTYANOV/TASS

Шу ҳафта бошида Россия иқтисодий ривожланиш вазири Максим Орешкин «ҳар қандай бошқарувчи раҳбар» каби президент лавозимида ишлашга қизиқиши ҳақида гапирди.

«Мен ҳамиша ҳозирги иш жойимда ҳали кўп ишларни амалга ошира олмаганимни айтиб келганман. Шу сабабли фақат мавҳум фикр билдиришим мумкин. Президент бўлиш ҳар қандай бошқарувчини қизиқтириши аниқ. Лекин энг асосийси, албатта, манфаат эмас, балки бундан мамлакатга ва одамларга бирор фойда тегишидир», деганди вазир «Коммерсант» журналистлар академияси тингловчиларига.

Орешкин президент бўлиш зиммага «ҳаддан ташқари кўп юк» юклашини қўшимча қилганди.

«Ҳозирги фаолиятимдан ҳам билиш мумкин. Иш жойимдаги оғир юкламадан ташқари тинимсиз зарурий югур-югурлар, президент, бош вазир ва бош вазир ўринбосарлари билан мажлислар… Мия бир лаҳзанинг ўзида турли мавзулар ўртасида кўчиб юриши шарт, иш эса ярим тунга қадар чўзилади. Тушунарлики, қанчалик юқори лавозимда бўлсанг, юклама ҳам шунча кўп бўлади. Агар сен мамлакат учун чиндан нимадир қилишни истасанг, бу юк ҳаддан ташқари оғир бўлади», деган у.

Максим Орешкин ким ўзи?
Орешкин — Россия ҳукумати таркибидаги энг ёш вазир ҳисобланади. Фаолиятини Россия банки ва Росбанкда бошлаган Максим Орешкин кейинроқ Молия вазири ўринбосари сифатида ишлаган, 2016 йилнинг ноябрида эса Алексей Улюкаев шов-шувли тарзда ҳибсга олиниши ва «ишончни йўқотиши сабабли ишдан бўшатилиши» ортидан иқтисодий ривожланиш вазирига айланганди.

«У ўзига бўлган ишончи билан киши эътиборини жалб қилади. Бу турли йиғинларда дарҳол кўзга ташланади. У ҳукуматнинг барча аъзолари ичида яққол ажралиб туради», — дея унга таъриф берган Би-би-сининг Россия ҳукуматдаги манбаси.

2017 йилда Bloomberg нашри Россия президентига яқин манбаларга асосланган ҳолда Орешкинни «Путиннинг янги арзандаси» дея таърифлаганди.

Манбалар МЭР (Министерство экономического развития) раҳбари аввалги вазирлардан фарқли равишда сиёсий аҳамиятга эга йирик халқаро форумларда Путинга ҳамроҳлик қилиши у президентнинг ишончли кишиларидан бирига айланганини айтишганди. Орешкин 2017 йилда Ҳамбургдаги G20 саммити вақтида Путиннинг Дональд Трамп билан учрашуви тафсилотлари ҳақида гапириб бергани ҳам бунга далил бўла оларди.

Шунингдек, айнан Россия иқтисодий ривожланиш вазири ўша йилнинг июль ойи охирида Халқаро тикланиш ва тараққиёт банки ҳамда Сармоялар кафолатлари бўйича кўп томонлама агентликда Россиядан бошқарувчи лавозимида молия вазири Антон Силуанов ўрнини эгаллаганди.

Экспертлар айни вақтда 36 ёшда бўлган Орешкин бўлажак бош вазир эканини тахмин қилишади. Вазирнинг ўзи эса «Путиннинг севимли амалдори» тўғрисидаги саволга шундай жавоб қайтарган: «Шунчаки ҳар доим ўз ишимни қилишим лозим. Бундан кейин ҳам зиммамга тушадиган вазифаларни бажараман».

Россиянинг амалдаги президенти Владимир Путин 1999 йилнинг 31 декабрида собиқ президент Борис Ельцин қарори билан РФ президенти вазифасини бажарувчи этиб тасдиқланганди - ўшанда федерациянинг биринчи президенти соғлиги ёмонлашгани туфайли муддатидан аввал лавозимни тарк этганди. Путин илк бор 2000 йилнинг 26 мартида РФ президенти этиб сайланган, 2004, 2012 ва 2018 йилларда қайта сайланган. У 2012 йилги сайловлардан олдин президентлик муддати 4 йилдан 6 йилга узайтирилишига эришганди. У яна 5 йил давомида мамлакатни бошқариши мумкин.

Эҳтимолий номзодлар кимлар ва улар бунга қандай қарайди?
Орешкиннинг сўзлари одатий эмасди. Россияда бу вақтгача ҳеч бир салоҳиятли амалдор президентлик амбициялари ҳақида гапирмасди.

Россиялик давлат амалдорлари, ҳатто сиёсатчилар ҳам президент бўлиш режасини ошкор қилмаган. Улар одатда келажакдаги режалар ҳақидаги саволларга жавобан мамлакатга ва амалдаги президентга ўз иш жойида хизмат қилишда давом этиш ниятида эканликларини таъкидлашарди.

Орешкин ўз сўзлари матбуотда шов-шув келтириб чиқарганидан кейин Facebook'даги саҳифасида «ўзи учун президент бўлиш Ойга етиб бориш билан баробарлиги» ҳақида ёзди.

Одатда россиялик амалдорлар Россияда Путиндан бошқа президент бўлиши мумкинлиги борасида гапиришмайди. Қуйида бошқа амалдорлар президентлик амбициялари ҳақидаги саволларга қайтарган жавоблар келтирилади.

Дмитрий Медведев, бош вазир, 2017 йил

Медведев 2008 йилдан 2012 йилга қадар Россия президенти бўлган. Путин ўз ўрнига қайтганидан кейин у яна президент бўлиши эҳтимоли тўғрисида оғиз очмаган.

«Шахсан мен мазкур сиёсий даврда ўзимни ушбу лавозимда кўрмайман, аммо ишлашда давом этаман», деганди у 2017 йилда.

Кейинги вақтларда бош вазир обрўсини йўқотди, ижтимоий тармоқларда ҳамон уни «Пул йўқ, лекин сиз чиданг» («Деньги нет. Вы держитесь здесь») ибораси учун мазах қилишади, мухолифатчи Алексей Навальний эса уни ва ҳамтовоқларини тинимсиз равишда фош этади. Балки Орешкин дастлаб айнан унинг ўрнини эгаллар?

Дмитрий Рогозин, Роскосмос раҳбари, 2012 йил

Рогозин сиёсатчи, «Родина» партияси раҳбари, турли маршлар ва акциялар иштирокчиси сифатида фаол бўлган. Бугунги кунда ҳам у ижтимоий тармоқларда ўз фикрини билдиришдан тортиниб ўтирмайди.

Аммо у ҳам қачондир ўзининг президент бўлиши эҳтимолини рад этади. Рогозин 2012 йилда, бош вазир ўринбосари эканида шундай деганди: «Агар менда президент курсисини эгаллаш нияти бўлганида, ҳукуматда ишламаган бўлардим. Очиғини айтаман, менда бошқа фикрлар ва ғоялар бўларди, сиёсий партия ташкил қилган бўлардим. Бошқа йўлдан кетардим».

Борис Титов, бизнес-омбудсмен, 2018 йил

Титов нафақат президентга яқин тадбиркор, балки сиёсий партия етакчиси ва президентликка собиқ номзод ҳам ҳисобланади. Шунга қарамай, у 2018 йилги президентлик сайловлари авжига чиққанида ҳам ўз рақиби - Путин ғалаба қозонишига ишончи комил эканини айтганди.

«Вазиятга реал баҳо бериш кераклиги»ни таъкидлаган иқтисодчи ўзи ва жамоасининг бош вазифаси - «иқтисодиёт бошқарувини қўлга олиш» эканини айтганди.

«Биз мамлакатдаги иқтисодий ислоҳотлар бошқарувини ўз қўлимизга олишга тайёрмиз», деганди Борис Титов.

Сергей Шойгу, мудофаа вазири, 2013 йил

Шойгу - Россия сиёсий ҳаётидаги «оғир вазнли» ўйинчи. У «Единая Россия» партияси пойдеворларидан бўлган «Единство» партияси асосчиларидан бири ҳисобланади. У Фавқулодда вазиятлар вазирлигини бошқарган вақтларда ҳам мамлакатдаги энг машҳур вазир бўлган.

Аммо у ҳозир анча камтарроқ. «Амбициялар йўқ, фақат орзулар бор», дея жавоб қайтарган у 2013 йилда президентликка номзодини қўйиши эҳтимоли ҳақидаги саволга. У ўшанда тез орада нафақага чиқиши ва Узоқ Шарққа қайтмоқчилиги ҳақида қўшимча қилганди.

Вячеслав Володин, Давлат думаси спикери, 2017 йил

Саратов областининг собиқ вице-губернатори, Кремлда ички сиёсат куратори бўлган, айни вақтда Россия парламенти спикери лавозимида хизмат қилаётган Володин эса ўзининг «Путин йўқми - Россия ҳам йўқ» ибораси билан машҳур.

Лекин матбуот айнан Вячеслав Володин ўзини келажакда давлат раҳбари ўрнида кўришни исташи ҳақида кўп ёзган.

Бир сафар спикернинг ушбу орзуси ҳақида Путиннинг ўзига ҳам айтишганди: Афғон уруши фахрийлари билан учрашув вақтида фахрийлар ташкилоти раҳбари Андрей Чепурной Давлат думаси депутатларидан бири, Володин шарифли шахс агар президент бўлса, барча муҳтожларга фаровон ҳаёт ваъда қилгани ҳақида гапирганди.

Володин эса, албатта, президентнинг вориси бўлишни исташи ҳақида ҳеч қачон очиқ гапирмаган. Бироз олдин эса у бу ҳақдаги саволга камтарлик билан жавоб қайтарганди.

«Ишонаманки, Россия келажаги, мамлакат ва фуқаролар фаровонлиги, боши устида тинч осмонни хоҳлайдиганларда фақат бир номзод мавжуд - Путин Владимир Владимирович», деганди у Life.ru учун интервьюсида.

Рамзан Қодиров, Чеченистон раҳбари, 2018 йил

Рамзан Қодиров Россия минтақаларидаги энг обрўли раҳбарлардан бири. Аммо у ўз чиқишларида республика ва президент Путинга бўлган садоқатини эътироф этишни канда қилмайди.

«Мен, ҳатто, ҳукуматдаги бирор оддийроқ вазирликни бошқара оладиган даражадаги одам эмасман. Ўз фаолиятимни ҳудуд раҳбари сифатида якунлашни истайман», дея таъкидлайди «аскар».

У Путиннинг вориси ким бўлса ҳам, унинг ортидан эргашишга тайёр эканини ҳам айтади.

Алексей Кудрин, Ҳисоб палатаси раҳбари, 2017 йил

Намунали амалдор, собиқ молия вазири, бироз вақт жамоатчилик ишлари билан шуғулланган Алексей Кудрин ҳеч қачон ўзини президентликка номзод сифатида намоён қилмаган: 2011 йилдан 2018 йилгача у Фуқаролик ташаббуслари қўмитасини бошқарган, асосан экспертлик қилган, хайрия ишлари билан банд бўлган.

«Йўқ, дўстлар, мен ҳозир бошқа вазифадаман. Мен президентга таклифлар тайёрлаш билан шуғулланмоқдаман. Шунчаки президентга эмас, балки амалдаги президентга», дея жавоб қайтарган Кудрин ўзида президентлик амбициялари бор-йўқлиги ҳақидаги саволга.

Сергей Собянин, Москва мэри, 2011 йил

Москва шаҳри мэри ўз вақтида губернатор, президент маъмурияти раҳбари, ҳукумат аппарати бошқарувчиси лавозимларида ҳам ишлаб кўрган. Ҳозир эса Россиянинг бош шаҳрини бошқармоқда - амалда у 2 шахсдан кейинги ўринда туради - президент ва бош вазирдан кейин.

Аммо ҳози Собяниннинг ўзи келажаги ҳақида жим, аввал эса президентлик лавозимига қизиқмаслигини айтарди.

«Менда ҳеч қачон бундай амбиция, ўйлар бўлмаган», деганди Собянин 2011 йилда «Эхо Москвы» радиосига берган интервьюсида.

Давлат думасидаги можаро

Шу кунларда Россия Давлат думасида Максим Орешкин иштирокида можароли ҳолат юзага келди.

6 март куни Давлат думаси Орешкиннинг ҳисоботини қабул қилмади - парламент спикери Вячеслав Володин унга яхшилаб тайёрланиб, бошқа сафар, март ойи охирида ёки апрель ойи бошида янги ҳукумат соати ўтказиб, чиқиш қилишни тавсия этди.

«Максим Станиславович, сиз парламентда йилда бир марта чиқиш қиласиз. Бу чиқишни кичик ва ўрта бизнес субъектларига бағишлар тўғри бўлмайди. Иқтисодий ривожланиш вазирлиги мамлакат иқтисодиётидаги ўсиш учун жавобгар», деди Володин депутатлар олқиши остида Орешкиннинг таклифларига розилик билдирмаган ҳолда.

ЛПДР етакчиси Владимир Жириновский эса унга танбеҳ берди: «Сталин даври бўлганида бу вазирликка комиссарлар, Брежнев даврида Давлат хавфсизлик хизмати вакиллари жўнатилган бўларди».

Орешкин бу гапларни жим туриб эшитди. Бу Россия парламенти тарихидаги илк шундай ҳолатдир. Бу можаро ортида нима бор? 

Биринчи версия. Давлат думасининг мавқейини ошириш
Нолинчи йиллар бошида, парламент қарорлар қабул қилиш таъсирини йўқотганида Дума ҳақида шундай гаплар юрарди - «муҳокамалар жойи эмас». Давлат думасининг ҳозирги раҳбари эса энди бундай бўлмаслиги кераклигини таъкидлаб келади ва шунга уринади.

«Володинда парламент юзасидан аниқ нуқтаи назар мавжуд. У кичик имкониятдан ҳам парламент ижро органларининг «қуйруғи» эмаслиги, балки аҳолининг манфаатларини ифода этувчи алоҳида тармоқ эканини исботлаш учун фойдаланади», дейди сиёсатшунос Евгений Минченко.

Вазирга нафақат спикер, балки ўзини мухолифатчи деб ҳисобловчи партия вакиллари ҳам «ташланишди».

«Максим Станиславович, келажак учун: зални тингланг, сизнинг нутқингиз бошланганидан 5 дақиқа ўтиб барча ўз ишлари билан чалғиб кетди», деди Жириновский. Орешкиннинг ҳисоботини тинглашни кечиктириш ғояси барча фракциялар томонидан маъқулланди.

«Икки йилдан кейин сайловлар, депутатлар округларга боришлари керак, улар Орешкиннинг сусткашлиги учун ғазабланган сайловчилар қаршисида қолишлари керакми?», дейди сиёсатшунос Аббас Галямов.

«Менимча бу депутатлар бошқа вазирларга ҳам парламентда ким аслида кимлигини кўрсатиб қўймоқчи бўлишди», дея фикр билдиради сиёсатшунос Михаил Виноградов.

Иккинчи талқин. «2024 йил муаммоси»
Владимир Путиннинг ваколати 2024 йилда якунланади. Амалдаги конституция унга кейинги муддат учун номзодини қўйишга имкон бермайди. Путиннинг вориси ким бўлиши ҳамон номаълум. Унинг ўзи бу ҳақдаги саволларни очиқ қолдиради.

Шу ҳафтада ОАВда унинг президентлик амбициялари ҳақида гапириши одатларга қарши бориш эди. 

Володин ҳақида ҳам ОАВда «президентлик орзусидаги амалдор» экани ёзилади.

Экспертлар фикрича, ўз амбицияларини махфий тутадиган россиялик амалдорлар ва сиёсатчилар Орешкинга шу тариқа «ўз жойини кўрсатиб қўймоқчи» бўлишган.

«Давлат думаси раҳбарияти балки президентга ёқиш учун унинг шарафини ҳимоя қилишгандир», дейди Виноградов.

Учинчи талқин. Манзаранинг ноаниқлиги
Президент маъмуриятининг собиқ ходими, сиёсатшунос Андрей Колядиннинг фикрича, Орешкин билан нима бўлганини аниқ айтиш мушкул.

«Агар биздан ниманидир яширишмаётган бўлишса (қандайдир оммага маълум бўлмаган зиддият), бу ҳолат бўйича уч вариант бор: ёки Дума рейтингини кўтаришмоқчи, ёки Путинга яқин вазирлардан бирига ўз жойини кўрсатиб қўйишмоқчи. Ёки мамлакат бошқарувидаги ўзгаришлар яқинлашиб келгани сари Кремль миноралари ўртасида жанг бошланди», дейди эксперт.

Галямовнинг айтишича, бу можаро Орешкиннинг фаолиятига салбий таъсир кўрсатмайди: «Балки, уни янада яхшироқ ишлаши учун бир силкитиб қўйишгандир. У президент томонидан тайинланган ва ишонч билдирилган вазир, у масъул бўлган соҳадаги вазиятга қарамай унинг дахлсизлиги кафолатланган. Бошқа айбдорни топиш қийин эмас».

«Гиламдаги тўқнашувлар тез-тез рўй бериб туради. Аммо кейинги 20 йилда биринчи марта гиламдан йиқитишга уринишга гувоҳ бўлдим», дея фикр билдиради Колядин.

Орешкин ва Ўзбекистон

Фото: Sputnik

Максим Орешкин Иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон-Россия ҳукуматлараро комиссияси ҳамраиси ҳисобланади. У Ўзбекистонга бугунгача ҳам икки марта келган. Ундан олдинроқ эса, 2017 йилнинг апрелида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевни Москвага давлат ташрифи вақтида Внуково аэропортида айнан Иқтисодий ривожланиш вазири кутиб олганди.

Орешкин 2018 йилнинг августида Тошкентда бўлиб, Молия вазирлигида учрашув ўтказганди. У 2018 йилнинг октябрида ҳам Тошкентга келиб, президент Шавкат Мирзиёев қабулида бўлган ва РФ президентининг бўлажак ташрифига тайёргарлик масалаларини муҳокама қилганди.

У бугунги ташрифи доирасида дастлаб Шавкат Мирзиёев томонидан қабул қилиниб, Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин ҳамда Ҳукумат Раиси Дмитрий Медведевнинг саломи ва энг эзгу тилакларини етказди

У қабул давомида Россия Ўзбекистон билан ўзаро савдо ҳажмини ошириш ва номенклатурасини кенгайтириш, турли соҳаларда истиқболли қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун бундан буён ҳам зарур чоралар кўришга тайёр эканини таъкидлади.

Максим Орешкин 10 мартга қадар Ўзбекистонда бўлади.

Ташриф дастуридан Ўзбекистон—Россия ҳукуматларо комиссия ишчи органлари раҳбарларининг учрашуви ўрин олган. Учрашувда икки давлат вазирлик, муассаса ва компаниялари вакиллари ҳам иштирок этади.

Шунингдек, Максим Орешкин бошчилигидаги делегация Молия ҳамда Иқтисодиёт ва саноат вазирликларида ҳам музокаралар олиб бориши, қўшма лойиҳалар амалга оширилишини муҳокама қилиши кутилмоқда.

Мавзуга оид