Спорт | 20:41 / 13.03.2019
19287
11 дақиқада ўқилади

«Чемпион ҳикоялари»: Федерико Бернардески

Фото: Getty Images

«Ювентус»нинг кечаги ажойиб ғалабаси футбол оламида асосан бир ном - Криштиану Роналду билан боғланди. Португалиялик ҳужумчи Туринга айнан нима учун келганини ҳет-трик билан намойиш этди ва жамоасини кейинги босқичга олиб чиқди. Аммо яна бир футболчи борки, унинг кечаги ҳаракатлари Роналдунинг голлари соясида қолган бўлса-да, ғалабага қўшган ҳиссаси кам эмасди.

Федерико Бернардески Криштианунинг илк голига ассистентлик қилган бўлса, ўйин охирларида айнан ушбу футболчининг рейди пенальти билан якунланди. 2-3 йил олдин Италияда тилларга тушган ва «Ювентус»нинг муҳим бўлагига айлана бошлаган Федериконинг ThePlayersTribune лойиҳасига айтиб берган ҳикоясини эътиборингизга ҳавола қилиш учун айни фурсат ҳозир.

Каррарада оқ ранг сал бошқача кўринади. Мармарлар шаҳри. Кўпчилик шундай деб атайди. Мен ўша ерданман. Бу район чиройли оқ мармарлари бўлган улкан карьерлари билан машҳурдир.

Отам, бу ерда истиқомат қиладиган аксарият одамлар сингари, мармар цехида ишларди. Узоқ йиллар, узоқ соатлар. Ростанам ҳам жуда кўп ишларди, ҳар куни соат бешда кетар ва кечки олтилардан уйга қайтиб келарди. Унинг бу ҳаётда билгани шу, табиийки, оиламизнинг ҳам. 

Болалигимда атрофимизда шу қадар кўп мармарлар бўлардики, ҳатто тушларимга кириб чиқади. Айниқса, олти ёшимдан жуда кўп бор менинг кўз ўнгимда намоён бўлган бир манзара доим таъқиб қилади. Манзара демайин-у, кичик бир лавҳага ўхшатиш ҳам мумкин. Тушларимда ёки бироз вақтга кўзимни юмиб турганимда, айнан ўша лавҳалар кўз олдимдан ўтарди:

«Узун туннел... Аввалига ҳаммаёқ қоронғи, бироз ўтиб эса, қаердандир ёруғлик пайдо бўлади. Бу мармарми ёки туннел охиридаги чироқми, фарқи йўқ, муҳими, айнан ўша ёруғлик мени туннелдан олиб чиқарди. Гўёки мен ўзим истаган жойга айнан ўша ёруғлик орқали чиқиб олаверардим».

Болалигимда бунинг маъносини англамаган бўлсам керак. Чунки, у пайтларда бирор жойга кетишга ҳожат йўқ, ҳаммаси мени қониқтирарди. Ҳаётимни севардим, оилам бор, футбол менга ҳамроҳ эди. Бола учун яна нима керак? Уч ёшимда дадам мени ўйинчоқ сотадиган дўконга олиб борганида, мен у ерга киришим билан футбол тўпини кўриб қолган ва қучоқлаб олиб, бўлди, энди кетайлик, деб туриб олган эканман. Отам бошқа бўлимларни ҳам айлантирмоқчи бўлса, мен бошқа нарса керак эмас, деб туриб олганман.   

Бу – менинг характерим. Йўқ, бу бизнинг характеримиз. Каррарадан бўлсангиз, сиз ҳам худди биз каби қатъиятлисиз. Шунчаки, буни Жижи Буффондан ҳам сўраб кўришингиз мумкин.

Онам уйимизга яқин бўлган бир шифохонада ҳамшира бўлиб ишларди. У жуда қаттиққўл, шу билан бирга меҳрибон эди. У ва отамнинг менга бўлган муносабатида доим мувозанат сақланарди, баъзида отам мендан кўп нарса талаб қилар, жиддий бўлар, бу вақтда онамнинг меҳри ёрдамга келарди. Ёки баъзида аксинча ҳам бўларди.

Отам мендан доим кўпроқ нарса кутар, биласизми, аввалига бу роса жаҳлимни чиқарарди. Лекин улғайгач, ҳаммасини тушундим, у менга ишонарди – шунча ўйинчоқ туриб, тўпни танлаган қатъиятли болакайдан бир нима чиқишини сезганди.

Шаҳримиз жуда кичкина, болалар футбол жамоалари у қадар кўп бўлмаган. Оиламиз бир қарорга келди: саккиз ёшимдан Понцанодаги футбол мактабига қатнай бошладим. Бу мактаб «Эмполи»га қарашли жамоалардан бири бўлиб, уйимиздан етмиш миль узоқда жойлашганди. Ҳар куни ойим мени сал вақтлироқ, соат 3:15ларда, дарс тугашига 45 дақиқа қолганда мактабдан олар ва қўлимга иситилган паста билан бир стакан чой берарди. Бу мен учун энг яхши тушлик эди. Кейин қирқ дақиқалик йўлда Пизага етиб олардик ва яна Эмполига бориш учун ярим соат юришимизга тўғри келарди. Доим машғулотларга зўрға улгурар, автобусдаёқ кийим алмаштириб, бутсаларимни кийиб олишимга тўғри келарди.

Икки соат ўтиб машғулотлар тугайди ва яна худди ўша йўлдан уйга қайтамиз. Соат саккизда уйдан чиқиб кетганча, кечки соат 11ларгача мен ўз каравотимни кўрмайман ҳам. Жуда кўп йиллар, ҳафтанинг тўрт куни худди шу тарзда ўтарди.

Осон эмас. Лекин жуда зарур эди. Кейинроқ, «Фиорентина» билан шартнома имзоладим. Флоренция янада узоқроқ, худди ўша трассада, лекин кўпроқ юришимизга тўғри келарди. Бу йўлларнинг барида менга онам ҳамроҳ бўлган. Айниқса, энг оғир дамда.

16 ёшга тўлиб, катталар жамоасига ўтишимга яқин қолганди. Ўйлайманки, ўшанда жуда яхши ўйнардим. Лекин одатий тиббий текширув натижасида муаммо пайдо бўлди. Бир неча кун ўтиб, врачлар мен билан онамни ўз хоналарига чақиришди.

- «Федерико, кўринишидан, жиддий муаммо бор».

Мен эндигина 16 ёшдаман, отдек соғломман, қандай муаммо бўлиши мумкин?

- «Юрагинг яхши эмас. Бу қанчалик таъсир қилишини аниқ айта олмаймиз, аммо футбол билан шуғулланишда давом этмаслигинг керак».

Нима? Бўлиши мумкинмас. Мен эшитганларимга ишонмасдим. Онам бундай талаб мен учун нима эканини яхши билар, лекин ўзини анча хотиржам тутишга уринарди.

- «Биз яна бир неча ҳафта текширувда давом этишимиз керак. Ҳозирча, камида олти ой футбол ўйнамай турасан», – дейди доктор.

Фаолиятимдаги энг муҳим ва ўтиш даврида бундай вазият юзага келиши жуда ёмон хабар эди. Жуда оғир кун бўлди.

Бир ўзим, 16 ёшда, Флоренцияда яшар ва деярли ҳеч нарса қилмасдим. Ота-онам ҳали ҳам Каррарада ишлашар, имкон туғилган заҳоти мендан хабар олишарди. Ўзингиз тушунасиз, моддий муаммолар ҳам бор. Мен ўзимни турли ишларга чалғитишга уриндим, лекин, қийин бўлди, ҳаётимдаги энг оғир олти ойи ўта бошлади. Саноқсиз тиббий кўриклар, диеталар, дори-дармонлар, шу тариқа мен бу тўсиқни ҳам босиб ўтдим.

Ва негадир ўша онларда болаликдаги юқорида сизга айтиб берган тушни, тасаввуримдаги лавҳани тез-тез хотирлайдиган бўлдим. Қоронғи туннел, у ердаги ёруғлик, мени мақсадим сари етаклаган йўл... Мен бу манзарани йиллар бўйи кўрдим ва ўйлашимча, қачонки ҳаётингизда оғир синовни босиб ўтсангиз, ҳаммасини тушунасиз. Мақсаднинг қадрига етасиз.

Шунинг учун ҳам, 2014 йилда А Серияда дебют қилганимда ҳам, 2016 йилда терма жамоадан чақирув олганимда ҳам, шукр қилишни, ўз ҳолатимни кўпроқ қадрлашни ўйлардим аввало. Албатта, мен ўша манзилга атрофимдагиларнинг ёрдами ва қувватлашлари билан етиб келгандим.

«Фиорентина»даги фаолиятимдаги икки ҳолат алоҳида эътиборга молик деб ҳисоблайман. Биринчиси, Пауло Соуза. Мураббийимиз мендан маслаҳатларини аямасди. У менинг жуда иқтидорли эканимни айтар экан, шу билан бирга, чемпион бўлиш учун бу етарли эмаслигини уқтирарди. Майдонда ва унинг ташқарисидаги ҳар бир ҳаракатинг, меҳнатинг, фақат ғалабага қаратилиши керак, ҳақиқий буюк футболчилар мана шу характер орқали ўз манзилларига етиб борадилар, дерди у. 

Иккинчиси, сардоримиз Дэвиде Астори билан жуда яқин эдик.

Фото: Gabriele Maltinti/Getty Images

Биласизми, у туғилганиданоқ етакчиликни гарданига олган инсонлар тоифасига кирарди. Ҳар куни, ҳар машғулотда у бизни ўз ортидан эргаштирарди. Асосий таркибга энди қўшилган пайтларимда, у билан турли машғулотлар ўтказардим ва ўшанда ҳам у ўз маслаҳатларини аямасди. Сафар чоғларида кўп вақтни мен Дэвиде билан ўтказардим, бирга ўйин ўйнар ёки эски фильмларни томоша қилардик. Асосий таркибда дебют қилганимда ҳам, баъзида ёмон формага тушиб қолиб, захирада ўтириб қолганимда ҳам уни тинглардим.

Қизиғи, ҳар сафар гол урганимда, кечқурун клуб фотографи голни нишонлаётган чоғимдаги суратимни электрон почтамга жўнатарди ва қарангки, ҳар сафар мени табриклагани биринчи бўлиб Астори келаётган бўларди суратда. Ҳақиқий дўст, ҳақиқий сардор.

У 2018 йилнинг мартида вафот этди. У 30 ёшда эди. Атиги 30! Гапларимдан, албатта, у ҳақиқий, кучли эркак эди, тўғри, аммо ким учундир у ҳам бир болакай, кимнингдир дилбанди эди, тўғрими?

Дэвиденинг юраги тўхтаб қолганди. Бу менга кўпроқ таъсир қилади, ўзимда ҳам юрагимда муаммолар бўлганини, ёдга солади, шу билан бирга ҳаммамизда ҳам вақт озлигини, ҳаётда эканимизнинг ўзи ҳам катта омад эканини англатади гўё.

2017 йилда «Ювентус»га ўтаётганимда ҳам Дэвиде ҳақида кўп ўйлагандим – эски голларимни томоша қилиб, ёнимда қўлини тепага кўтариб, майдон марказига қараб югуриб кетаётган сардоримизга панд бераётгандек туюлгандим ўзимга. Кетиш олдидан у билан гаплашдим. Ҳаммасини тушунди. Осон бўлмаса ҳам.

У вафот этгач, ўнг қўлимга, Ева Мария дуоси билан биргаликда Дэвиденинг рақамини ҳам ёздириб олдим. Энди қаерга борсам, у мен билан бирга.

Мен эътиқодли инсонман. Мени доим ўйлантирадиган нарса, ҳаётга нега келганимиз, нима мақсадда яшашимиз кераклиги. Бу ҳаётимиздан яхшироқ ҳаёт борлигига ишонаман ва бир кун ўша манзилга бориш учун ҳаракат қилиш лозимлигини биламан. Қачонки, бу менга насиб этса, мен учрашишни истайдиган илк инсон ҳам айнан Дэвиде Астори бўлади.

Буларнинг ҳаммаси менинг ким эканлигим ва ким бўлмоқчи эканлигимнинг ажралмас бир парчасидир. Ҳозир «Ювентус»да эканимдан фахрланаман. Бу клуб ва Турин шаҳри олдинги жамоаларимга ўхшамайди. Бу ерга боғланган ҳар бир инсон фақат ғалаба ҳақида ўйлай бошлаши ҳақиқат. Мураббийдан тортиб, клуб ошпазигача фақат ғалаба қозонишни истайди. Ғоя шу.  

«Ювентус» либосини эгнимга илишим билан яна ўша туннел ва мармарлар ҳақида ўйлай бошлайман. Қора ва оқ. Ҳаммаси бор. Ўша қоронғу йўл мени жуда узоқларга олиб келди.

Бундан кейин нима бўлишидан қатъи назар, мен ўзимга керакли нарсани олдим.

Федерико Бернардески
ThePlayersTribune